Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Мен қўлимда доим тасбеҳ айтаман. Лекин “Ибодати Исломия” китобининг 108-бетида қўлда тасбеҳ айтиш макруҳ амал дейилганини ўқиб қолдим. Шу гапни кенгроқ тушунтириб берсангиз? Айтиб юрадиган тасбиҳларимизни қўлда санашимиз мумкин эмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз мазкур китобнинг намознинг макруҳлари бобидаги оят ва тасбеҳларни бармоқ билан санаш ҳақидаги гапни айтяпсиз. Бу макруҳлик сиз тушунгандек намоздан кейин ёки бошқа вақтларда ҳам қўлда тасбиҳ айтиш эмас, балки намоз ўқиётганда, яъни “Аллоҳу акбар” деб намозни бошлаб, салом бергунча бўлган жараёнда ўқиётган оят ёки руку, сажда тасбиҳларини бармоқ билан санаш макруҳдир. Масалан, намоздан кейин 33 мартадан айтиладиган зикрларни қўл ёки тасбиҳлар ёрдамида санаш асло макруҳ бўлмайди.
“Ҳатто нафл намоз бўлса ҳам, намоз ичида оят, сура ва тасбиҳларни қўлда санаш танзиҳий макруҳдир. Лекин намоз ташқарисида бундай қилиш макруҳ эмас” (“Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати