Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
1. Каҳф сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Абу Бакр ибн Мардуяҳ ривоят қилган).
2. Духон сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума кечаси “Ҳа мим” (Духон сураси)ни қироат қилса, мағфират қилинади”, дедилар.
Набий алайҳиссалом: “Ким жума кечаси “Ҳа мим”ни ўқиса, етмиш минг фаришта тонггача унинг ҳаққига истиғфор айтиб чиқади”, деганлар.
3. Ёсин сураси.
4. Ҳуд сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳуд сурасини жума куни ўқинглар”, деганлар.
5. Оли Имрон сураси.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки кечаси “Оли Имрон” сурасини ўқиса, унга кечани бедор ўтказганлик савоби ёзилади”.
Бошқа ривоятда: “Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, 70 минг фаришта кечгача истиғфор айтади”.
6. Ихлос, фалақ ва наас сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан