Маънавий юксалиш
Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Не бахтки, бундай эзгу ниятга янги Ўзбекистонимизда ҳеч бир қийинчилик ва тўсиқларсиз эришилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови ва ташаббуси билан ҳаж ва умра амалларини бекаму кўст адо этиш учун барча имкониятлар ва қулай шароитлар яратилмоқда. Йил сайин ҳаж квотаси оширилиб, сўнгги етти йилда 60 мингдан ошиқ юртдошимиз муборак ибодатни адо этиб қайтгани фикримиз тасдиғидир. Жорий йилги ҳаж мавсумида ҳам ўн беш мингдан зиёд ҳамюртимиз ҳожилик мақомига эришди.
Шу ўринда ўтмишни бир эслайлик. Қанчадан-қанча аждодларимиз бу муборак ибодат орзусида дунёдан ўтди. Шукрлар бўлсинки, аждодларимиз орзу қилган кунлар бизларга насиб қилди. Юртмизда Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган оқилона сиёсат ўз самарасини бермоқда. Диний-маърифий соҳага кўрсатилаётган эътибор сабаб бу йилги ҳаж мавсуми ҳам ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда амалга оширилди.
Эътиборлиси, “Ҳаж – 2024” мавсуми ҳожиларимиз учун эсда қоларли даражада якунига етди. Айниқса, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада юртимиз мўмин-мусулмонлари учун яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмонларнинг ҳаваси келгани бор гап. Меҳмонхоналар, Мино, Арафот водийларидаги шароит ва имкониятлар, тиббий ва транспорт хизматлари барчага манзур бўлди. Мамлакатимиз етакчисининг муфтий, шайх Нуриддин Ҳолиқназар ҳазратлари билан телефон орқали суҳбати ҳожиларимизни янада руҳлантирди. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик ҳожиларни маънавият тарғиботчиси бўлишдек эзгу ишга руҳлантирди.
Бундан бир муддат аввал Президентимиз: “Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олайлик. Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак”, дея таъкидлаган эди. Ушбу сўзлар диний соҳа вакиллари ва ҳожилар фаолиятига асос қилинди. Ҳозир маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш учун қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу ўринда ҳожиларимиз “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз!” шиори остида ташаббус кўрсатиб, ўз маҳаллаларида барчага ўрнак бўлмоқда. Бу фаолиятни тўғри ташкил этиши учун “Янги Ўзбекистон фидойиси” номли илмий-услубий қўлланма яратилди.
Хусусан, шу кунларда ҳудудлардаги имом-хатиб ва имом ноиблар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда маҳалла раиси ва ҳожилар иштирокида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, кам таъминланган оилалар ҳузурида бўлиб, ёшларни ёт оқимлар таъсиридан асраш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашга қизиқтириш, ота-онаси ва оиласини ҳурмат қилишга ундаш юзасидан тушунтириш ишларини олиб боришаяпти.
Бундан ташқари, ҳожиларнинг ҳар бири ҳудудлардаги кам-таъминланган, якка-ёлғиз ва ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган, шахсларга бириктирилган эди. 2024 йил 26 август кунига қадар ҳожиларимиз томонидан эҳтиёжмандларга қиймати 163 миллион сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилинди. Ўндан ошиқ фуқаро иш билан таъминланди. 19 нафар юртдошимизнинг уй-жойи таъмирланди. 421 нафар фуқаронинг оилавий ажрим, ўзаро низо ва жиноят содир этилишининг олдини олиш билан боғлиқ ижтимоий масалалари ижобий ечимини топди.
Шунингдек, мингдан ошиқ ҳожиларимиз ҳудудларда фаолият олиб бораётган тарғибот гуруҳлари билан биргаликда тадбирларда қатнашиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар орасида профилактик суҳбатлар ўтказди, уларни тўғри йўлга ўтишига сабабчи бўлишди.
Бундай саъй-ҳаракатларимизнинг бесамар кетмаётгани қалбимизга ёруғлик ва ҳузур бағишлаши баробарида кўнгли ўксик, эҳтиёжмандларга ҳам қувонч келтирмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари белгилаб берган тамойилнинг нақадар тўғри эканини, таклиф этилган ташаббуслар замирида узоқни кўзлаган эзгу мақсад ётганини кўрсатди.
Дарвоқе, бугун халқимиз эркин ва озод ҳаётга эришганининг 33 йиллигини катта тантана билан нишонлаётган бир пайтда маҳаллаларда тичлик-осойишталик, ободлик, маънавий юксалиш сари олиб борилаётган бундай тарғибот ва ташвиқотлар мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаб, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида бирдам бўлишга ундайди.
Бугун мана шундай шукуҳли дамларда истиқлолимиз абадийлигини, муваффақиятларимиз бардавомлигини Яратгандан сўраб, хайрли амалларимиз билан юрт равнақига ҳисса қўшишимизда Аллоҳ таоло барчамизга мададкор бўлсин, деб қоламиз.
Мусохон АББАСИТДИНОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби
Сўз – ҳожилар, яъни маънавият ва эзгулик тарғиботчиларига:
Абдулмажид ҳожи ТЎРАЕВ,
Наманган шаҳри.
— Биз жуда бахтиёр ҳожилардан бўлдик. Чунки давлатимиз раҳбари телефон орқали муборак ҳаж ибодати учун яратилган шароитлар, соғлик-саломатлигимиз ҳақида сўраганлари бизларни чексиз мамнун этди. Арафот водийсида Президентимизнинг Қурбон ҳайити табригини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқаназар ўқиб эшиттирди. Шу муқаддас жойда юрагимга бир мақсадни тугдим: Президентим ҳожиларга шунчалик эътибор қаратибдиларми, демак мен ҳам шунга жавобан ҳеч бўлмаса маҳалламдаги ёшлар тарбиясига масъул бўлиб, маҳаллдошларим тинчлигига ўз ҳиссамни қўшаман.
Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда ҳар душанба куни имом-домлалармиз билан маҳаллада ёшларга ўз мисолимда бу юртда меҳнат қилган одам хор бўлмаслигини тушунтиряпман.
Шерқўзи ҳожи ИСАҚОВ,
Мингбулоқ тумани.
— Бу йилги ҳаж сафари ҳаётимни тубдан ўзгартирди. Ўша жойларда юртимиз ҳаққига, унинг тараққиёти ва тинчлик-осойишталигини сўраб дуолар қилдим. Илоҳим, бундай шароитларни яратиб бериш ташаббускори бўлган Президентимизни Аллоҳ ҳамиша қўллаб-қувватласин.
Дунёда ўз ўрнимизга эга бўлишни истасак, буюк тарихимиз билан бир қаторда маърифатпарвар жадид боболаримиз қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиб, уларнинг ўгитларига амал қилишимиз, Ватан тараққиёти учун куйиб-пишадиган янги авлодни тарбиялашда ҳар бир ҳожи ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғимиз лозим. Бу – бизнинг шарафли бурчимиз.
Шу боис, биз ҳожилар янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маҳалламиздаги ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, илм ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, оилаларда, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш ишларида имом-домлалар билан биргаликда тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз.
Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:
Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Машҳур ишбилармон билан бўлган суҳбатда ундан ҳаётидаги эсда қоларли воқеа ҳақида сўрашди. У бундай ҳикоя қилиб берди:
«Бир куни ўзимда иккиланиш, тараддудни ҳис қилиб, очиқ ҳавода сайр қилдим. Эшиги очиқ турган бир масжид ёнидан ўтарканман, ўзимга-ўзим: “Кириб икки ракат намоз ўқий”, дея масжидга бурилдим. Унда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтарганча ёлвориб дуо қилаётган экан. Билдимки, бирор муаммоси бор. У дуо қилиб бўлгач, секин олдига бордим:
– Бирор муаммо борми?
– Бўйнимда қарзим бор, – деди у. – Шу мени безовта қиляпти.
– Қанча?
– Тўрт минг.
Сахийлигим тутди. Чўнтагимдан пул чиқариб, унга тўрт минг бердим. У жуда хурсанд бўлиб кетди ва менга раҳмат айтиб, ҳаққимга дуо қилди. Мен ташриф қоғозимни бериб: “Бирор эҳтиёжингиз бўлса қўнғироқ қилинг ёки ишхонамга келинг”, дедим. Бу таклифдан янада хурсанд бўлади, деб ўйлагандим. Бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! У айтдики: “Йўқ, биродар! Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса, икки ракат намоз ўқиб, қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво қилади. Худди ҳозир сизни бу ерга бошлаб келиб, восита қилганидек!..”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадис ёдимга келди: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушларга ризқ бериб қўйганидек ризқингизни етказади. Улар тонгда ҳеч вақосиз чиқиб кетиб, кеч бўлганда қоринларини тўйғазиб қайтгани каби”.
Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрорлаб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят)».
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Метин қоялар" асаридан.