Ҳикмат – мўминнинг йўқотгани
Солиҳлар хато қилмайди деб ўйлайсизми? Улар ҳам хато қилишади. Аммо бошқалар каби айбларини овоза қилиб жар солишмайди. Балки истиғфор айтиб, хатоларига бошқа қайтмасликка, унинг ортидан яхшиликларни кўпайтиришга интилишади. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Умматимнинг барчаси – офиятда (омонликда), фақат гуноҳларини ошкор қилувчилар бундан мустасно” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Самолётда, уни бошқараётган учувчини танимасангиз-да, хотиржам бўласиз. Кемада эса, капитанни танимасангиз-да, хотиржамсиз. Лекин ҳаётингизни Аллоҳ бошқараётганини билсангиз-да, нега хотиржам бўлмайсиз?”
* * *
Йўқотаман деб ўйламаган нарсангизни Аллоҳ олиб қўйса, билингки, яқинда топаман деб ўйламаган нарсангизни беради.
* * *
Аллоҳга, сизга нимадир бериши учун эмас, балки рози бўлиши учун ибодат қилинг! Агар У рози бўлса, берадиган нарсалари билан сизни лол қолдиради.
* * *
Агар золим кимса мазлумга Аллоҳ қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини билганида, мазлумга зулмини ҳам қизғонган бўлар эди.
* * *
Ўзингиз ёмон кўрган кимсадан йироқ бўлинг, ёлғондан хушмуомалалик қилманг. Хижолат бўлиб, ҳар айтганига мувофиқ бўлманг. Аллоҳ таоло бу жонни азоблашингиз учун бермаган.
* * *
Ақлли ва фикрли инсонлар динни диннинг ўзидан олишади, диндорлардан эмас.
* * *
Ичингиздан соф, тоза ниятли бўлсангиз, Аллоҳ таоло ўзингиз билмаган тарафдан нур бериб қўяди; ўзингиз билмаган ҳолда инсонларни сизга муҳаббатли қилиб қўяди; сўраган нарсаларингиз ўйламаган тарафингиздан кела бошлайди.
Пок ният соҳиби мустасноларсиз барчага яхшиликни истайдиган кишидир. Унутманг, ўзгаларнинг бахтли бўлиши сизнинг бахтингизни тортиб олмайди, бой бўлиши сизни фақир қилиб қўймайди, сиҳат-саломатлиги касалингизни зиёда қилмайди.
Фақат пок ният соҳиби бўлинг, қалбингиз соф-тоза бўлсин!
Шайх Мутаваллий ШАЪРОВИЙ раҳимаҳуллоҳ
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД