Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Дўстлардан хабар олинг

04.10.2024   7359   2 min.
Дўстлардан хабар олинг

Дўстлик инсоний фазилатлар ичра алоҳида аҳамиятга молик туйғудир. Бу юксак туйғу азалдан инсониятга ва жамиятга ҳамроҳ. Барча замон, макон, миллат ва элат, ҳар қандай жамиятда ҳам бу хислат эътибордан қолмаган. Ислом дини таълимотларида бу риштага яна ҳам кўпроқ эътибор қаратилган. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари ва мeҳрибонликлари худди бир жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа аъзолари бeдор бўлиб, иситмага мубтало бўлади”, дeганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Айтибдиларки, бир киши пулга муҳтож бўлиб, нажот умидида дўстининг уйига бориб, эшигини тақиллатди. Дўсти чиқиб, у билан кўришди. Уйга таклиф қилди, лекин у таклифни қабул қилмади. Анча ҳижолатчилик билан кўзларни ерга қадаган кўйи тиллари тутила-тутила мақсадини айтди:

Дўстим, шу десанг, озроқ маслаҳатли иш чиқиб қолди... Бир кишидан юз минг сўм қарз олган эдим, шуни қистаб қўймаяпти. Ишларим бир оз юрмагани учун ҳеч имкон бўлмаяпти. Шунга сенинг ёнингга келувдим, шароитинг қанақа? Озроқ ёрдам қилишнинг иложи борми?

Дўст бир оғиз ҳам сўз айтмай, уйга кириб юз минг сўм олиб чиқиб, унинг қўлига берди. Сўнг қўшиб қўйди:

Дўстим, бирор нарсага мухтож бўлиб қолсанг, тортинмай келавер. Қўлимдан келганча ёрдам қилишга тайёрман.

Дўсти хурсанд бўлиб, у билан хайрлашиб, уйга қайтди. Уй эгаси дўсти қайтиб кетгандан кейин уйига кириб йиғлаб юборди. Хотини ҳайрон бўлди:

Нимага диққат бўласиз? Унинг ўрнига бирор нарсани баҳона қилиб, пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди?

Йўқ. Мен унга пул берганимга йиғлаётганим йўқ. Балки дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмаганимдан йиғлаяпман. У келиб сўрамасдан олдин ўзим бориб ундан ҳол-аҳвол сўрашим керак эди. Дўстимнинг муҳтожлигидан ғафлатда қолганимга йиғлаяпман, жавоб берди дўст.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

25.04.2024   2524   3 min.
Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.

Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.

Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.

Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.

Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?

Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.

Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!

Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.

Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.

Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.

Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар