Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Бахрамаддин домла Разов ҳожилар ва имом-хатиблар билан бирга “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остидаги фаолиятни давом этиш мақсадида ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида Элликқалъа туманида хизмат сафарида бўлди.
Туман бош имоми Исмоил Атажанов ва ҳожилар билан “Ибн Сино” маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож ва диний оқим таъсиридаги оилаларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Улар билан билан мўминга ҳос фазилат ва фарзанд тарбияси мавзусида суҳбатлашиш баробарида ҳомийлар кўмагида мактаб сумкаси, дафтар, қалам ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилмоқда.
Сўнг соҳа мутасаддилари тумандаги “Абдуллоҳ Норинжоний” масжидида бўлиб, ободонлаштириш ва қурилиш ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, бу ердаги шароитлар, намозхонлар учун янги ташкил қилинган кутубхона билан танишди.
Сафар давомида Бахрамаддин домла Элликқалъа туманидаги “Саноат саройи”да “Аҳоли орасида ақидапарастликнинг олдини олиш” шиори остида ташкил қилинган “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусидаги тадбирда иштирок этди.
Суҳбат асносида қози домла ислом – тинчлик дини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириб маъруза қилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармаси вакиллари, Нукус давлат педагогик институти профессорлари, Элликқалъа тумани аҳолиси, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, отинойилар иштирок этди.
Сафар якунида қози домла тумандаги имом-хатиб ва имом-ноиблар билан учрашиб, соҳага тегишли топшириқлар берди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Савол: Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган пайтда, кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолишди. Шунга динимизда нима дейилган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақида Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилганлар: "Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади:
1. Улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин;
2. Улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун, дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишларини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз бўлади. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди. Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам, улар эгасининг мулки ҳисобланади.
Шунга кўра, бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун, уларни сотиб, пулини қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш, уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейишлари ёки фойдаланишлари учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса, ёки нияти маълум бўлмаса, ёки ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб ейиш ёки фойдаланиш жоиз бўлади холос.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун, уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз ҳисобланади. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсани бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар ("Аҳкомул-жаноиз"). Аммо шундай бўлсада, қабристонларга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрларни ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.