Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Октябр, 2025   |   17 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:28
Пешин
12:15
Аср
16:08
Шом
17:56
Хуфтон
19:07
Bismillah
09 Октябр, 2025, 17 Рабиъус сони, 1447

Сурхондарёда “ОҚ МАСЖИД” номли янги масжид очилди

01.08.2016   6567   2 min.
Сурхондарёда “ОҚ МАСЖИД” номли янги масжид очилди

Яратганга шукрки, бугунги кунда юртимизда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият кўрсатмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, таъмир талаблари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрида қад ростлаган маҳобатли “Минор” жоме масжиди, ҳозирда қурилиш ишлари жадал давом этаётган “Жўрабек” жоме масжиди, ўтган йили қайтадан қурилган “Авайхон”, “Яккасарой”, “Пулемас ота” масжидлари бу каби савобли ишларнинг яққол намунасидир. Бу каби бунёдкорлик ишлари нафақат пойтахтимизда балки юртимизнинг барча вилоятлар миқёсида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йил 29 июль муборак жума кунида, Сурхондарё вилояти Узун тумани “Боботоғ” ҚФЙ “Оқмасжид” маҳалласи “Ойбулоқ” қишлоғи ҳудудида жойлашган “Оқмасжид” номли янги жоме масжид намозхонлар ихтиёрига топширилди. Шу муносабат билан масжиднинг очилиш тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи Абдулҳамид Турсунов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Эргашали Рутамов ва кенг жамоатчилик ҳамда ёши улуғ кексаларимиз иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби хайрли ишлар диний қадриятларга бўлган улкан эътиборнинг натижаси эканини таъкидлашди. Шунингдек, бу борада ояти каримада ҳам қуйидагича таъкидлангани эслатиб ўтилди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). Ушбу ояти каримадан ҳам маълум бўладики, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқоднинг кўринишидир.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагида, бунёдкорлар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишди. Зеро, масжид қуриш, уни обод қилишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти). 

Ҳақиқатан ҳам, масжидларни кўркам қилиш, қулай шароитларни ташкил этиш катта ажр бериладиган амаллардандир. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бандай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. 

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу мустажоб дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жисму жон – раббоний омонат

08.10.2025   944   3 min.
Жисму жон – раббоний омонат

Ислом ақидасига кўра, бутун оламни ва ундаги жамики мавжудот ва махлуқотни йўқдан бор қилиб яратган зот Аллоҳ таолодир. Шу жумладан, инсоннинг жисми ва руҳини ҳам Парвардигор яратган. Гарчи инсонга жузъий ихтиёр берилган бўлса-да, бандалик чегарасидан чиқишга, саломатлигу ҳаётини исроф қилишга унинг ҳаққи йўқ.

Ислом шариатида ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ бўлиб, ақлий ва нақлий далилларга кўра, билиттифоқ, ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» (Бақара сураси, 195-оят), «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади. Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобланади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Жундуб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан олдин ўтган қавм орасида яраланган бир киши бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Оқибатда у кўп қон йўқотиши туфайли ҳалок бўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб (унга берган умримга шукр қилмай), шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Собит Заҳҳокдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки бирор нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оташида ана шу билан азобланади”, деганлар.

Ушбу ҳадис шарҳида Ибн Дақиқ Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу (мазкур ҳадис), охиратдаги азоб-уқубатлар дунёда қилинган жиноятлар билан бир хил эканини англатади”. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадисдан олинадиган хулоса шуки, инсоннинг ўз жонига нисбатан қилган жинояти гуноҳу маъсиятда худди бошқа бир инсонга нисбатан қилган жиноятидек эътиборга олинади. Чунки унинг жони мутлақ ўзининг мулки эмас. Балки у Аллоҳ таолонинг мулкидир. Шунинг учун инсон ўз жони борасида фақат Аллоҳ изн берган тартибда тасарруф қилиш ҳуқуқига эга”.

Бугунги кунда бузғунчи радикал гуруҳларнинг “пешволари” томонидан Исломдаги “шаҳидлик” тушунчасини бузиб талқин қилишмоқда. Улар ўзини-ўзи портлатиш орқали худкушлик содир этишга нисбатан “шаҳидлик” дея фатво бериб, ўзларининг таъсирига тушиб қолган қанчадан-қанча илмсиз ёшларнинг дунёю охирати куйишига, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлишяпти. Бундай ғаразли фатволар на динимиз манбаларига, на соғлом ақлга тўғри келади. Аксинча, Аллоҳ таолонинг ризосига қарши бориш, Раббоний омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади.

Бу ҳаёт ҳар бир инсонга уни сўнгги нафасигача эҳтиёт қилиш шарти билан берилган. Уни фақат Аллоҳ таоло буюрган ва рози бўладиган ишларга сафарбар этиш лозим.

Асрорхон МАҲМУДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

МАҚОЛА