Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётига қарашли масжидларда хизмат қилиб келаётган имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида “Йил имоми –2024” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда қозиёт қозиси Б.Разов, қозиёт ходимлари, Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний мадрасаси ходимлари, барча масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарафидан ҳар йили ташкиллаштириладиган “Йил имоми” кўрик-танловида ижодий изланишлари, халқимизнинг турмуш ободонлиги ва Ислом дини ривожига ҳисса қўшган, шунингдек, имом-хатибларнинг диний ва дунёвий билимлари, ўз ҳудудида олиб бораётган тарғибот ишлари, ахборот воситаларида чиқишлари бўйича фаоллик кўрсатган, танловнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган имом-хатиб ва имом-ноиблар беллашди.
Якуний натижаларга кўра, Қўнғирот тумани “Мўлла Исхоқ” жоме масжиди имом-хатиби Алтинбек Зинуллаев кўрик-танловнинг иккинчи босқичи ғолиби бўлди. У Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тарафидан диплом ва эсдалик совғалари билан тағдирланди ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичига йўлланма олди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов