Маънавий юксалиш
Ҳар бир ҳожи — маънавият ва эзгулик тарғиботчиси
Жорий йилги ҳаж мавсуми ҳам доимгидек кўтаринки кайфиятда ўтди. Айни дам муқаддас ҳаж зиёратига борувчилар ҳаётида янги давр бошланди. Энди ҳажга бораётган киши қайтиб келгач, жамият ҳаётида муҳим ўрни борлигини ҳис этиб, сафарга ҳозирлик кўради.
Шу йил ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилгани тарихий воқеа бўлди. Бундай қувончдан руҳланган ҳожилар Мино, Арафот ва Муздалифада юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун дуолар қилди. Улар бир овоздан маънавият тарғиботчиси бўлиш ташаббусини илгари сурди. Сўнг ҳожилар Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқди ва “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолият юритишга бел боғлади. Мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш ишлари республикамизнинг барча ҳудудида бирдек бошланди. Дастлаб республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла раислари, фаоллар, имом-хатиблар ва ҳожиларга маҳаллаларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича тушунтиришлар берилди, семинар-тренинглар ташкил этилди.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳар бир ҳудудда ҳожилар ўз маҳалласидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч оилалар, ажрим ёқасида турган фуқароларга бириктирилди.
Ҳозир ҳар бир ҳожи жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ҳисса қўшмоқда. Улар ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат ва намуна кўрсатиб, маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, маҳаллалардаги айрим фуқаролар адашиб, эгри йўлга кириб қолмаслиги чораларини кўрмоқда. Бунинг учун маҳаллаларда ҳожилар ва имом-хатиблар иштирокида тадбирлар ўтказилмоқда. Унда аҳолига аҳил-иноқлик, оилалар тотувлиги, ватанга садоқатнинг асл моҳияти содда, халқчил тилда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда. Бундай тадбирлар ҳожилар маънавият тарғиботчиси бўлишидек эзгу ташаббус нақадар тўғри ва ўз вақтида билдирилганини яна бир карра тасдиқлайди.
Хайрли тадбирлар бошланганига ҳали икки ой ҳам бўлмади. Ана шу қисқа вақтда ҳожилар иштирокида 10 мингдан зиёд маърифий ва хайрия тадбирлари ўтказилди. Улар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 37 мингдан ортиқ аҳоли билан дилдан суҳбат қилинди. Натижада оилавий низоларни бартараф этиш, ажрашиш ёқасидаги инсонларни яраштириш, нотўғри йўлга кириб қолган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби масалалар ижобий ҳал этилди. Қолаверса, ишсиз фуқароларга муносиб иш жойлари топишга кўмаклашилмоқда. Қувонарлиси, шу ишлар доирасида эҳтиёжманд оилаларга 825 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Шунинг ўзиёқ биргина ташаббуснинг кўлами, самараси қанчалик кенг эканини кўрсатади.
Сўз — ҳожилар, яъни маънавият ва эзгулик тарғиботчиларига:
Шарифжон ҳожи ота Дармонов Норин туманидан:
— Биз ҳаж ибодати давомида халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида кўп бора дуо қилдик. Мана, бугун ўзимиз ҳам маънавият, эзгулик тарғиботчиси бўлиб, маҳалламиздаги хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқот қиляпмиз. Учрашувларда бу ёруғ кунларнинг қадрига етиш, Аллоҳ берган чексиз неъматларга шукрона айтиш ҳақида ҳаётий ўгитлар асосида сўз юритмоқдамиз. Мақсад — ёшларимизни ҳаётда қоқилмай, ўз йўлини топиб кетишига оз бўлса-да ёрдам бериш. Зеро, фарзандларимиз бекорчи нарсаларга чалғимай, ўқиб-ўрганиб, оёққа туриб кетар экан, бундан нафақат маҳалламиз, балки бутун юртимиз фойда топади. Ҳадисларда таъкидланганидек, яхшиликка далолат қилган киши уни амалга оширган инсондек савобга эга бўлади. Демак, бугунги учрашувларимиз ҳам айни савобли амалдир.
Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби:
— Ҳожи мақомини олган инсон эзгулик тарғиботчисиман, ўзим яшайдиган кўча, маҳалла ва туманда ёшларга яхшиликда ибрат бўламан, дея мақсад қилиши қандай ажойиб иш! Ислом дини таълимотига кўра, ҳаж амали қабул бўлган инсонлар онадан туғилгандай гуноҳлардан покланади. Ибодат вақтидаги, ватанга қайтгандан кейинги дуолари ҳам ижобат бўлади. Ана шундай табаррук инсонларнинг сўзини барча жон-дили билан тинглайди, насиҳатларига оғишмай амал қилади.
Бугун пойтахтимизнинг барча маҳаллаларига Тошкент шаҳридан ҳаж ибодатини адо этиб қайтган фуқароларимиз билан кириб бориб, уларнинг ҳол-аҳволини ўрганяпмиз, муаммоларига ечим топиш чораларини кўряпмиз.
“Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз” деган улуғвор шиор бежиз ўртага қўйилмади. Ҳақиқатан, хайрли ишларда бирлашсак, ҳамжиҳат бўлсак, ҳар қандай маррага етамиз, иншааллоҳ.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Сардор ТОЛЛИБОЕВ тайёрлади.
#gazeta
“Эй инсонлар! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар ҳамда У Зот Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан, яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларни қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир!” (Ҳадид сураси, 7-оят).
Халифа деб таржима қилинган сўз Қуръонда “мустахлафийна” деб келади. Бу сўз луғатда ўзини ўрнига бирор кишини ўринбосар қилмоқ маъносида – эгасини ўрнига бир ишни бажарадиган кишига ишлатилади. Масалан: Мол-мулк, сиз унда мустахлафсиз, яъни у сизни қўлингизда омонат, ҳақиқий эгаси сиз эмассиз, омонатдор қўлсиз холос! Уни сизга Аллоҳ кўрсатган ўринга ишлатишингиз учунгина берилган!
Бир тўда туяси бор аъробийдан сўрашди, бу туялар кимники? Аъробий гўзал жавоб берди: Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Мени қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Яъни, бу Аллоҳники! Мен уни тасарруф қилишга масъулман холос.
“Мустахлаф” сўзини яна ҳам кенгроқ тушунсак, мол-мулкда сиз мустахлафсиз. Сиҳат-саломатлик! Сиз унда мустахлафсиз! Уни ўзини ўрнида ишлатишингиз лозим бўлади. Жамиятда ҳар бир кишини ўз вазифаси, ўрни бор. Сизни ҳам ўз ўрнингиз, вазифангиз бор. Ночорга ёрдам бериш, кучсизни ҳимоя қилиш ҳам жамият аъзоларини вазифаларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ сизга илм берган. Сиз унда мустахлафсиз! Ўзини ўрнида ишлатишга, яхши-ёмонни эслатишга, ҳалол-ҳаромни билдиришга масъулсиз! Аллоҳни олдида жавобгарсиз!
Аллоҳ айтади: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман” (Бақара сураси, 30-оят).
Инсон-Аллоҳ уни қўлига мол-мулк бериб, уни омонатдор қўл қилган Аллоҳни ердаги халифаси. Мол-мулк бизники эмас. Аслида бизники бўлмаган нарса қандоқ қилиб бизники бўлсин. Яъни, мени қўлимдаги мулк меники эмас, уни қўлидаги мулк уники эмас, сизни қўлингиздаги мулк ҳам сизники эмас. Биз уни ҳақиқий эгаси эмасмиз. Биз тановул қилсак тугатамиз, кийсак эскиртамиз ва аммо, садақа қилганимизнигина ўзимизга олиб қоламиз!
Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир қўйни ҳаммасини тарқатдим фақатгина қўли қолди холос деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: Йўқ ундай эмас, қўлидан бошқа ҳаммасини олиб қолибсан, дедилар. Яъни, садақа қилганинг охиратга захира бўлиб ўзингда қолади. Олиб қолганинг тугаб тамом бўлади.
Эй биродарим! "Мустахлаф" сўзи жуда кенг маънода тушунилади. Масалан сени мошинанг бор, сен унда мустахлафсан.
Ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларни ҳожатларига уни ишлатсанг уни ҳаққини адо этган бўласан. Гуноҳ, кўнгилхуши учун ёки шунчаки айланиб келиш учун эмас, ҳақиқатда шунга эҳтиёжи бор, чорасиз турган одамга ёрдам беришга масъулсан! Инсон унга берилган ҳар бир насибада, иқтидорда, илмда, ҳунарда, шижоатда, куч-қувватда, ғайратда барча барчасида мустахлафдир. Мол-мулк неъмат ҳисобланмайди. Уни қай ўринга ишлатилишига қараб туради.
Агар Аллоҳ рози бўладиган-тоатга, муҳтож-у ночорларга хайр-саховатга, ўзи масъул бўлганларни нафақаларига ишлатилсагина неъмат ҳисобланади. Ундай бўлмаса-гуноҳу маъсиятга, кайфу-сафога, фойдасиз ўринларга ишлатилса-бало бўлади, офат бўлади!
Муҳаммад Ротиб Нобулусий суҳбатларидан
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам ЮСУПОВ таржимаси.