Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир. Бу борада Абдурауф Фитрат бундай ёзади: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Яхши тарбия инсоннинг бахту иқболи омилидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, кўпинча у шаклланади”.
Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашганида, у зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан ниҳолларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. У ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб яхши ҳосил бермайди. Оқибатда, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда тегади”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:
لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع
«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).
Бошқа ҳадисда бундай келади:
ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن
«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Имом Термизий ривояти).
Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Ота-она тажрибали табибнинг беморга нисбатан қилган муносабати каби бўлишлари керак. Албатта, солиҳ фарзандлар ўз-ўзидан вояга етмайди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди. Болалар тарбиясига бепарво бўлмаслик керак. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, улар ёмон кишиларга аралашиб қолишлари мумкин. Лўнда қилиб айтганда, бола қалби оппоқ (турли ёзув ёзиш мумкин бўлган) қоғозга ўхшайди. Унга имкон қадар яхши ёзувлар тушириш керак. Фарзандларимиз яхши инсонлар бўлиб етишишлари учун улар тарбиясига чин ихлос билан киришиб, бор имкониятларни ишга солишимиз зарур.
Буюк юртдошимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст тутинади».
Муҳтарам Президентимиз нутқларининг бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-ахлоқнинг ўрни катта экани ҳақида тўхталиб, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур” .
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом, бақувват, руҳан ва маънан комил инсон бўлиб улғайишлари учун катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. Бунга муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2005 йил «Оналар ва болалар йили», 2008 йил «Ёшлар йили», 2010 йил «Баркамол авлод йили», 2016 йил эса “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ва бу борада катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиши далилдир.
Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп насиҳатлари бор. Уларда, энг олдин, болаларда шакллантирилиши керак бўлган яхши хислатлар бундай баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тилни (бўҳтон, чақимчилик, ғийбат кабилардан) тийиш, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо.
Шу билан бирга, фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тама қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади.
Руҳан тетик ва ахлоқли фарзанд илоҳий неъматдир. Фарзанди баркамол инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она, уни авваламбор соғлом эътиқод асосида тарбиялаши керак. Зеро, тўғри ва соғлом эътиқод дин асосидир. Ақидаси мустаҳкам шаклланган бола ҳеч қачон адашмайди, тўғри эътиқоддан чалғимайди. Модомики, ақидаси бидъатхурофот ва нотўғри тушунчалардан холи бўлар экан, уни ҳеч ким адаштира олмайди, ўзига қарам қилолмайди. Эътиқод динимиз негизи, ҳаётимиз пойдевори экан, уни тўғри шакллантиришимиз лозим. Демак, ишончи ўзгарган одамнинг ҳаёт тарзи ҳам ўзгарар экан. Энди у ўзи тўғри деб билган, ишонган ана шу ақиданинг чизиқларидан четланмайди. Ҳазрат Мирзо Бедил айтадилар:
Бошидан қийшиқ бўлса пойдевор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор.
Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари бундай деганлар:
Ақида билмаган шайтонга элдир,
Агар минг йил ибодат қилса елдир.
Шу боис динни мустаҳкам эътиқод асосида ўрганиш доимо долзарб масалалардан бўлиб келган. Шу эътибордан ота-оналар фарзанд тарбиясида унинг эътиқодига алоҳида эътибор беришлари зарур. Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввур олиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Шунингдек, Қуръон матнлари қандай сақланиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кутиляпти.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа — Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини шакллантиришда контентларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш бош вазифа сифатида белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказнинг махсус штабида Қуръон зали экспозицияси бўйича якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди. Унда экспозицияни мазмунан бойитиш, ноёб қўлёзмаларни танлаб жойлаштириш, уларни замонавий технологиялар асосида кенг оммага тақдим этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Залда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси тўпланган бўлиб, бу юртимизда Қуръонга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Қўлёзмалар орасида жуда қадимий ва нодир нусхалар ҳам мавжуд. Жумладан:
- “Катта Лангар Қуръони” — бугунги кунда жуда кам сонли нусхалари сақланиб қолган, илк исломий қўлёзмалардан бири;
- Ҳазрати Усмон Қуръони — Қуръоннинг илк нашрларидан бири бўлиб, ислом оламида муқаддас манба сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, бошқа даврларга оид кўплаб араб графикасида ёзилган, безакли, ноёб қўлёзмалар намойиш қилинади. Бу қўлёзмалар тарихий ва диний аҳамиятга эга бўлиб, уларни ўрганиш орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Муҳокамада Қуръон залини ташкил этишда замонавий услубларни қўллаш, яъни нафақат китобларни сақлаш, балки уларни интерактив ва тушунарли шаклда тақдим этиш масалалари муҳим ўрин тутди. Жумладан, қуйидаги технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
интерактив экранлар – ҳар бир қўлёзманинг саҳифаларини яқинлаштириб, ҳарфлари ва безакларини кўриб чиқиш имконияти;
аудиогидлар (овозли йўлбошчилар) – ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек, араб, инглиз тилларида маълумотлар тинглаш имконияти;
виртуал экспозициялар – интернет орқали Қуръон залини масофадан туриб томоша қилиш имконияти;
Замонавий ёритиш ва намойиш техникаси – қўлёзмаларни зарар етказмасдан кўрсатиш имконини беради.
Бу усуллар орқали ташриф буюрувчилар ҳар бир Қуръон нусхасининг тарихи, ёзилган даври, географияси ва санъат даражаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади.
Мазкур зал фақат кўргазма эмас, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳам бўлади. Бу ерда шарқшунослар, тарихчилар, филологлар, ҳаттотлар ва диний олимлар учун бебаҳо манбалар тақдим этилади.
Ҳамидулла Лутфуллаев, Шарқшунослик институти Тарихий манбалар бўлими бошлиғи, олим:
– Қуръони каримнинг дастлабки даврларига оид, айниқса Ҳазрати Усмон даврида ёзилган еттита қўлёзма нусхаси аниқланган. Экспозициядан жой олиши кутилаётган бу манбалар бизга Қуръон матни қандай сақланиб қолганини кўрсатади ва ўрганишимизга замин яратади. Қуръон зали ёш авлод, хорижий меҳмонлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун диний, маданий ва илмий бойликни бир жойда кўриш имконини беради.
Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон мусулмон оламида яна бир бор илм, маънавият ва бағрикенглик маркази сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Қуръон зали эса бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
cisc.uz