Сўнги йиллар давомида исломшуносликнинг турли йўналишларида бир қатор муҳим асарлар ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди. Бу асарлар ақида, калом, фиқҳ, тафсир, адашган оқимларга қарши раддия йўналишида ва тарихий мавзуларга бағишланган бўлиб, улар илм-фан аҳли, талаба ва олимлар учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Имом Мотуридийнинг машҳур “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг бир неча жузлари, шунингдек, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Абул Юср Паздавийнинг “Усул ад-дин”, Абул Муин Насафийнинг “Баҳр ал-калом”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди косоний”, Абу Муоз Ториқ ибн Ивазуллоҳ ибн Муҳаммад томонидан ёзилган “Имом Термизийнинг ақидавий қарашлари”, Абу Азабанинг “Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор”, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳли сунна”, Абул Мунтаҳо Шаҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Мағнисовийнинг “Шарҳи фиқҳул акбар”, Абу Салама Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жумал усул ад-дин” (Эътиқодий масалаларнинг умумий кисқача баёни)”, Абул Баракот Насафийнинг “Умдатул ақоид”, Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” каби асарлар ўзининг илмий салмоғи билан алоҳида ажралиб туради.
Мотуридий таълимоти асосида ёзилган асарлар исломий эътиқодни тушуниш ва унинг асосий принципларини ёритишга қаратилган. Масалан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари Қуръонни тафсир қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мусулмон олимлар учун муҳим методологик қўлланма ҳисобланади.
Тарихий ва маданий меросга бағишланган асарлар ҳам катта эътиборга лойиқ Муаллиф жамоаси томонидан нашр этилган “Мовароуннаҳрлик ўн мутакаллим”, “Мовароуннаҳрлик ўн фақиҳ” ва “Мовароуннаҳрлик ўн мутасаввиф” асарлари тарихий шахсларнинг ҳаёти ва мероси ҳақидаги билимларни янада бойитишга хизмат қилади.
Шунингдек, раддия соҳасидаги асарлар исломий ақида ва шариатга зид бўлган мутаассиб ғояларга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. Масалан, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик” ва “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Ақоид ва унга боғлиқ масалалар”, “Мазҳаблар бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, “Сунний ақидалар”, “Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш”, “Дунё уламолари мурожаати”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби”, “Диний мутаассиблик: моҳияти, мақсадлар ва олдини олиш йўллари”, “Адашган “нозик ҳилқат””, “Ишиднинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар”, “Салафийларга илмий раддия”, “Эътиқод дурдоналари”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Фатволар тўплами 500 саволга 500 жавоб”, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими”, “Фитна кўз илғамас хатар”, “Мотуридий таълимотига оид 101 савол-жавоб”, “Замонавий фиқҳий масалалар ва фатво бериш асослари”, “Ислом ақидаси”, “Долзарб раддиялар” каби китоблар мусулмон жамоатчилик орасида кенг тарқалган муаммоларга жавоб бериб, муътадилликни тарғиб қилади.
Ушбу нашрлар нафақат илмий соҳада, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу асарлар замонавий мусулмон жамияти учун ислом ақидаси, яъни мотуридий таълимотини янада чуқурроқ тушуниш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Ўткирбек Собиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси
“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда
унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.