Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Сентябр, 2024   |   27 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:18
Аср
16:20
Шом
18:09
Хуфтон
19:22
Bismillah
30 Сентябр, 2024, 27 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

27.09.2024   2322   4 min.
«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Субҳаналлоҳ» жумласи Аллоҳ таоло бандалари айтишини яхши кўрадиган зикрлардан ҳисобланади. Биз ҳар куни беш маҳал намоз ўқиганимизда ўттиз уч мартадан «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» зикрларини айтамиз. Унинг қанчалик савобли иш эканидан хабардормиз. Аммо биз қуйида «Субҳаналлоҳ»нинг фазилати эмас, балки мазкур жумланинг ўзбек тилига таржима қилиниши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро, айтаётган зикрларимиз мукаммал бўлиши ва ибодатимизда ихлос ҳосил қила олишимиз учун зикрларнинг маъносини билиш талаб этилади.

«Субҳаналлоҳ» жумласи аслида арабча سَبْحًا – يَسْبَحُ – سَبَحَ сўзидан ясалган бўлиб, у луғатда «дарёда сузмоқ», «юлдузларнинг осмонда сузиб юриши» каби маъноларни ифодалайди. سُبْحَانَ сўзи эса, мазкур феълдан ясалган масдар (ҳаракат номи) ҳисобланади. سُبْحَانَ اللهِ жумласи қисқартирилган шакл бўлиб, у аслида أُسَبِّحُ اللهَ سُبْحَانًا أو تَسْبِيحًا шаклига эга.

Биздаги диний адабиётларнинг аксариятида «Субҳаналлоҳ» сўзи «Аллоҳни поклаб ёд этаман, Аллоҳни поклайман», деб ўгирилган. Мазкур жумлани бу тарзда таржима қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ азалий пок Зот, У бизнинг поклашимизга муҳтож эмас. Аллоҳнинг айбу нуқсондан Поклигининг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ. У Зот бандалари «Субҳаналлоҳ» деганларидан сўнг Пок бўлган эмас ёки бандалар «Субҳаналлоҳ» демай қўйсалар У Зотнинг Поклигига путур етмайди.

Ҳадиси қудсийларнинг бирида бундай дейилган: «Эй бандаларим, сизлар Менинг зараримга (яъни, Менга зарар етказиш даражасига) ҳеч қачон ета олмайсизларки, Менга зарар берсангизлар! Менинг фойдамга ҳам асло ета олмайсизларки, Менга фойда берсангизлар!» Имом Муслим ривояти.

Аслида биз Аллоҳни поклаб ёд этмаймиз, балки Уни пок деб биламиз, ҳар қандай айбу нуқсондан холи эканини тан оламиз, эътироф этамиз, холос.

Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», насронийлар эса «Масийҳ Аллоҳнинг ўғлидир» деган даъвони қилишди. Шунингдек, улар фаришталар Аллоҳнинг қизлари, Аллоҳ ўзига фарзанд тутди, деб нолойиқ гап-сўзларни тарқатдилар. Лекин бу билан Аллоҳнинг шаънига зиғирча доғ тушгани йўқ. Улар бу сўзлари билан Аллоҳ Поклигига путур етказолмайдилар. Шунингдек, мўминлар «Субҳаналлоҳ» дейиш билан Аллоҳни поклаган ҳам ҳисобланмайдилар. Улар «Субҳаналлоҳ» дейишлари билан Аллоҳнинг Поклик сифати зиёда бўлиб қолмайди. Бу ерда ҳамма нарса эътиқодга боғлиқ. Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ шаънига нолойиқ гапларни айтадилар ва Аллоҳга шерик қиладилар. Уларнинг эътиқоди шундай. Мўминлар эса, Аллоҳни ҳар хил айб-камчилик ва нуқсонлардан Пок ва Улуғ Зот деб тан олдилар. Бандалар бундан ортиқ нарсага тоқат қила олмайдилар.

Шуни унутмайликки, «покламоқ» сўзи «аслида тоза бўлмаган», «кир босган, ифлосланган нарсани тозалаш»га нисбатан ишлатилади. Масалан, қўлингиз кир, уни поклаш учун сув билан яхшилаб ювиш лозим. Кийимни ҳам худди шундай тозаланади. Энди, бир ўйлаб кўринг, «тозаламоқ» ва «покламоқ» сўзини Аллоҳга нисбатан қўллаш қанчалик катта хато!

Араб тилида «бобут-тафъийл» вазнида ясалувчи сўзларнинг маъноларидан бири шуки, у «фаъала боби»даги феъл ифодалаган иш-ҳаракат ёки сифатни мавжуд деб ҳисоблаш ёки тан олишни билдиради. Масалан:

صَدَقَ – рост гапирмоқ, صَدَّقَ – рост гапирган (ёки ростгўй) деб тан олмоқ.

كَذَبَ – ёлғон гапирмоқ, كَذَّبَ – ёлғон гапирган демоқ ёки ёлғончига чиқармоқ.

Шунга ўхшаб سَبَّحَ феъли ҳам «покламоқ» эмас, балки «пок деб тан олмоқ» маъносини ифодалайди.

Араб тилидаги луғат китобларда, жумладан «Лисанул-ароб», «Ан-ниҳоя», «Мухторус сиҳоҳ» китобларида تَسْبِيحٌ сўзи التَّنْزِيهُ وَالتَّقْدِيسُ وَالتَّبْرِئَةُ مِنَ النَّقَائِصِ деб изоҳланган. Яъни, унинг маъноси «нуқсон ва камчиликлардан холи, пок деб тан олмоқ», «Аллоҳнинг Пок Зот эканини эътироф этмоқ»дир.

Бас, шундай экан, «Субҳаналлоҳ» жумласини ўзбек тилига таржима қилишда юқорида айтиб ўтилган муҳим ва нозик жиҳатлар эътиборга олинса, барчамиз Ўз Зоти ва сифатида Тенгсиз ва Улуғ бўлган Аллоҳ таолонинг шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтишдан сақланган бўламиз.

Манба

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ислом сўзининг 5 маъноси

26.09.2024   4065   7 min.
Ислом сўзининг 5 маъноси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ислом сўзи “салима” “ясламу”, “салааман” ва “салааматан” каби сўзларнинг ўзагидан олинган.

Ислом сўзининг маъноси турли маъноларни англатсада, бироқ барча маънолар бир эзгу мақсад – тинчликка йўналгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг (Бақара сураси, 208-оят).

Тилшунос олим Абу Амр Шайбоний ушбу оятдаги “силм” сўзини Ислом деб шарҳлайди.

Ушбу ояти каримадаги “каафатан яъни тўлиғича, ёппасига” сўзи барча инсонлар тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради. Аллоҳнинг амр фармонига итоат этган ҳолда ҳамиша аҳил ва иноқликда яшашлари даркор.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бандани таърифлаб: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ҳадисга кўра, мусулмон сўзи “барчага яхшилик истовчи, дилозорликдан йироқ” каби маъноларни ифодалайди.

Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди” (Анъом сураси, 54-оят).

Араб тилидаги салом сўзининг тўрт хил маъноси бор.

Биринчиси, “салима” сўзининг масдари “салаам” бўлиб, у турли “бало-офатлардан омонда бўлиш”ни англатади.

Иккинчиси, “салаама” сўзининг кўплик шакли, у “тинчлик ва омонлик” каби маъноларни билдиради.

Учинчиси, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлган “ас-Салом”, яъни, “барча нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик берувчи” деган маънони англатади.

Тўртинчиси, “салам” яъни, “серсоя ва ҳамиша яшил бўлиб турувчи дарахт”дир.

Абу Исҳоқ Зужажнинг фикрига кўра, “салаам” сўзи “саллама”дан олинган бўлиб, “инсоннинг оғир синов, ғам-алам ва ташвишлардан омонда бўлиши”ни англатади[1].

Шунингдек, жаннатнинг номларидан бири “Дорус-салом” (тинчлик диёри) деб номланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларга Роббилари ҳузурида дорус-салом (тинчлик уйи) бордир” (Анъом сураси, 127-оят); “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади” (Юнус сураси, 25-оят).

Жаннатда фақат тинчлик, хотиржамлик, саломатлик, роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлгани, унда ўлим, касаллик, уйқу, ғам-ташвиш деган нарсалар йўқ.

Имом Асфаҳонийнинг фикрига кўра, “салаам” ва “салаама” сўзлари барча мусибат, ғам, ташвишлардан четда бўлиш маъносини англатади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: “Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)(Шуаро сураси, 89-оят).

Тоза қалб – турли зулм ва ёмонликлардан ҳоли бўлган қалбдир. Шунингдек, Қуръони каримда тинчлик, хотиржамлик ҳақида яна бошқа кўплаб оятлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

“У (жаннат)ларга тинчлик, омонлик ила киринглар (дейилур) (Хижр сураси, 46-оят);

“Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!” (Ҳуд сураси, 48-оят);

“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида сураси, 16-оят);

“ ... жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят).

(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур) (Ёсин сураси, 58-оят);

(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай” (Раъд сураси, 24-оят).

Бу оятлар Ислом – тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик дини эканининг яққол исботи саналади.

Юқорида таъкидланганидек, яшил дарахт ҳам Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири ҳисобланади. Араб тили луғатига оид икки машҳур “Лисанул араб” ва “Таҳзибул луғат” асарларида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қуйидаги сўзлари келтирилади:

“Ас-салаам абадий яшил, улкан бир дарахтдир”[2].

Бир қатор луғатшунос олимлар “ас-салаам” сўзи “яшил дарахт” маъносини англатишини қўллаб қувватлашган. Чунки бу дарахт ҳатто кузда сарғаймайди, ҳеч чиримайди ҳам.

Буюк луғат олимларидан бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Баррийнинг фикрига кўра, бу дарахт “салм” деб номланади ва унинг кўплик шакли “салаам” ҳисобланади. Унинг бундай аталишига сабаб,  дарахт ҳамиша яшил рангда ва серсоя эканлигидир.

Шунингдек, нарвон араб тилида “суллам” деб аталади. Бу ҳақда Зужаж бундай ёзади: “Суллам” сўзи “нарвон” маъносини англатади, чунки у орқали сен кўтарилмоқчи бўлган жойга соғ-саломат етиб оласан[3].

Юқорига чиқиш ёки кўтарилишнинг нарвондан бошқа йўллари кўпинча шикастланиш ё жароҳатланиш каби бахтсиз ҳолатлар билан якун топиши мумкин. Шу боис, нарвон сабабли турли хавф-хатарлардан саломат, хотиржам бўлингани учун араб тилида нарвон суллам деб номланган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “ёки осмонга нарвон қўйиб(Анъом сураси, 35-оят).

“Лисанул-араб” асари муаллифи Ибн Манзур эса “суллам” сўзини қуйидагича шарҳлайди: “Суллам бу – катта челак дегани”[4].

Пақир – қудуқдан сув олиш воситаси бўлиб, қадимда одамлар унинг ёрдамида қудуқлардан сув олишарди. Лекин нега айнан челак “суллам” деб аталади? Чунки одамлар унинг ёрдамида сув тортиб чанқоғини қондиришган, уйларига олиб кетиб, таҳорат учун ишлатишган.

Сув – барча махлуқот, жонзот, наботот ва ўсимлик учун салқинлик, сокинлик, тириклик ва ҳаёт манбаи. Шунинг учун унга эришиш восита бўлган челак “суллам” дейилади.

Бир сўз билан айтганда, Ислом – тинчлик, омонлик ва хотиржамлик дини. Тинчлик – Ислом динининг шиори, бош ғояси. Унинг таълимоти башариятни тинчликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиришдан иборатдир. Зўравонлик, жанжал, қотиллик ва бузғунчиликларнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ҳамда улардан қайтаради.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий. Таҳзиб ал-луғат. – Майдон ал-жайш: Дор ал-қавмийя ал-арабийя, 1964. Ж. 4. – Б. 292.

[2] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.

[3] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.

[4] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 201.