Инсон бош мияси энг кам ўрганилган, тананинг жуда муҳим қисмидир. Дунёдаги машҳур тиббиёт олимлари инсон миянинг янги омилларини ўрганиш устида кўплаб тадқиқотлар олиб бормоқдалар.
Маълумки, бош мия марказий асаб тизими органи бўлиб, у бир-бири билан боғлиқ бўлган асаб ҳужайралари ва толаларидан ташкил топади.
Келинг, энди бош миямиз ҳақида қуйидаги қизиқарли маълумотларни келтириб ўтсак:
1. Ҳар сафар бирор нимани эслаб қолганингизда, мияда янги нейрон алоқалари шаклланади.
2. Киши уйғонгач, унинг мияси унча катта бўлмаган лампочка ишлаши учун етарли бўлган энергияни ишлаб чиқаради.
3. Инсон мияси 50 ёшгача шаклланади.
4. Алкогол туфайли мия вақтинчалик эслаб қолиш қобилиятини йўқотади.
5. Инсон туғилганда асаб ҳужайралари улғайган даврига нисбатан анча кўп бўлади.
6. Бош миянинг фақатгина ўнг ёки чап тараф палласи ишлаши ҳақидаги гапларнинг барчаси уйдирма. Аслида, улар ўзаро маълумот алмашган ҳолда ишлашади.
7. Оиладаги шафқатсизлик боланинг миясига жуда қаттиқ салбий таъсир қилади.
10. Шоколад ҳиди тета-ритмни ишлаб чиқаришни фаоллаштиради, бу эса ўз навбатида инсонни тинчлантириб, бўшаштиради.
11. Альберт Эйнштейнни танасини ёриб кўрган патологоанатом унинг миясини ўғирлаб, 20 йил давомида формалинли эритмада сақлаган.
13. Уяли алоқа воситаларида узоқ суҳбатлашиш, бош мияда ўсимта пайдо бўлиши хавфини кучайтиради.
14. Ёш болалар мияси организмдаги глюкозанинг 50 фоизини сарфлайди, шу туфайли болаларга кўп уйқу зарур.
15. Мия танадаги барча кислород ва қоннинг 20 фоизини сарфлайди.
16. Сиз бирон бир янгиликни аниқласангиз, миянинг тузилиши ўзгаради.
18. Меъёрдан кам ухлаш мия фаолиятига яъни реакциялар секинлашувига ва мулоҳаза юритиш ёмонлашувига таъсир қилади.
19. Миянинг ярми жарроҳлик йўли билан хотирага таъсир қилмаган ҳолда олиб ташланиши мумкин.
20. 2015 йилда қуввати бўйича тўртинчи ўринда турувчи суперкомпьютерга инсон миясининг бир сониялик фаоллигини кўрсатиш учун 40 дақиқа вақт керак бўлди.
21. Америкалик ихтирочи Рэймонд Курцвейлнинг фикрига кўра, 2023 йилда шахсий компьютерлар инсон мияси қувватини ҳисоблаш даражасига етади.
22. Инсон мияси 100 миллиард нейронлардан ва триллион ҳужайралардан ташкил топган.
24. Олимларнинг фикрига кўра, диета (парҳез) мия “ўзини ўзи” ейишга олиб келиши мумкин.
25. Унутиш – мия учун фойдали бўлиб, керакмас маълумотларни миядан ўчириб юбориш, мия эгилувчанлигини сақлаб қолади.
Моҳира ЗУФАРОВА
Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.