Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳа, айнан 21 кун... Ишонмайсизми? Келинг, синаб кўрамиз. Бунинг учун ўзингизга энг осон ва қулай бўлган бирор ибодат турини танланг. Масалан, зикр қилиш, нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ёки эҳсон-садақа қилиш.
Қандай ибодат турини танлашингиз муҳим эмас. Энг муҳими – ўзингиз танлаган солиҳ амални 21 кун давомида қолдирмай бажаришингиздир. Ҳар куни мунтазам равишда бажаришни унутманг! Агар унутиб қўйишингиз хавфи бўлса, телефонингизга эслатма ўрнатиб олинг. Бордию, уйингизга бирор вараққа ёзиб, ҳар кунлик бажарганингизни белгилаб борсангиз жуда яхши бўлади.
Агар сиз 21 кун давомида ўзингиз танлаган ибодатни қолдирмай бажаришга муваффақ бўлган бўлсангиз сизни табриклаймиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг севимлиси оз бўлса-да, бардавом бўлаганидир”, деган ҳадисларига амал қилдингиз. Аллоҳ таоло яхши кўрган амални бажариб, Аллоҳга маҳбуб бандалардан бўлдингиз.
Нега айнан 21 кун? Илмий тадқиқотларга кўра, инсоннинг айнан 21 кун давомида бажарган амали одатга айланар экан. Икки дунёда ҳам бандага фойда ва яхшиликлар олиб келадиган амалларнинг одатга айланиши қандай ҳам яхши. Энг муҳими бу одатлар – Роббул аъламийннинг муҳаббатига сабаб бўлса...
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилади: “Бандам нафл амаллар билан ҳам Менга яқинлашишда давом этса, Мен уни яхши кўриб қоламан. Уни яхши кўргач эса, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан бирор нарса сўраса, тилагини бераман, Мендан паноҳ сўраса, уни паноҳимга оламан. Ҳеч бир ишда мўмин бандамнинг жонини олишдагидек тараддуд қилган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига олиб борадиган солиҳ амалларда бардавом қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.