Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қанча синовларни юборди. Ҳали дунёга келмасидан оталаридан, олти ёшида оналаридан, саккиз ёшида суянчиғи – боболаридан айрилдилар.
Ислом уммат орасида кенг ёйилгунча кўплаб машаққатлар чекдилар. Еттита фарзандларидан олтитасини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилдилар.
Уламолар айтадиларки, бу синовлар билан Аллоҳ таоло Расулимизнинг ҳаётларидаги ҳар бир лаҳзасини қиёматга қадар келадиган умматлари учун дастуриламал бўлишини ирода қилган.
Барча мўминлар хотиржамлик, тақдирдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иймонни ҳаётларида ўзлари яққол кўрсатиб берганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларидан уларни қатл қилиш учун келаётганлар бор эди. Абу Бакр бундан қаттиқ хавотирда уларни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, яқинлашиб қоляпти-да”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Хотиржам бўлинг”, дедилар. Ёки ғорда Абу Бакр: “Расулуллоҳ ҳозир сал эгилсалар, бизларни кўриб қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, Аллоҳ биз билан-ку”, дея Абу Бакрни хотиржам қилдилар.
Расулуллоҳ қабристондан ўтиб кетаётганларида бир аёл дод-фарёд билан сочларини юлиб, юзларини тирнаб, бутун бағри билан ўзини ерга уриб ётганди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Сабр қилинг”, дедилар. У: “Сиз йўлингизда кетаверинг, мен билан нима ишингиз бор?” дея қўполлик қилди. Расулуллоҳ: “Сабр қилсангиз яхши бўлади”, дея кетдилар. Кейин саҳобаи киромлар келдилар: “Эй онахон, нима қилиб қўйдингиз, бу киши кимлигини биласизми, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар-ку, яхши иш қилмадингиз, беодоблик қилиб қўйдингиз. Сиз бир фарзандингиздан айрилган бўлсангиз, бу киши бир неча фарзандларини ер бағрига қўйганлар-ку”, дейишганда, бояги аёл хатосини англаб, сўнгра Расулуллоҳдан бориб узр сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳаётда ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилиш, киши ўзини хотиржам тутиши Пайғамбаримиздан бизга берилган суннатдир. Унга эргашганларгина икки дунёда ҳам саодат топадилар, иншоаллоҳ.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
"Ҳидоят" журналининг 7-сонидан
Аллоҳ таоло айтади: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир»[1].
Ўзингиздан бойроқ бўлганлар билан тенглашишга уринманг. Акс ҳолда бўйнингизгача қарзга ботиб, маломатга қоласиз.
Ўзингизга, оила аъзоларингизга, шунингдек, қўли юпин кишиларга нисбатан зиқналик қилманг.
Зиқна одам учун таъмагир бўлмасдан яшаётганининг ўзи катта гап. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз»[2].
Мен жуда катта маош оладиган, бироқ ой тугамасиданоқ ойлигидан бир чақа ҳам қолмайдиган кишиларни биламан. “Улар шунча пулни, мол-дунёни қаерга сарфлашяпти экан”, деб ҳайрон қоламан. Аллоҳ таоло айтади: «...ва мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг дўстларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди»[3].
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Анча кунга етадиган рўзғорликни бир кунда ишлатиб юборадиган оилага аччиғим келади”, деганлар.
Муовия розияллоҳу анҳу: “Зое бўлган, бировнинг ҳаққи ўтиб кетган нарсани “исроф” деб ҳисоблайман”, деганлар.
Сарф-харажатда исрофгарчиликка йўл қўядиганлар, зиқналик қилувчилар дунёда ҳар куни қанчадан-қанча мусулмон очликдан ўлаётганини наҳот билишмаса?!
Кимдир эътироз билдириб: “Улар биздан узоқда-да” деса, “Ахир улар бизнинг Исломдаги биродарларимиз, дин қардошларимиз-ку!” – деймиз. Биз эрта қиёмат кунида улар борасида ҳам сўроқ қилинмаймизми? Қолаверса, орамизда рўзғорига ора-сирада гўшт кирадиганлар бор. Гоҳида шу озгина гўштни олишга ҳам имкон топа олмай, ойлаб гўшт емайдилар.
Бир жамоа одамлар Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳунинг олдиларига озроқ егулик сўраб келишди. У зот боғларида тўкилган меваларни териб, яхшисини чиригидан ажратиб саралаётган эдилар. Улар Қайс розияллоҳу анҳуга нима учун келишганини айтишди. Саҳобий уларга сўраганларини бердилар. Келган жамоа бир-бирларига ажабланиб қараб: “Ночор ҳаёт кечираётган бўлсангиз, яна қизғанмай инфоқ қилишингиз қизиқ бўлди-ку”, дейишди. У зот: “Сизларга эҳсон қилиш учунгина шундай яшайман”, дедилар (яъни, саҳобий розияллоҳу анҳу мен иқтисод қиламан ва исроф қилмаганим ҳолда, сиз каби муҳтожларга ёрдам беришга ҳам ортинаман демоқчи бўлдилар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқимда иқтисод қилиш тирикчиликнинг ярмидир. Одамларга муҳаббатли бўлиш ақлнинг ярмидир. Чиройли савол бериш эса ярим илмдир”, [4] дедилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ким фарзандига иқтисод қилиб яшашни ўргатса, унга кўп мерос қолдиришдан ҳам кўпроқ яхшилик қилибди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Фурқон сураси, 67-оят.
[2] Исро сураси, 29-оят.
[3] Исро сураси, 26–27-оятлар.
[4] Имом Табароний ривояти.