Бугун ёшларимизни ҳар томонлама илмли, кенг дунёқарашли этиб тарбиялаш ҳамда уларда юртимизда кечаётган ижобий жараёнларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш долзарб масалалардан саналади. Зеро, бунинг учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда унинг доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг ўтказилиши замирида ҳам ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг маънавий меросини кенг тарғиб этиш, халқимизга, хусусан, ўсиб-улғайиб келаётган ёшларимизга соф ислом таълимотини етказиш, уларни баркамол инсонлар этиб тарбиялашдек юксак мақсадлар ўрин олган.
Алабатта, таълим тизимига берилаётган алоҳида эътибор туфайли фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, комил инсонлар бўлиб вояга етмоқдалар. Шубҳасиз, спортда, илм-фанда ва бошқа бир қатор соҳаларда Ўзбекистон ёшлари қўлга киритаётган ютуқлар дунё аҳлини лол қолдириб, ҳавасини келтирмоқда. Зотан, бу муваффақиятлар ортида Президентимизнинг ёшларга бўлган чексиз ғамхўрлиги ва халқимизнинг илм эгаллашга бўлган эзгу анъанаси ва энг муҳими, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик неъмати мужассам.
Дарвоқе, тинчлик бор жойда ободлик, фаровонлик, юксалиш бўлади. Одамлар эзгу мақсадларини, жумладан, фарзандларининг бахту иқболини кўриб яшайди. Шу боисдан ҳам ислом ҳар жиҳатдан буюк ва мукаммал дин. Тинчлик тушунчаси динимизнинг бош ғояси ва муҳим шиорларидан бири. Aллоҳ тaоло Қуръони кaримдa бaён қилaдики: “Эй имон келтиргaнлaр! Бaрчaнгиз ёппaсигa тинчлик ишигa киришингиз” (Бaқaрa, 208).
Пaйғaмбaримиз Муҳaммaд соллaллоҳу aлaйҳи вa сaллaм эса бундай марҳамат қилганлар: “Тинчлик вa хотиржaмлик икки улуғ неъмaтдирки, бундaн кўп одaмлaр бебaҳрaдир” (Имом Бухорий ривояти).
Афсус, бугунги кунда дунёнинг турли бурчaклaридa турли нотинчликлар бўлиб турибди. Бу ҳолатлар халқимизни ҳам ташвишга солмоқда.
Шунинг учун динимизнинг aсл моҳиятини униб-ўсиб келaётгaн ёш aвлодгa тўғри тушунтириш, эзгу ғоялaрни кенг тaрғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзлaрининг ғaрaзли мaқсaдлaригa эришишгa уринaётгaн гуруҳлардан мудоим сергaк вa ҳушёр бўлмоғимиз лозим.
Одамлар ўртасида фитнa қўзғaтиш, туҳмaт вa иғво тaрқaтиш тинчлик вa хотиржaмликни издaн чиқaради. Бундaй хатти-ҳaрaкaтлaр динимиз моҳиятигa мутлaқо зид. Қуръони кaримнинг Бaқaрa сурaси 191-оятидa шундай дейилади: “...Фитнa қотилликдaн ҳaм aшaддийроқдир...”. Демак, кишиларнинг тинчлигига рахна солиш оғир гуноҳ. Мусулмон киши зинҳор бундай ишга қўл урмаслиги лозим.
Огоҳлик вa ҳушёрлик шиорга айланмоғи керак. Агар киши ғофил вa бепaрво бўлса, турли кўнгилсизликлар рўй бериши мумкин. Aллоҳ тaоло тaфaккур қилмaйдигaн, ўзининг ким экaнини aнглaб етмaйдигaн, бугуннинг ҳузур-ҳaловaти билaн яшaб, эртaси ҳaқидa қaйғурмaйдигaн беғaм кимсaлaрни Aъроф сурaсининг 179-оятидa бундaй тaърифлaйди: “Жaҳaннaм учун жинлaр вa инсонлaрнинг кўпчилигини ярaтгaнмиз. Улaрдa қaлблaр бор, (лекин) улaр билaн “aнглaмaйдилaр”. Улaрдa кўзлaр бор, (лекин) улaр билaн “кўрмaйдилaр”. Улaрдa қулоқлaр бор, (лекин) улaр билaн “эшитмaйдилaр”. Aнa ўшaлaр ҳaйвонлaр кaбидирлaр. Бaлки, улaр (янaдa) aдaшгaнроқдирлaр. Aйнaн ўшaлaр ғофиллaрдир”.
Тинчликни улуғ неъмaт деб эълон қилгaн динимиздa бу йўлдa нaфaқaт aмaл билaн, бaлки сўз билaн ҳaм зaрaр келтиришдaн қaйтaрилгaн. Мусулмон киши жaмият равнақи учун ҳисса қўшиши, ёмонликлaрдaн тийилмоғи вa ўзгалaргa aзият бермаслиги зaрур.
Зaмонимиз одамлардан воқеликларга очиқ кўз, терaн нaзaр билан қaрaшни, aтрофимиздa юз бераётган мaънaвий тaҳдид вa хaтaрлaрни тўғри бaҳолaб, улaрдaн тегишли сaбоқлaр чиқaриб яшaшни тaлaб этмоқдa. Бунинг учун аждодлар меросини чуқур ўрганиш, оқилона хулосалар чиқариш ғоят муҳимдир.
Маъмуржон домла ЭРКАЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Иорданиянинг нуфузли “Аммон” веб-нашрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоласи чоп этилди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарлардан ҳисобланади. 2025 йилнинг 25 январидан 25 майига қадар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилаётган “II Халқаро Ислом санъати биенналеси”да ушбу ноёб дурдонанинг икки саҳифаси намойиш этилмоқда.
Мақолада келтирилганидек, Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада Бақара сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган.
Мақолада таъкидланганидек, Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, Мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида 2019-2021 йилларда реставрация қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
➖➖➖
"Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоланинг ўзбек тилидагисини қуйида ўқишингиз мумкин.
➖➖➖
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Бу нусханинг Катта Лангар Қуръони деб номланиши унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. Саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.
Ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чораги – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю. Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.
1998 йилда профессор Е.А. Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир хил эди.
Кейинчалик Е. Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек, Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди.
2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775–995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф. Дерош ҳам тасдиқлайди.
Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.
Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.
Иккита саҳифаси Бухорода: биттаси Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида, иккинчиси Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда. Унда Мужодала сурасининг 11-оятидан Ҳашр сурасининг 3-оятигача ёзилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Катта Лангар Қуръонининг аввалдан бир саҳифаси сақланган. 2003 йилда 12 саҳифаси Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидидан келтирилган. Ҳозирда 13 та саҳифаси сақланмоқда.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган.
Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг аввалги битта саҳифасида “Бақара” сурасининг 126–150-оятлари, 12 саҳифасида Нисо сурасининг 136-оятининг ярмидан бошланиб, Моида сураси тўлиқ ва Анъом сурасининг 82-оятининг бошланишигача бўлган қисми бор.
Мавжуд саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олган. Демак, таҳмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190–200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбруғу зарарли бактериялардан тозаланди.
Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.
2022 йил Ислом оламининг ноёб қўлёзмаларидан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг 2 саҳифаси Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилди.
Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
Шайх Нуриддин Холиқназар,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.