Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2026   |   23 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:39
Хуфтон
21:09
Bismillah
06 Август, 2026, 23 Сафар, 1448

Қон чиқса таҳорат синадими?

30.07.2024   34182   3 min.
Қон чиқса таҳорат синадими?

Икки йўлдан одатда чиқадиган бавл, ахлат, ел, мазий, вадий, маний ҳамда ноодатий чиқадиган қурт, тош, озгина қон сингари нарсалар таҳоратни бузувчи эканлигида жумҳур уламолар иттифоқ қилишган. Фақатгина Имом Молик роҳимаҳуллоҳ одатдан ташқари ҳолда икки йўлдан чиқадиган қурт, тош, истиҳоза қони ва доимий сийдик томим туриши, ич кетиши, тинмай ел келиб туриши сингари нарсалар таҳоратни бузувчиларга кирмаслигини айтганлар.

Икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарсалар борасида эса мазҳаббошилар ўртасида ҳам ихтилофлар мавжуд.

Ҳанафий мазҳабига кўра икки йўлдан бошқа жойдан чиққан нарса нажосат бўлса ва у тананинг покланиши лозим бўладиган қисмига оқиб ўтса таҳорат бузилади. Буларга қон, йиринг кабилар киради. Бундай нажосатлар таҳоратни бузиши учун оқувчи бўлиши даркор. 

Оқувчи бўлиш шарти жароҳат доирасидан ташқарига оқиб чиқадиган бўлишлигидир.  Кўздан ва жароҳатдан чиққан қон кўз ва жароҳат доирасидан чиқмаса таҳорат бузилмайди.

Мазҳабимизга кўра оқувчи қон таҳоратни бузувчи саналади.  Бошқа мазҳабларда ва айрим тоифаларда эса икки йўлдан бошқа ўриндан чиққан қон таҳоратни бузмаслигини айтишади. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ “кўп қон чиқса таҳоратни бузади”, деганлар. 

Келинг, мазҳабимизни қўллаб қувватловчи далиллардан баъзиларини келтириб ўтайлик:

1) Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

الوضوء من كل دم سائل

яъни, “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат қилиш бор”, деганлар (Дороқутний ривояти, 581).

2) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳорат етти нарсадан қайта қилинади”, деганлар. Оғиз тўла қайт қилишни, оқувчи қонни, қаҳқаҳа отиб кулишни (намозда) ва ухлашни улар жумласидан санаб ўтганлар (Байҳақий ривояти).

3) Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда онамиз айтадилар: “Фотима бинту Абу Ҳубайш Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг росули мен истиҳоза қони кўраман. Ҳеч пок бўлмайман. Намоз ўқишни тарк қилиб турайинми?”, деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ, бу нарса ҳайз эмас, фақатгина томирдан келувчи қондир. Қачон одатда ҳайз кўрадиган кунларинг келса, намоз ўқимай турасан. У кунлар тугаса ўзингдан қонни ювиб ташлаб, (ғусл қилгач) ҳар бир намоз (вақти) учун алоҳида таҳорат оласан ”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васаллам таҳорат қилишни вожиб қилувчи иллатни баён қилиб берганлар. У эса аёлдан чиққан қон томирдан чиқувчи қон эканлигидир. Томирдан чиқувчи деб ифодаланиши икки йўлдан чиқувчи қонни ҳам икки йўлдан бошқа ўриндан чиқувчи қонни ҳам ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳ васаллам Фотима бинту Абу Ҳубайшга ҳар бир намоз учун таҳорат қилишга буюрдилар.

Шу ва шунга ўхшаш далиллар ҳамда ибодат масалаларида эҳтиётини олиш афзаллиги сабабли мазҳаббошиларимиз икки йўлдан бошқа ўриндан чиқувчи қон покланиши лозим бўлган жойга оқиб ўтса таҳоратни бузишлигига ҳукм қилганлар. Бошқа ўринга оқишлиги чиқувчи қон кўплиги маъносидадир. Зеро, укол қилишда шприцга қон тортилса, покланиши лозим бўлган жойга оқмасада таҳорат бузилади. Чунки тортилган қон оқувчи ҳукмига ўтади.

Аъзамжон Саминов,
“Ҳидоя” мадрасаси мударриси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Боғотда "Эрали эшон бобо" масжиди янги биноси очилди (фотолавҳа)

05.08.2026   5238   1 min.
Боғотда

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. 
 

Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.


Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.


Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Боғотда Боғотда Боғотда Боғотда Боғотда
Ўзбекистон янгиликлари