Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Замонамиз муҳаддисларидан бири – Шайх Муҳаммад Аввома Суриянинг Ҳалаб шаҳрида ҳижрий 1385 (милодий 1939) йили таваллуд топган.
Илм талабини 12 ёшида бошлаб, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ва Абдулфаттоҳ Абу Ғудда каби олимларни маҳкам тутди.
Шайх Муҳаммад Аввома таълим муассасаларини битирганидан сўнг ҳам асло устозларидан узилмаган, илмий масалаларда доимо улар билан маслаҳатлашиб, насиҳат ва кўрсатмаларини олиб турган. Устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддин билан 50 йил, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда билан 45 йил давомида вафотларига қадар доимий алоқада бўлиб, дуоларини олиб турган.
Сўнг Дамашқ университетининг Шариат факультетига ўқишга кириб, аввал ўқиган илмларини мустаҳкамлаб, замонавий илмлардан ҳам баҳраманд бўлди.
Аллоҳнинг фазли ва марҳамати ила у кишининг истеъдоди тенгдошлари орасида эрта намоён бўлиб, юксак натижаларга эришди. Шу туфайли ҳали ёш бўлишига қарамай, устозлари ва катта олимлар дарс берадиган ўша даврдаги Ҳалабнинг энг катта масжидларидан бирида устоз ва шайхлари билан бир қаторда дарс бериш бахтига мушарраф бўлди.
Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йили Мадинаи мунавварага бориб, Мадина Ислом университети қошида илмий тадқиқот марказига асос солди. Кейинчалик бу марказни тарк этиб, 1986 йили ўзи Ислом меросини таҳқиқ қилиш марказини таъсис қилди. Бу марказни айни дамда у кишининг ўғли доктор Муҳйиддин бошқариб келмоқда.
Шайх ақида, фиқҳ, усул, араб тили ва тарожим каби илмларни жамлаган етук олимлардан саналади. Асосий илмий фаолияти эса, ҳадис илмлари билан боғлиқ. Қўлёзмалар таҳқиқи билан ҳам Ислом дунёсида машҳур.
Фазилатли шайх, аллома Муҳаммад Саъид Тантовий у кишининг устозлари табақасидан саналса-да, Муҳаммад Аввома ҳақида: “Ер юзида таҳқиқ илмини у кишидан яхшироқ биладиган одамни билмайман”, деб эътироф этган.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг кўплаб китоб, рисола ва таҳқиқ ишлари чоп этилган. Жумладан, Имом Ибн Абу Шайбанинг 26 жилдлик “Мусаннаф”, Имом Абу Довуднинг 6 жилдлик “Сунан”, Имом Заҳабийнинг 6 жилдлик “Кошиф” китоблари таҳқиқи шулар жумласидан.
Олимнинг “Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни” номли китоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Қолаверса, бу китоб дунёнинг бир неча тилларига ҳам таржима қилинган ва қатор таълим муассасаларида дарслик сифатида ўқитилади.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳаёти ва унинг илмий асарлари ҳақида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Малайзия, Туркия, Иордания ва Судан каби мамлакатларда қатор илмий ишлар олиб борилмоқда, рисолалар ёзилмоқда.
Ана шундай улуғ аллома – Шайх Аввома бошчилигидаги азиз меҳмонлар илк бор 2018 йил юртимизга ташриф буюрган эди. Дастлаб ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини, сўнгра Шоҳи Зинда, Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ, Имом Доримий, буюк олим Абул Фазл Бакр ибн Муҳаммад Зарангари, Қаффол Шоший каби алломалар қўним топган масканларни зиёрат қилиб, бир қанча ҳадисларни шарҳлаб берганди.
Ушбу ташрифда Шайх Муҳаммад Аввомага ҳамроҳлик қилган фарзанди Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори, доктор Муҳиддин ибн Муҳаммад Аввома сафар давомида олган таассуротларининг барчасини бир китобга жамлаб, “Саййидим қиблагоҳим аллома имомнинг хизматида Ўзбекистонга саёҳат” (رحلة أوزبكستان بخدمة سيدي الوالد العلامة الإمام) китобини таълиф этди.
Асар 2023 йил Саудия Арабистони Подшоҳлиги Жидда шаҳридаги “Дарул минҳажи лин нашри ват тавзиъи” ва Мадинаи мунавварадаги “Дарул йусри лин нашри” босмахоналарида чоп этилган.
Ушбу китоб уламолар юрти бўлган – Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятига янада танитиш мақсадида таълиф этилган асардир.
Муаллиф китобнинг муқаддимасида “Ушбу китоб Бухорий юрти (Ўзбекистон)га саёҳатим ҳақидаги саҳифалар бўлиб, жуда кўплаб муҳиблар унга интизорлиги, ўта зарурлиги ва улкан илмий аҳамиятга эга экани сабабли тезроқ нашр этишган шошдим”, деб ёзади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан