Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки улар муқаддас Ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлиб қолади.
Саҳоба сўзи луғавий жиҳатдан “дўст бўлмоқ”, “бирга юрмоқ” каби маъноларни англатади.
Истилоҳда эса “иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган киши саҳоба дейилади”.
Саҳобаларнинг фазилатлари
Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва улуғликка номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотлар ҳисобланадилар. Қуръони каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ
Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз[1].
Яъни, ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлсада, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади.
Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари шундай баён қилинган:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ » رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд” (544 грамга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”. Термизий ривоят қилган.
Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг сўнгисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу-жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади.
Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб шундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз билингки у кимса зиндиқ (динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам, суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”.
Саҳобаларнинг адади қанча бўлган?
Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, деганлар. Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган.
Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими?
Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар. Бу ҳақида Мулла Али Қорий роҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги қавлни ривоят қилган: “Саховий: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга имон келтирган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланади, чунки Расулуллоҳ алайҳис солату вассаломнинг уларга ҳам пайғамбар этиб юборилганлари қатъий равишда аниқдир”, деган.
Бадриддин Шиблий Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб у зотга иймон келтирган жинларнинг охиргиси юзинчи ҳижрий сана атрофида даврларида вафот этгани ривоят қилинган.
Исломни биринчи бўлиб қабул қилган саҳобалар
Ибн Салоҳ роҳматуллоҳи алайҳнинг таҳқиқларига кўра биринчи бўлиб Исломни қабул қилган саҳоблар деганда қуйидаги зотлар тушунилади:
- Ҳур эркаклардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;
- Балоғатга етмаган ёш болалар ичидан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;
- Аёллардан Хадижа бинту Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамиз;
- Озод қилинган қуллардан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу;
- Қуллардан Билол розияллоҳу анҳу.
Фақиҳлик билан машҳур бўлган саҳобалар
Бир қанча саҳобалар фиқҳий масалалар билимдони сифатида машҳур бўлганлар. Шу маънода қуйидаги зотлардан кўплаб фатволар нақл қилинган:
- Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу;
- Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;
- Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу;
- Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу;
- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу;;
- Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу;
- Оиша розияллоҳу анҳо.
- Энг кўп фатво берган саҳоба
Энг кўп фатво берган саҳоба “Қуръон таржимони” лақабини олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳисобланади. Чунки хулофои рошидинлар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд сингари илмда пешқадам бўлган зотлар саҳобаларнинг кўпчилиги ҳаёт бўлган пайтларда вафот этиб кетганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса саҳобалар камайиб уларнинг илмларига эҳтиёж кучайган вақтларда яшаб ўтган. Шу сабабли бу зотнинг фатволари кўпроқ нақл қилинган.
Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар
Қуйидаги саҳобалар энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳисобланади:
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: 5374 та ҳадис ривоят қилган;
2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: 2630 та ҳадис ривоят қилган;
3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: 2286 та ҳадис ривоят қилган;
4. Оиша розияллоҳу анҳо: 2210 та ҳадис ривоят қилган;
5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: 1660 та ҳадис ривоят қилган;
6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: 1540 та ҳадис ривоят қилган.
“Абодила” (Абдуллоҳ исмли саҳоба)лар
Абдуллоҳ исмли саҳобалар 300 га яқин бўлган. Лекин ҳадис илмида “Абодила”лар деганда асли исмлари Абдуллоҳ бўлган қуйидаги саҳобалар кўзда тутилган бўлади:
1. Абдуллоҳ ибн Умар;
2. Абдуллоҳ ибн Аббос;
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр;
4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ёки Абдуллоҳ ибн Масъуд.
Ушбу зотлар энг охири вафот этган ва кейингилар уларнинг илмларига ниҳоятда муҳтож бўлиб қолган олим саҳобалар ҳисобланади. Шунга кўра бу зотлар бошқалардан “Абодила”лар номи билан ажралиб турган. Агар бу зотлар бир фатвога иттифоқ бўлсалар “бу Абодилаларнинг сўзи” дейилган.
Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар
Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир:
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саъийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади”. Термизий ривоят қилган.
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога шундай деганлар:
أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ
Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингизга рози бўлмайсизми!
Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлар:
أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ
Албатта Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир.
Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади.
Саҳобаларнинг табақалари
Ҳоким Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратганлар:
1. Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси;
2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси.
3. Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар "Ҳабашистон муҳожирлари" деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади;
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;
5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;
6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
7. Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси;
8. Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
9. Ҳудайбия ғазотидаги "Байъатур ризвон" да қатнашган саҳобалар табақаси;
10. Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;
11. Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси;
12. "Фатҳ куни" ва "Ҳажжатул вадоъ"да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.
Саҳобаларнинг энг сўнги вакиллари ва улар вафот этган жойлар
Қуйидаги зотлар ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига сазовор бўлишган ҳамда узоқ умр кўрган саҳобалар саналадилар:
- Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. 110 ҳижрий санада Маккада вафот этган;
- Маҳмуд ибн Робиъ розияллоҳу анҳу. 99 ҳижрий санада Мадинада вафот этган;
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. 93 ҳижрий санада Басрада вафот этган;
- Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. 86 ҳижрий санада Куфада вафот этган;
- Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. 96 ҳижрий санада Шомда вафот этган;
- Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу 86 ҳижрий санада Мисрда вафот этган.
Шу ўринда айтиш мумкинки мазҳаббошимиз Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ушбу саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдийларни ва булардан ташқари Жобир ибн Абдуллоҳ Оиша бинту Ажрад синглари саҳобаларни кўриб улардан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида саҳиҳ қавллар келган.
Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириб у билан бирга яшашдек мислсиз саодатга ёки бир марта бўлса ҳам у зотни кўриб қолишдек тенгсиз бахтга сазовор бўлган барча мўминларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
Аллоҳ таоло барчаларимизни мазкур “йўлчи юлдуз”ларга иқтидо қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.