Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни ўғил бемор онасини кўчадан уйга олиб кираётганида она:
– Мени қўйиб юбор, сайр қилишни хоҳлайман, – деди.
Ўғил:
– Онажон, уйга киринг, овқатланиб олинг, кейин ўзим сизни айлантириб келаман, – деди.
Она:
– Йўқ, ҳозироқ кўчага чиққим келяпти, – деди.
Бу ҳолатни кузатиб турган келин:
– Яна кўчага чиқиб кетибдилар. Ишқилиб қўшнилар кўрмаган бўлсин-да, – деди.
Она хархаша қилишда давом этди.
Ўғил эса онасини ошхонага кузатиб қўйди. Сўнгра ҳовлининг бир четида ўйга толди. Шунда аёли келиб:
– Дадаси, сиз ҳам ишингиздан қолиб кетяпсиз. Мен ҳам уй-рўзғордан ортмай онажонга қарай олмаяпман. Келинг, онажонни бирор касалхонагами ё қариялар уйига жойлаштирайлик. Улар биздан ҳам яхши қарашади. Сиз ҳам, мен ҳам бир ташвишдан қутуламиз.
Шунда ўғил:
– Чамаси 6 ёш эдим. Онам кечки овқат тайёрлаш учун сабзи артаётганларида бехос бармоқларини кесиб олди. Шунда онам қўлларини боғлаб, ҳеч нарса бўлмагандай ишида давом этди. Бир куни мен ҳам бармоғимни кесиб олдим. Буни кўрган онам чидай олмай, олдимда парвона бўлди. Шифокорга бориб керакли муолажаларни қилгач, кўнгиллари хотиржам тортди. Шунда билдимки, онам бармоқларини кесганларида этлари, менинг бармоғим кесилганда эса юраклари кесилгандек бўлган экан. Ёшлигимдан онам оқ ювиб, оқ тарадилар. Энди навбат меники, – деди.
Ўғил сўзида давом этиб:
– Сен онамдан уялиб “қўшнилар нима дер экан” десанг, мен онамни ижарага уй олиб бўлса ҳам қарайман. Биламан, рўзғорнинг юки менинг зиммамда. Уни ҳам қиламан. Лекин онамнинг тақдири эртага сенинг бошингга тушмасмикин?! Шундан қўрқаман. Онам бемор бўлса ҳам доим ёнимда, шундан бахтиёрман.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ,
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторликда: "Заҳабаз зомау, вабталлатил урууқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ" (Чанқоқ кетди, томирлар намланди, иншааллоҳ, савоб ҳосил бўлди), дер эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида: "Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа, фатақоббал миннаа, иннака антас Самийъул Аълийм" (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, биздан қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Билувчи Зотсан), дер эдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати