Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Март, 2025   |   15 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:17
Қуёш
06:35
Пешин
12:37
Аср
16:43
Шом
18:33
Хуфтон
19:45
Bismillah
15 Март, 2025, 15 Рамазон, 1446
Мақолалар

Онам бемор бўлса ҳам...

10.10.2024   4767   2 min.
Онам бемор бўлса ҳам...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни ўғил бемор онасини кўчадан уйга олиб кираётганида она:
– Мени қўйиб юбор, сайр қилишни хоҳлайман, – деди.
Ўғил:
–  Онажон, уйга киринг, овқатланиб олинг, кейин ўзим сизни айлантириб келаман, – деди.
Она: 
–  Йўқ, ҳозироқ кўчага чиққим келяпти, – деди. 
Бу ҳолатни кузатиб турган келин: 
–  Яна кўчага чиқиб кетибдилар. Ишқилиб қўшнилар кўрмаган бўлсин-да, – деди.
Она хархаша қилишда давом этди. 
Ўғил эса онасини ошхонага кузатиб қўйди. Сўнгра ҳовлининг бир четида ўйга толди. Шунда аёли келиб: 
– Дадаси, сиз ҳам ишингиздан қолиб кетяпсиз. Мен ҳам уй-рўзғордан ортмай онажонга қарай олмаяпман. Келинг, онажонни бирор касалхонагами ё қариялар уйига жойлаштирайлик. Улар биздан ҳам яхши қарашади. Сиз ҳам, мен ҳам бир ташвишдан қутуламиз.  
Шунда ўғил: 
–  Чамаси 6 ёш эдим. Онам кечки овқат тайёрлаш учун сабзи артаётганларида бехос бармоқларини кесиб олди. Шунда онам қўлларини боғлаб, ҳеч нарса бўлмагандай ишида давом этди. Бир куни мен ҳам бармоғимни кесиб олдим. Буни кўрган онам чидай олмай, олдимда парвона бўлди. Шифокорга бориб керакли муолажаларни қилгач, кўнгиллари хотиржам тортди. Шунда билдимки, онам бармоқларини кесганларида этлари, менинг бармоғим кесилганда эса юраклари кесилгандек бўлган экан. Ёшлигимдан онам оқ ювиб, оқ тарадилар. Энди навбат меники, – деди.
Ўғил сўзида давом этиб: 
–  Сен онамдан уялиб “қўшнилар нима дер экан” десанг, мен онамни ижарага уй олиб бўлса ҳам қарайман. Биламан, рўзғорнинг юки менинг зиммамда. Уни ҳам қиламан. Лекин онамнинг тақдири эртага сенинг бошингга тушмасмикин?! Шундан қўрқаман. Онам бемор бўлса ҳам доим ёнимда, шундан бахтиёрман.   

 Акбаршоҳ РАСУЛОВ, 
таржимаси

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Бу сура – Қуръоннинг ярмига тенг

11.11.2024   7131   1 min.
Бу сура – Қуръоннинг ярмига тенг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони карим инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.

Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланишига сабаб – ушбу сурада қиёматнинг даҳшатлари баён этилган. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида огоҳлантирилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади.

Даврон НУРМУҲАММАД