“ИДДА” НИМА ДЕГАНИ?
Динимизда аёл киши эрининг вафотидан ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган муддатга “идда” дейилади.
МУДДАТИ ҚАНЧА?
Унинг муддати эри вафот этган аёл учун тўрт ойу ўн кун; ҳомиладор аёлнинг иддаси туққунича, эридан ажралган хотин иддаси талоқдан сўнг уч ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан тугайди. Турли сабабларга кўра ҳайз кўрмайдиган аёл эри билан ажрашса, уч ой идда ўтиради.
ҲОМИЛАДОР ЭМАС...
Ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлган аёллар ҳам идда ўтиришлари лозим. Агар идда ўтирмасдан бошқа кишига никоҳлансалар, никоҳ ботил, ўзлари гуноҳкор бўладилар.
САРАТОНГА САБАБ БЎЛАДИ
Калифорния университети профессори, биологик текширувлар лабораторияси директори Доктор Жамолиддин Иброҳим бундай ёзади: “Аёлларнинг иммун тизимини ўрганиш натижасида уларда махсус ирсий хотирага эга ҳужайралар мавжудлиги аниқланди. Аёл киши турмуш ўртоғи билан жинсий алоқада бўлганда эрининг ҳужайралари камида 3 ой давомида аёлнинг репродуктив органларида фаол қолади. Агар аёл киши ушбу муддат ўтмасдан туриб бошқа эркак билан жинсий алоқада бўлса, бу иммун тизимини ишдан чиқишига, оқибатда саратон ўсмаларининг пайдо бўлишига олиб келади”.
Тақдқиқотчилар идда сақламай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом этдирган аёлларда кўкрак ва бачадон саратони кўп кузатилишини алоҳида таъкидлайдилар.
ИЛМ – ИСЛОМГА ЕТАКЛАР
Америкалик эмбриолог Роб Гиллхем АҚШдаги аёллар орасида тадқиқотлар олиб борган. Натижада, муслима аёллар яшайдиган ҳудудда кўкрак ва бачадон саратонига чалинган аёллар бошқа минтақаларга қараганда ниҳоятда кам кузатилишини аниқлаган. Эмбриолог Гиллхем идда сақлаш ҳақидаги Қуръон оятларини ўқиб Исломни қабул қилди.
Алберт Эйнштейн институтининг илмий ходимлари ҳам бу борада узоқ йиллар тадқиқотлар олиб бориб, аёл кишининг организми эркак кишининг хромосомасидан тўлиқ тозаланиши учун айнан Аллоҳ таоло буюрган муддат талаб этилишини эълон қилганлар.
Миср тиббиёт маркази профессори Доктор Абдулбосит Саъид айтади: “Аёл киши эри билан жинсий алоқада бўлгандан сўнг, аёлнинг организми эркак кишининг хромосомасидан ҳар ойда фақатгина 30 % фоизи тозаланади. Тўлиқ тозаланиш учун эса камида уч ҳайз муддати талаб этилади”.
ХУЛОСА
Идда ўтиришнинг жуда кўп ҳикматлари бўлиб, уларни Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи билади. Келажакда бунга ўхшаш ҳикматлар яна чиқаверишида шубҳа йўқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси