Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қанча синовларни юборди. Ҳали дунёга келмасидан оталаридан, олти ёшида оналаридан, саккиз ёшида суянчиғи – боболаридан айрилдилар.
Ислом уммат орасида кенг ёйилгунча кўплаб машаққатлар чекдилар. Еттита фарзандларидан олтитасини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилдилар.
Уламолар айтадиларки, бу синовлар билан Аллоҳ таоло Расулимизнинг ҳаётларидаги ҳар бир лаҳзасини қиёматга қадар келадиган умматлари учун дастуриламал бўлишини ирода қилган.
Барча мўминлар хотиржамлик, тақдирдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иймонни ҳаётларида ўзлари яққол кўрсатиб берганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларидан уларни қатл қилиш учун келаётганлар бор эди. Абу Бакр бундан қаттиқ хавотирда уларни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, яқинлашиб қоляпти-да”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Хотиржам бўлинг”, дедилар. Ёки ғорда Абу Бакр: “Расулуллоҳ ҳозир сал эгилсалар, бизларни кўриб қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, Аллоҳ биз билан-ку”, дея Абу Бакрни хотиржам қилдилар.
Расулуллоҳ қабристондан ўтиб кетаётганларида бир аёл дод-фарёд билан сочларини юлиб, юзларини тирнаб, бутун бағри билан ўзини ерга уриб ётганди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Сабр қилинг”, дедилар. У: “Сиз йўлингизда кетаверинг, мен билан нима ишингиз бор?” дея қўполлик қилди. Расулуллоҳ: “Сабр қилсангиз яхши бўлади”, дея кетдилар. Кейин саҳобаи киромлар келдилар: “Эй онахон, нима қилиб қўйдингиз, бу киши кимлигини биласизми, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар-ку, яхши иш қилмадингиз, беодоблик қилиб қўйдингиз. Сиз бир фарзандингиздан айрилган бўлсангиз, бу киши бир неча фарзандларини ер бағрига қўйганлар-ку”, дейишганда, бояги аёл хатосини англаб, сўнгра Расулуллоҳдан бориб узр сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳаётда ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилиш, киши ўзини хотиржам тутиши Пайғамбаримиздан бизга берилган суннатдир. Унга эргашганларгина икки дунёда ҳам саодат топадилар, иншоаллоҳ.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
"Ҳидоят" журналининг 7-сонидан
Cавол: Аёл кишининг эри вафот этса ёки талоқ қилса идда ўтиришини биламиз. Кўпчилик буни ҳомиладорликни аниқлаш учун жорий этилган деб тушунади. Шунинг учун бугунги кунда баъзи аёллар УЗИ аппаратига тушганда ҳомиладорлик аниқланмаса, янги турмуш қуриб кетмоқдалар. Шаръий жиҳатдан идда тугамасидан қилинган ушбу никоҳлари дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимиз эри вафот этган аёл учун тўрт ойу ўн кун идда ўтиришни белгилаган. Агар у ҳомиладор бўлса, бола туғиши билан иддаси тугайди. Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳидоя” китобида қуйидагиларни айтади: “Агар аёл ҳомиладор бўлса унинг иддаси ҳомиласини туққуничадир. Чунки Аллоҳ таоло: “Ҳомиладор аёлларнинг идда муддати ҳомилаларини туққунларигачадир”, деган (Талоқ сураси 4-оят)”. Эри вафот этганда озод аёлнинг иддаси тўрт ой ва ўн кундир. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ою ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб) ўтирадилар”, - деган (Бақара сураси 234-оят)”.
Бироқ, ҳомиладор бўлмаса, айтилганидек, унинг иддаси тўрт ой ва ўн кундир. Идда чиқмасидан турмуш қуриши мутлақо жоиз эмас ва у шаръий жиҳатдан ҳақиқий никоҳ ҳисобланмайди. Чунки, идда ўтиришнинг сабаби фақатгина ҳомилани аниқлаш эмас. Балки, ортда қолган никоҳнинг ва ушбу никоҳда жуфти ҳалол бўлган эрнинг эҳтироми учун ҳам аёл идда ўтиради. Шунинг учун эрлари вафот этган муслима аёллар, агар ҳомиладор бўлсалар болани туғмагунча, ҳомиладор бўлмасалар, эрларининг вафотидан тўрт ойу ўн кун ўтмагунча бошқага турмушга чиқишлари жоиз эмас. Шунингдек, эрлари талоқ қилган аёлларнинг ҳам, агар ҳомиладор бўлсалар болани туғмагунларича, ҳомиладор бўлмасалар тўлиқ уч ҳайз кўрмагунларича иддалари тугамайди. Ҳайз кўрмайдиган аёллар эса уч ой идда ўтирадилар. Ушбу муддат ичида уларнинг бошқа никоҳ қуришлари жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Мавзуга оид мақола:
Идда сақламаслик саратонга сабаб бўлади