Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, тинчлик осудаликда ибодатларни адо этмоқдамиз. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик ношукурликдир. Жамоат билан юриш раҳматдир. Ёлғизлик эса, азобдир”, - дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бемалол дин диёнатимизга амал қилаётган, шариатимиз шиорлари барпо бўлиб турганда ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади, лекин “сўнгги пушаймон ўзингга душман”, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлиб кетади.
Шундай экан, инсоннинг ўз юртида, Яратганга шукроналар айтиб, эмин-эркин тоату ибодатлар ила оиласи, маҳалласида фаровон яшашига нима ҳам етсин. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шукроналикни имоннинг ярмига тенглаб, шундай деганлар: “Шукур қилишлик иймоннинг ярмидир”. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” деб ҳам айтилган.
Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтувчиларни Қуръони каримнинг бир нечта ўринларида мақтаган ҳамда албатта мукофотлаши ва уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлаган. У зот айтди:
“... Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).
Зеро, Ҳазрати Расули акрам алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида бундай деб амр қилганлар:
“Сизларга бир киши яхшилик қилса, албатта, уни мукофотланглар, агар мукофот учун бирон-бир нарса топа олмасанглар, уни чиройли дуо қилинглар”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва овул қолмади. Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг барчаси халқимиз қадр-қимматини янада юксалтиришга, одамларни рози қилиш, ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганини бугун ўз ҳаётимизда ҳис этяпмиз.
Бугунги кунда юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби, диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мўмин-мусулмонлар бу кунларни қадрига етиб, Аллоҳ таолога шукроналар қилиб, ибодатларини эмин-эркин, ҳаловат билан адо этмоқдалар.
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. “Ислом” сўзининг ўзаги “силм” бўлиб, у “тинчлик”, “сулҳ” деган маъноларни билдиради. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам “салом” кечасидир. Кўплаб ҳадислар ҳам мусулмон кишини тинчликдан бебаҳра қилиш, уларни қўрқитиб бўлмаслигига далолат қилади. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дейилган. Бундан кўринадики, Ислом бор моҳияти, бутун таълимоти билан тинчлик-осойишталикка интиладиган диндир.
Мана шундан келиб чиқиб жорий йили 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Мазкур анжуманда исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, юртимизда кўзга кўринган илм-фан арбоблари билан бир қаторда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 80 дан ортиқ уламолар ўз маърузалари билан иштирок этадилар.
Ўз навбатида ушбу конференция туфайли юртимизга янада файз ва барака ёғилиб, кўплаб илм-маърифат ҳосил қилинишига сабаб бўлади, иншааллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон давридаги кўплаб янгиланиш ва ислоҳотлар юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳаётига хурсандчилик олиб келмоқда, уларга ўзига хос ғайрат, шижоат бахш этмоқда. Шу севимли Ватан фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан кўп шукрона қилиш бизларнинг бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган.
“...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ҳақ таоло барчамизни мустақил Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! Барчамизни шукр қилувчи бандалардан қилсин! Ўзи ваъда қилганидай шукримиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!
Ғуломиддин домла ХОЛБОЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази директори ўринбосари
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД