Юртимизда ҳар бир соҳага қарамайлик ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланишлар бўлаётганини кузатишимиз мумкин.
Шу жумладан диний соҳада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида ўзгаришлар, ривожланишлар бўлмоқда. Йилдан йилга масжидларда фаолият кўрсатаётган диний соха ходимларининг илмий салохиятларини ошириш, билим даражаси ва касбий махоратлари оширишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳаммаларимизга маълумки, имомлик бу – шарафли ва масъулиятли, шу билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак касбларидир. Шу боис имом ҳар доим маърифатли, ўз устида тинимсиз ишлаши, соҳага доир янгиликлардан доимо хабардор бўлиши керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йилиги имомлар ўртасида “Йил имоми” кўрик-танловини ўтказилиши ҳам, имомларнинг касбий маҳорат ва илмий савиясини доимий равишда ошириб боришига хизмат қилиб келмоқда.
Бу эса ўз-ўзидан имом-хатибларнинг ўз устида кўпроқ ишлашлари, билимларини доимий равишда бойитиб боришлари, халққа маърифий Исломни етказишда астойдил хизмат қилишларига ўзига яраша рағбат бўлмоқда.
Шу боисдан, жорий йилги “Йил имоми-2024” кўрик танловининг Андижон вилояти босқичи 2024 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида кўтаринки руҳда ташкил қилинди.
“Йил имоми-2024” кўрик танловининг Андижон вилояти босқичида вилоятнинг шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар имом-хатиблар қатнашдилар.
Тадбир Қуръони Карим тиловати ила бошланиб, Вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида тадбирни файзли ва сермазмун ўтишлигини Аллоҳ таолодан сўраб, дуои-хайрлар қилинди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом–2024» танловининг Андижон вилояти босқичи ғолиби деб қуйдагилар топилди:
I ўрин: Олтинкўл тумани “Олтинкўл” жоме масжиди имом-хатиби;
II ўрин: Андижон шаҳар “Шахидтепа” жоме масжиди имом-хатиби;
III ўрин: Шаҳрихон тумани “Назармахрам” жоме масжиди имом-хатиби;
Тадбир сўнгида ғолиблар ва иштирокчилар ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Йил имоми–2024” кўрик-танлови Андижон вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган Муҳаммад Амин домла Қобилжонов танловнинг Республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлди.
ЎМИ Андижон вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Cавол: Эҳромдаги инсон хушбўй салфетка, совун ёки шампун ишлатиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Хушбўй салфетка, совун ёки шампун каби воситаларни эҳромдаги киши ишлатиши макруҳ амал саналади. Лекин ушбу воситаларни ишлатиш билан қўй сўйиш вожиб бўладими ёки садақами деган масалада замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари турлича жавоб берганлар.
Ушбу масала юзасидан мазҳабимиз манбаларига таяниб айтамизки, хушбўй салфетка, совун ва шампун кабилар тозалик воситалари саналади ва ундан аксар ҳолда хушбўйланиш учун фойдаланилмайди. Бунга ўхшаш масалани қадимги фуқаҳоларимиз қуйидагича баён қилишган: “Эҳромдаги киши хушбўйлиги бор ушнон (кирни кеткизиш воситаси, ишқор) билан қўлини ювса, уни кўрганлар: “Бу ушнон”, десалар, садақа, агар “Бу хушбўйлик”, десалар, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Муҳитул-Бурҳоний” китоби).
Демак, ишлатилаётган хушбўй нарсани кўпчилик одамлар нима деб қабул қилишига қараб ҳукми таъйин топади. Бугунги кунимизда хушбўй салфетка, совун ёки шампунни ҳеч ким асл хушбўйлик, деб ҳисобламайди.
Қолаверса, хушбўй салфетка, совун ва шампун каби воситалар айни хушбўйлик воситаси эмас, балки унга хушбўйлик қўшилган тозалик воситаларидир. Бундай воситаларда тозаловчи моддалар миқдори кўп, хушбўйлик миқдори оз бўлса, унга хушбўйлик ҳукми берилмайди.
Шу билан бирга совун саноатидан маълумки, уни 100 даража иссиқликда пиширилади. Фуқаҳоларимиз хушбўйлик аралашган нарсалар пиширилиши (қайнатилиши) натижасида, гарчи ундан хушбўй ҳид келиб турган бўлса ҳам, хушбўйлик ҳукмидан чиқишини айтганлар. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
“Агар хушбўйлик таомга қўшиб пиширилса ва ўзгарса эҳромдаги киши уни истеъмол қилишининг зарари йўқ. Бунда унинг хушбўй ҳид бор ёки йўқлигининг фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда хушбўйлик пишириш (қайнатиш) натижасида таомда йўқолиб кетади. Агар пиширилмаган бўлса ва хушбўй ҳиди келиб турса, эҳромдаги киши уни истеъмол қилиши макруҳдир. Лекин унинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Чунки бунда таом ғолиб келган, хушбўйлик моддаси эса аралашиб, йўқолиб кетган бўлади” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтганда салфетка, совун ёки шампун каби воситаларнинг хушбўй ҳиди бўлса, уни ишлатган эҳромдаги киши бир соъ (2 кг) буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади. Аммо булар билан тўлиқ бир аъзо уч ва ундан кўп ўрин (макон)ларда ювилса, жонлиқ сўйиш лозимдир. Агар ушбу воситаларда ҳеч қандай хушбўй ҳид бўлмаса, жонлиқ ҳам, садақа ҳам лозим бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази