Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жорий йил Ҳаж ибодатини бажариб келган ҳожилар ўзлари яшайдиган ҳудуддаги мўмин-мусулмонлар ҳолидан хабардор бўлиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш, муаммолари бўлса ҳомийлик қилиш, ёшларни илмга қизиқтириш, уларни тўғри йўлга бошлаш тавсия этилган.
Ушбу савобли ташаббус барча имом-хатиб ва ҳожиларимиз томонидан қўллаб-қўвватланиб, ўзлари яшаб турган ҳудуддаги 400 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оила ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Шундай ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида 6 август куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Беруний туманининг бош имом-хатиби А. Тагайев ҳожилар билан ҳамкорликда тумандаги “Хоразм” МФЙдаги кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар билан дилдан суҳбатлашиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашди. Улар бундай меҳр-мурувват ва ҳомийлик тадбирини ташкил қилганлардан мамнун бўлиб, ўзларининг миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов Беруний туманидаги “Дарвеш эшон” ва “Хайрли бобо” жоме масжидларидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, имом-хатиблар билан иш юзасидан суҳбатлашди.
Сафар давомида тумандаги “Маданият саройида” ташкил қилинган “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори астида “Аҳоли орасида ақидапарастликнинг олдини олиш” мавзусидаги тадбирда иштирок этди. Ислом дини инсонни руҳий, жисмоний покланиш йўли билан камолатга етаклаб, мунтазам равишда ижтимоий фаолликка, маърифатли бўлишга даъват этиши, динимизда масалага кўр-кўрона ёндашув, бирёқлама хулосалар кескин қораланиши, жисм ва нафс ҳалол меҳнат туфайли покланиши, ҳалол меҳнат руҳ ва жисмдаги барча иллатлардан қутулишнинг ягона йўли эканлиги ҳақида маъруза қилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Ибн Баттута (Буюк Британия) халқаро маданиятлараро тадқиқотлар маркази директори Аббос Панаккал Ислом цивилизацияси маркази музейининг пайдо бўлаётган кўргазмасига 14 аср мусулмон илоҳиётчиси, ҳуқуқшуноси ва саёҳатчиси Ибн Батутта меросини қўшишни таклиф қилди.
Аббос Панаккал “Ибн Баттута тилга олган қадимий шаҳарлар: Ўзбекистон шаҳарларининг мероси ва замонавий ўзгаришлари” лойиҳасини Маданий мерос ҳафталигида Ўзбекистон цивилизацияси маркази музейининг “Биринчи уйғониш” зали кўргазмасини шакллантиришга бағишланган форумда тақдим этди, деб ёзади WOSCU матбуот хизмати.
“Ибн Баттута Европадан Хитойга саёҳат қилган, унинг бу саёҳати Африкани ҳам қамраб олган. У Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудларида ҳам бўлди. Шундай қилиб, бу меросни бирлаштирди ва бир қатор ноёб нарсаларни олиб келди. У машҳур олим ва илоҳиётчи эди. Ўзбекистон замини эса муҳаддислар ва етук алломалар юрти эди. Шунинг учун у жуда муҳим одамларни тилга олгани аниқ. Бу ерга келиб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилганини айтди. Ибн Баттута шу ҳудуддаги бошқа олимларни ҳам тилга олган ва кўплаб ҳукмдорларнинг меҳмони бўлган”, – деб таъкидлайди Панаккал.
Ибн Баттута 14 асрда ислом ва ноислом оламининг кўплаб мамлакатларида саёҳат қилган мусулмон илоҳиётчиси, илоҳиёт олими, сайёҳ ва савдогардир, деб ёзади “Даракчи.уз”.
Машҳур сайёҳ ибн Баттута Самарқанд, Урганч ва Бухоро шаҳарларида бўлди. Кейинчалик бу ҳудудларда ҳукмронлик қилган мўғул ҳукмдорлари томонидан қабул қилинди. Чағатой хони Тармаширин қароргоҳига ҳам ташриф буюрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати