Фотиҳадан аввал зам сура ўқиш
Cавол: Мен баъзида адашиб, Фотиҳадан олдин зам сура ўқиб қўяман. Ўқиётиб эсимга тушиб, кейин Фотиҳани ўқийман. Бу ҳолатда намоз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фотиҳани зам сурадан аввал ўқиш намознинг вожибларидан саналади. Шунинг учун агар Фотиҳадан аввал зам сура ўқиб қўйса, Фотиҳани ўқиб, ортидан зам сура ўқийди. Намоз охирида вожибни тарк қилгани учун саждаи саҳв қилади.
Агар бир оят ўқигандан кейин эсига тушиб, Фотиҳага ўтса ва бу оят намоздаги қироатнинг фарзини адо қиладиган даражада узун бўлса, бу ҳолатда ҳам саждаи саҳв қилади. Озгина ўқигандан кейин эсига тушиб, Фотиҳага ўтса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди.
Бу ҳақда “Фатовои Оламгирия” китобида бундай дейилган:
ومن سها عن فاتحة الكتاب في الأولى أو في الثانية وتذكر بعد ما قرأ بعض السورة يعود فيقرأ بالفاتحة ثم بالسورة قال الفقيه أبو الليث: يلزمه سجود السهو وإن كان قرأ حرفا من السورة وكذلك إذا تذكر بعد الفراغ من السورة أو في الركوع أو بعد ما رفع رأسه من الركوع فإنه يأتي بالفاتحة ثم يعيد السورة ثم يسجد للسهو۔‘‘
“Намозхон биринчи ёки иккинчи ракатда унутиб Фотиҳа сурасини ўқимай, зам сура ўқиса, суранинг маълум жойига келганда Фотиҳани ўқимагани эсига тушиб қолса, дарҳол Фотиҳани бошлайди. Кейин зам сура ўқийди. Фақиҳ Абул Лайс бундай деган: “Бу кишига саждаи саҳв вожиб бўлади. Гарчи сурадан бир ҳарф ўқиган бўлса ҳам”. Агар зам сурани тугатиб ёки рукуда ё рукудан бошини кўтарган вақтда эсига тушиб қолса, қайтиб Фотиҳани ўқийди, кейин зам сурани ўқийди (рукуни ҳам қайта қилади). Намозни охирида саждаи саҳв қилади”.
“Раддул муҳтор” китобида, зам сурадан озгина ўқиб қўйган бўлса, деган сўзни қироатдаги фарз адо бўладиган миқдорда ўқиган бўлса, деб изоҳланган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Шу йил 5 июнь куни - ҳижрий зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни зиёратчиларимиз Мино водийсидан эрта тонгдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб замонавий автобусларда Арафот майдонига етиб келишди. Ушбу муборак жойда ҳамюртларимиз учун алоҳида ажратилган жойда барча тайёргарликлар ҳозирлаб қўйилган.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларнинг ҳажларини мабрур, элу юрт ҳаққига қилган дуоларини қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати