Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.
“Ё Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?!” дедим.
“Шундай. Мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман”, дедилар.
“Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?” дедим.
“Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади”, дедилар у зот” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликни бошқаларга нисбатан икки ҳисса оғир кечирган эканлар. Шундай ҳолатда ҳам сабр қилишни, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш кераклигини бизларга таълим бериб, бемор ҳолатда ҳам биз умматлар учун муборак ҳадисларини ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат бемор вақтларида, балки ҳаётларининг ҳар бир даврини сабр билан ўтказардилар.
Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунчалик азиятларга сабр қилардилар, душманларнинг адабини бериб қўйсалар бўларди-ку? (Буни икки кишидан бири ўқийди).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу азиятларга жавоб бермасликлари ва сабр қилишлари у зотнинг заиф бўлганлари ёки улардан қўрққанлари ёки улар билан тортишишдан ҳайиққанлари учун эмас, балки уларга раҳм қилганлари, кечиримлари уларга таъсир қилиб, Ҳақ йўлдан юришларини умид қилганлари сабабидан эди.
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг хос сифатлари қайси деб сўрасангиз, албатта, бу раҳмат сифатидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан мана шу сифат ила мақтаган: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят),
“Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен лаънатловчи бўлиб эмас, раҳмат бўлиб юборилдим”, деганлар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.
Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.
Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.