Бугунги кунда экстремизм ва терроризм нафақат алоҳида мамлакатларнинг миллий хавфсизлигига, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид солаётган омилга айланиб улгурди. Терроризм миллат ё дин танламайди, уни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. Бўлиб ҳам, номининг ўзиёқ тинчлик ва омонликни ифодаловчи Ислом террорни мутлоқ қоралаб келган. Экстеризм ва терроризм ислом ва ислом умматига ёт ҳисобланади. Мўмин-мусулмон қўли билан, тили билан бировга озор бермайди. Экстеризм ва терроризм эса ўзгаларга зўравонлик қилиш, ўзгаларга озор беришдир. Ўзгаларга озор бериш, ўзгаларга зўравонлик қилиш эса зулмдан бошқа нарса эмас.
Афсуски, асримизда экстремизм ва терроризм хавфи ортмоқда. У сиёсий барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузишга, кўп миллатли ва кўп динли давлатни обрўсизлантиришга замин яратмоқда. Куни кеча Россия давлатида тинч аҳолига қарата амалга оширилган террор ҳаракати ҳам бунинг исботидир.
Бироқ муқаддас динимиз таълимотларининг асл моҳиятини англамаган мусулмонлар, айниқса, мусулмон ёшларининг террор иштирокчисига айланиб қолиши, дин ва мусулмон номидан турли хунрезликларда қатнашиши ачинарли ҳол, уммат учун мусибатдир.
Муқаддас ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қорайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради” (Наҳл сураси, 91-оят).
Ислом бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-ояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай огоҳлантирдилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга бироз озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.
Гувоҳи бўлганингиздек, муқаддас динимиз инсонни ноҳақ қон тўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл ёки тил билан ўзгаларга озор беришдан огоҳлантиргандир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.
Азиз биродарлар, муҳтарам ёшлар! Одамларни Ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмас экан, мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўплаб хунрезликлар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Бундай қинғирликларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган исломни ниқоб қилган тўдалар зиммасига қўйиб, муборак Ислом дини билан боғлашга ҳаракат қиладилар. Бу ёвуз кучлар динимизнинг маърифатпарвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгитларини ўзларининг манфур мақсадларига етишларида тўсиқ деб биладилар ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладир ҳамда бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдирлар. Сиз эса уларнинг бу каби ёлғон ва пуч даъволарига учманг!
Хулоса ўрнида айтамизки, терроризм ва экстеризмдан огоҳва ҳушёр бўлишимиз, ундан ўзимизни ва фарзандларимизни узоқ тутишимиз барчамизнинг бурчимиздир.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.