Ҳомиладор аёл турмуш ўртоғидан:
– Ўғил кутяпсизми ёки қиз? – деб сўради.
Эр:
– Агар ўғил бўлса, мен унга математикани ўргатаман, биргаликда спорт билан шуғулланамиз, балиқ овлашга борамиз, – деди.
Аёл:
– Қиз бўлса-чи?!
– Агар қиз бўлса, унга ҳеч нарса ўргатишим шарт эмас. Чунки унинг ўзи менга ҳамма нарсани ўргатади: қайдай кийинишни, қандай овқатланишни, нима дейишни ва нима демасликни ҳам. Хуллас, у менинг иккинчи онам бўлади! Мени ўз қаҳрамони деб билади. Ҳатто ниманидир рад этсам ҳам, доимо у мени тўғри тушунади. Оила қургач, қизим турмуш ўртоғини мен билан солиштиради. У неча ёшда бўлишидан қатъи назар, ҳар доим менинг яхши муомала қилишимни хоҳлайди. У мен учун қайғуради. Агар кимдир мени хафа қилса, уни ҳеч қачон кечирмайди...
– Демак, қизингиз буларнинг ҳаммасини эплайди, лекин ўғлингиз қилмайди. Шундайми?!
– Йўқ! Эҳтимол, у ҳам шундай қилар, лекин ўғлим аввал буларни қилишни ўрганади. Аммо қизлар бунга лаёқатли ҳолда туғилади. Қиз боланинг отаси бўлиш ҳар қандай эркак учун фахрдир!
– Аммо у биз билан доим бирга бўлмайди-ку, – деди аёли.
– Ҳа, лекин биз унинг дуоларида ва қалбида абадий яшаймиз. Шунинг учун қизимнинг қаерга кетиши муҳим эмас.
Рус тилидан Акбаршоҳ РАСУЛОВ таржимаси
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов