Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Ноябр, 2026   |   26 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
07:00
Пешин
12:12
Аср
15:31
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
06 Ноябр, 2026, 26 Жумадул аввал, 1448

Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий

11.10.2024   11626   2 min.
Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий

Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доха динлараро мулоқот маркази раиси, Қатар университети Шариат ва исломшунослик факультети профессори Шайх Али Қорадоғий 1949 йил Ироқ Курдистонининг Сулаймония вилоятига қарашли Қорадоғ минтақасида дунёга келган.

Дастлабки таълимни ўз юртидан олган. Қуръони каримни тўлиқ ёдлагач, Сулаймония шаҳрига амакиси Шайх Нажмуддин Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий ва бошқа бир гуруҳ олимлардан илм ўрганиш учун борган. Сўнгра Бағдодда Шайх Абдулкарим Муҳаммад ал-Модаррис ва Шайх Абдулқодир Хатиб каби олимлар қўлида таҳсил олган. Қорадоғ минтақасидан Али Муҳйиддиндан ташқари Шайх Абдул Латиф ал-Кабир, Шайх Муҳаммад Нажиб Қорадоғий, Шайх Умар Қорадоғий, Шайх Мустафо Қорадоғий, Шайх Бобо Расул, Шайх Нуриддин, Шайх Нажмиддин, Шайх Зоҳид Холид Нақшбандий сингари жуда кўп уламолар етишиб чиққан.

Шайх Али Қорадоғий 1970 йилда Бағдоддаги Ислом институтининг бакалавр босқичини имтиёзли тамомлади. Шундан сўнг Имоми Аъзам куллиясида ўқишини давом эттиради ва у ерни ҳам муваффақиятли битириб чиқади. Кейин эса “Ал-Азҳар” университети Шариат ва қонун факультетида илм олишни давом эттиради ҳамда 1980 йилда Қиёсий фиқҳ бўйича магистатурани, 1985 йилда эса докторантура босқичини имтиёзли тамомлайди.

“Ислом шариати ҳамда фуқаролик қонунчилигида розилик асослари” докторлик ишида саккизта фиқҳий мазҳаб, шунингдек рим, инглиз, француз, миср ва ироқ қонунчиликлари тадқиқ этилган. “Ал-Азҳар” университети олимнинг мазкур ишини юқори баҳолаб, уни дунёнинг бир неча тилларида чоп этишни тавсия қилган.

1985 йилда доктор Али Қорадоғий Қатар университети Шариат факультети ўқитувчилари сафига қўшилди.

1990 йилда ушбу даргоҳда ёрдамчи ўқитувчи, 1995 йилда эса профессор унвонини олди.

Олимнинг молия, иқтисод, ислом фиқҳи каби йўналишларда 30 дан ортиқ китоблари, 100 дан ортиқ тадқиқотлари мавжуд. “Ислом банкларининг фиқҳи”, “Ислом суғуртаси (такофул)”, “Молиявий ҳуқуқлар ҳамда уларнинг амалий тадбиқлари”, “Жаҳон молиявий инқирози: сабаблари, оқибатлари – Ислом иқтисодиёти нуқтаи назаридан ечимлари”, “Биз ва бошқалар: Қуръон, суннат ва мувозанат қонунлари нуқтаи назаридан, тинчлик, уруш, озчилик ва кўпчилик ҳолатидаги мусулмоннинг бошқалар билан бўлган муносабати баёнига асосланган тадқиқотлар”, “Закотга доир замонавий фиқҳий масалалар”, “Замонавий тиббий масалалар фиқҳи”, “Ислом иқтисодиёти”, “Замонавий фиқҳий муносабатлар”, Имом Ғаззолийнинг “Васит” ва “Эй фарзанд” асарлари тадқиқи ва шарҳи шулар жумласидан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мовароуннаҳрдан Ўмонгача: Ўзбекистон ислом цивилизацияси мероси бўйича халқаро мулоқот кўламини кенгайтирмоқда

06.11.2026   2261   5 min.
Мовароуннаҳрдан Ўмонгача: Ўзбекистон ислом цивилизацияси мероси бўйича халқаро мулоқот кўламини кенгайтирмоқда

2026 йил 4 ноябрь куни Ўмон  Султонлиги пойтахти Масқат шаҳрида «Ўзбекистон — Ўмон: маданий алоқалар. Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг хорижий тақдимотлари туркумини давом эттирди. Ушбу учрашувлар давлатимиз раҳбарининг ислом цивилизацияси меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ташаббуси доирасида ўтказилмоқда.

Симпозиум очилишидан аввал фахрий меҳмонлар Марказ томонидан тайёрланган кўргазма билан танишдилар. Экспозицияни биринчилардан бўлиб симпозиумнинг фахрий меҳмони — Ўмон  Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарий томоша қилди. У билан бирга Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий, Ўмон  Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси доктор Муҳаммад Саид Амур Ҳажрий, шунингдек, илмий ва маданий доиралар вакиллари ҳам кўргазмани кўздан кечирдилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг тарихий, илмий, маънавий ва бадиий мероси билан таништирувчи 150 дан ортиқ китоб нашрлари, шунингдек, миниатюралар, ҳайкалтарошлик намуналари ва бошқа экспонатлар намойиш этилди. Марказнинг ноширлик лойиҳалари ҳамда Мовароуннаҳр меросини ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги фаолияти меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Симпозиум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Ўмон  Султонлигидаги элчихонаси томонидан Марказ Илмий кенгаши аъзолари иштирокида ташкил этилди. Форумда 250 нафарга яқин иштирокчи, жумладан, сенаторлар, давлат муассасалари, илмий ва маданий ташкилотлар вакиллари, хорижий дипломатик ваколатхоналар элчилари, икки мамлакатнинг таниқли олимлари ва маданият арбоблари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикасининг Ўмон  Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов ҳамда Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий қутлов сўзлари билан иштирок этдилар. Дастур доирасида қатнашчиларга Марказнинг илмий-маърифий фаолияти ва лойиҳалари ҳақида видеотақдимот намойиш қилинди.

Илмий сессияда ўмонлик ва ўзбекистонлик олимлар икки мамлакатнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўмон  томонидан маърузачилар қаторида Ўмон  Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси доктор Муҳаммад Саид Амур Ҳажрий ҳамда Султон Қобус университети профессори, медиа ва интеллектуал дастурлар бўйича маслаҳатчи ва эксперт доктор Саиф бин Солим бин Саиф Ҳодий иштирок этди. Доктор Ҳодий ўз маърузасини Ўмон  жамиятида тинч-тотув ҳамжиҳатликда яшаш масаласига бағишлади.

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон ва Ўмон  қўлёзма меросини сақлаш, рақамлаштириш ҳамда илмий муомалага киритиш истиқболлари ҳақида сўз юритди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистонда ислом таълими тарихи ва унинг замонавий тажрибасини ёритиб берди. Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Шорустам Шомансуров икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини тақдим этди.

Симпозиумнинг муҳим амалий натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази ҳамда «Байт аз-Зубайр» музейи билан ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши бўлди. Ушбу келишувлар икки мамлакат муассасалари ўртасида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда касбий тажриба алмашиш учун асос яратади.

Симпозиум доирасида китоблар ва эсдалик нашрлари алмашинуви ҳам бўлиб ўтди. Ўмон Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарийга Катта Лангар Қуръони нусхасининг факсимиле нашри топширилди. Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмийга «Учинчи Ренессанс пойдевори» китоби, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган 120 та китоб учун сертификат ҳамда Марказнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Марказ нашрлари, шунингдек, Султон Қобус мажмуаси кутубхонаси ҳамда Ўмон  Миллий ҳужжатлар ва архивлар марказига топширилди. Миллий ҳужжатлар ва архивлар маркази ҳамда «Байт аз-Зубайр» музейи вакилларига ҳам китоб нашрлари топширилганини тасдиқловчи сертификатлар тақдим қилинди.

Маскат шаҳрида ўтказилган симпозиум Ўзбекистон ва Ўмон  ўртасидаги кўп асрлик маданий мулоқотнинг давоми бўлди. Кўргазма ва илмий сессия Ўмон  жамоатчилигини Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан таништирган бўлса, имзоланган меморандумлар ушбу мулоқотга амалий мазмун бағишлади.

 Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Ўмон Султонлигининг қатор етакчи маданий-маърифий муассасалари, музей ва кутубхоналари, жумладан, Ўмон Султонлиги Миллий музейида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди. Учрашувлар давомида музейшунослик, маданий меросни асраш, илмий тадқиқотлар ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, тажриба алмашилди ҳамда қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Ўмон Султонлиги Вақф вазири ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти ўртасида алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари