Халқимиз юрт тинчлигини улуғ неъмат, қут-барака, тараққиёт гарови, ўз орзу-интилишлари, эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. Ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида Яратгандан элу юртимизга тинчлик-омонлик, яхшилик ва тўкинлик сўраб қилган ниятлари замирида ҳам ана шундай чуқур маъно-мазмун мужассам.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эдилар.
Ушбу ташаббусга мувофиқ, айни кунларда жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилаётгани хайрли натижаларга эришиш учун катта имкониятдир.
Ислом дини таълимотида тинч-осойишталик, хотиржамлик улуғ неъмат экани таъкидланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ким ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди? Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади.
Тинчлик – фаровонликнинг муҳим омили. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик аримайди. Шукрки, саодатли, файзли кунларда яшаяпмиз. Миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этамиз. Шу боис элу юртимизнинг энг буюк бойлиги бўлган тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг наинки фуқаролик, балки фарзандлик бурчимиз ҳамдир.
Бугун глобаллашув даврида яшаяпмиз. Сайёрамиз узра ҳали-ҳануз урушлар, жангу жадаллар тинган эмас. Боз устига, ахборот хуружи ҳам авжида. Турли иғвою бўҳтонлар илдиз отяпти, сиёсий курашлар тинмаяпти. Жаҳон майдонида манфаатлар гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона тўқнаш келаётир. Узоқ-яқин минтақаларда бутун бошли халқларни, мамлакатларни ноғорасига ўйнатаётган, ачинарлиси, отани болага, акани укага, сингилни опага қарши қилиб қўяётган тузоқлар, фитналар, нифоқлар алангаси миллиардлаб ёшларнинг тафаккурига найза санчишга уринаётгани ҳам бор гап.
Шулар оқибати ўлароқ, бўй кўрсатаётган ур-йиқитлар, беписандлик, ғазаб ва нафрат, ўч, қасоскорлик каби мудҳиш иллатлар ақли расо ҳар қандай кишини ташвишга солмоқда. Шу боисдан, бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз ва теран мушоҳада билан қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бировнинг умрига зомин бўлиш ўта оғир гуноҳ эканини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят).
Бу ҳукм аслида Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир (“Мадорикут танзил ва ҳақоқиқут таъвил”).
Ҳудайбия сулҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди. Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.
Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз шарт. Биз имом-хатиблар ҳам ўзимизнинг касб маҳоратимиз, нутқ маданиятимиз, дунёқараш ва фикр доирамизни кенгайтиришга доимо эътибор қаратишимиз ҳамда мунтазам изланишда бўлишимиз лозим. Тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларга тўғри тушунтириш ва ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни ўзимизнинг долзарб вазифамиз, деб биламиз.
Тинчлик тўғрисида кўп ва хўб гапириляпти. Хўш, тинчлик бизга нима беради, деган савол кимнингдир хаёлига келиши мумкин. Бу борада аниқ рақамларга мурожаат қилсак:
– умра бўйича квоталар олиб ташланди, ҳар йилги ҳаж квотаси 5 мингдан 15 минг нафарга оширилди;
– 2017–2023 йилларда 234.791 нафар зиёратчи ҳаж ва умра амалларини бажарди.
2017 йилда 7 350 нафар, 2018 йилда 7 200 нафар, 2019 йилда 7 269 нафар, 2022 йилда 12 045 нафар, 2023 йилда 15 150 нафар, 2024 йилда 15 150 нафар юртдошимиз исломнинг бешинчи рукнини адо этди.
2017 йилда 6.172 нафар киши умрага борган бўлса, 2018 йилда 16.909 нафар, 2019 йилда 38.000 нафар, 2020 йилда 36.864 нафар, 2022 йилда 59.954 нафар, 2023 йилда 43.943 нафар, 2024 йилда 7620 нафар юртдошимиз умрага борди.
Бу шункачи рақамлар эмас. Бу рақамлар замирида тинчлик-осойишталик, фаровонлик мужассам.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоялаш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараш ҳар бир имом-хатибнинг вазифасидир.
Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуман ана шу жиҳатлари билан барчага бирдай манфаатли бўлади, иншаоллоҳ.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади.
Шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинди.
Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бормоқда.
Аввало, коррупциянинг омилларига қарши курашилмоқда. Масалан, ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечиб, аукцион тизимига ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилганидан кейин бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар сезилди.
Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
Бугунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бераяпти. Натижада олдин бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш билан ишлаяпти.
Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.
Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш жорий қилинди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори “боди-камера”да хизмат ўтаётгани, авторақамлар аукционда сотилаётгани, қоғоздаги баённома йўқ бўлгани учун коррупция омиллари кескин камайди.
Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди.
Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди.
Энг муҳими, булар орқали аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани бунинг исботи.
Президент коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини айтиб, бу борадаги долзарб масалаларни ва келгуси вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари, асосан, коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чоралар эътиборсиз қолаётгани қайд этилди.
Шу боис Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иш услуби ўзгартирилиши белгиланди. Бунинг учун, тажриба тариқасида 5 та – Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, Нефтегаз ва Сувтаъминот жамиятларининг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.
Шунингдек, туманлар даражасига тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади. Таҳлиллар асосида аниқ чораларни ишлаб чиқиб, Миллий кенгашга тақдим этади.
Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаяпти. Шу боис энди Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланади. Уларга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлади.
Ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади.
Бундан саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу тизим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти ошди.
Шу боис энди прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар фаолияти билан шуғулланмаслиги белгиланди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича қўшимча вазифалар қўйилди.
Давлат харидларида коррупциянинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Эксперт комиссияси тузилади. Илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратилади. Бунда, давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслиги шарт. Ушбу талабни бузганлик учун қонун билан жавобгарлик ва жарималар жорий қилинади.
Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар ҳам кучайтирилиши белгиланди. Давлат идораларининг харидларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган транспорт ва мебелга устуворлик бериш зарурлиги қайд этилди. Йирик лойиҳаларни юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш талаби қўйилди.
Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади. Шу боис ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун зарурати қайд этилиб, унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши белгиланди.
Фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари нутқида жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлади.
– Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди.
Умуман, илк маротаба бундай тарзда йиғилиш ўтказилиши коррупцияга қарши кучли сиёсий иродани намоён этди. Давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди.
Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади.
Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кучаяди. Декларациялаш, ноқонуний бойлик орттиришга оид янги тартиблар киритилиши натижасида коррупция омиллари чекланади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилади.
Маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилади. Давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим қилинади, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарлари бўйича чора кўрилади.
Назорат инспекциялари мустақиллиги оширилади. Йирик инвестиция лойиҳаларида, аукционларда коррупциянинг олдини олувчи механизмлар жорий этилади.
Давлат харидлари тартибга солиниши, тўғридан-тўғри харидлар чекланиши ҳисобига бюджет маблағлари тежалиши таъминланади. Давлат пулини мақсадсиз сарфлаш ҳолатларига барҳам берилади.
Секторлардан озод бўлган куч ва воситалар жиноятчиликка қарши курашишга сафарбар этилиб, жамиятда барқарорлик муҳити ва одамларнинг розилиги ортади. Ноқонуний текширувлар устидан прокурор назорати кучайтирилиши орқали жойларда бизнес ва инвестиция муҳити яхшиланади.
Эришилган натижалар халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрнини яхшилайди. 2027 йилда UNCAC конференцияси мезбонлигига Ўзбекистон номзодини маъқуллаш учун замин ҳозирлайди.
Энг муҳим, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги юксалтирилиб, жамиятда коррупцияга қарши курашишга дахлдорлик шаклланади.