Бобо-бувим ҳаётлигида қишлоғимиздан кўпчилик турли масалалар юзасидан бизникига маслаҳат сўраб келиши ҳануз эсимда. Айниқса, қиз чиқармоқчи, ўғил уйлантирмоқчи бўлганларнинг аксари улардан бемаслаҳат иш қилмасди. Қариндошларнинг бирор маърака-тўйи уларсиз ўтмасди. Чунки улар бош бўлган бирор оилада гап қочмаган.
Бир куни бир ҳамқишлоғимиз қизини чиқармоқчи бўлиб маслаҳатга келди. Кимга қуда бўлаётгани айтганида, бобом уларни унча хушламади. Бувим бир сўз билан “бўлмайди” деди. Меҳмон уларнинг ўзига тўқ ва бошқа сифатларини мақтай кетди. Шундан сўнг улар “Ўзингиз биласиз, бизга маъқул эмас”, дейишди. Лекин тез орада тўй бўлиб ўтди.
Бобо-бувимнинг ҳаёт тажрибаси ўз сўзини айтди. Кўп ўтмай, ёш оила бузилди. Қуда томон “қиз тенгимиз эмас экан”, деб уйига қайтариб юборди. “Қари билганни пари билмас” деган нақл бежиз айтилмаган...
Бугун ҳам никоҳ тўйларимиз дуогўй, ёши улуғ отахону онахонлар билан бамаслаҳат қилинса, балки ажримлар камаярмиди?!.
* * *
Болалик чоғида бобо-бувиларимизнинг ўзига хос тарбия услуби бутун умр ёдда қоларкан. Кунларнинг бирида уч ака-ука қўшни болалар билан жанжаллашиб қолдик. Улар икки киши бўлгани учун енгилди. Биз ғолиб бўлдик. Бу ишимиз бобомнинг қулоғига етгач дакки эшитдик. “Сенлар уч киши бўлиб, икки кишини урасанлар” дея адолат тушунчасидан сабоқ берганди. Бобом биз ёлғон гапирсак ёки бирор ножўя иш қилсак, бир-икки оғиз сўз билан эсдан чиқмас тарбия бериб қўярди.
Бувим кўп халқона шеъру қўшиқлар ўргатса, бобом турли калималарни ўргатарди. Кейин ақлимни таниб билдимки, бобом бизга бу калималарни бежиз ўргатмаган экан. Чунки улар иймон калималари бўлиб, кишини икки дунё саодатига бошловчи йўл экан.
Хўш, бугун биз ота бўлиб, фарзандларимизга нимани ўргатяпмиз, қандай тарбия беряпмиз?.
Мўмин ҚОБИЛ
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.