Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жорий йил Ҳаж ибодатини бажариб келган ҳожилар ўзлари яшайдиган ҳудуддаги мўмин-мусулмонлар ҳолидан хабардор бўлиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш, муаммолари бўлса ҳомийлик қилиш, ёшларни илмга қизиқтириш, уларни тўғри йўлга бошлаш тавсия этилган.
Ушбу савобли ташаббус барча имом-хатиб ва ҳожиларимиз томонидан қўллаб-қўвватланиб, ўзлари яшаб турган ҳудуддаги 400 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оила ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Шундай ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида 6 август куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Беруний туманининг бош имом-хатиби А. Тагайев ҳожилар билан ҳамкорликда тумандаги “Хоразм” МФЙдаги кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар билан дилдан суҳбатлашиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашди. Улар бундай меҳр-мурувват ва ҳомийлик тадбирини ташкил қилганлардан мамнун бўлиб, ўзларининг миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов Беруний туманидаги “Дарвеш эшон” ва “Хайрли бобо” жоме масжидларидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, имом-хатиблар билан иш юзасидан суҳбатлашди.
Сафар давомида тумандаги “Маданият саройида” ташкил қилинган “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори астида “Аҳоли орасида ақидапарастликнинг олдини олиш” мавзусидаги тадбирда иштирок этди. Ислом дини инсонни руҳий, жисмоний покланиш йўли билан камолатга етаклаб, мунтазам равишда ижтимоий фаолликка, маърифатли бўлишга даъват этиши, динимизда масалага кўр-кўрона ёндашув, бирёқлама хулосалар кескин қораланиши, жисм ва нафс ҳалол меҳнат туфайли покланиши, ҳалол меҳнат руҳ ва жисмдаги барча иллатлардан қутулишнинг ягона йўли эканлиги ҳақида маъруза қилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД