Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Доктор Муртазо Бедир

11.10.2024   9978   1 min.
Доктор Муртазо Бедир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Туркия диёнат вақфи Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM) раҳбари Доктор Муртазо Бедир 1968 йили Туркиянинг марказий қисмидаги Сивас вилоятида таваллуд топган.

1992 йил Мармара университети илоҳиёт факультетида бакалавриат таълимини тамомлаган.

1993 йили Туркиянинг Сакаря университетида илмий ходим сифатида иш фаолиятини бошлаган.

1996 йил Лондон университети Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг ҳуқуқ факультетида магистратура босқичини тамомлаган.

1999 йил Манчестер университети санъат ва фанлар факультетининг Яқин Шарқ тадқиқотлари бўлимида “Ҳанафий фиқҳи назариясининг дастлабки ривожланиши (Усул ал-фиқҳ)” номли докторлик диссертациясини ёқлаган.

2000 йилда Сакаря университети илоҳиёт факультети доценти лавозимида иш бошлади.

2002-2003 йилларда Сурия Миллий Таълим Вазирлиги стипендияси билан ушбу мамлакатда тадқиқот олиб борган.

2005 йилда Сакаря университети Ислом ҳуқуқи кафедрасининг доценти бўлди ва 2010 йил охиригача ушбу таълим даргоҳида фаолиятини давом эттирди.

2007-2008 йилларда Гарвард университети ҳуқуқ факультетида тадқиқот олиб борди.

2011 йилдан Истанбул университети илоҳиёт факультети профессори сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2013-2020 йилларда шу факультет декани лавозимида ишлаган.

2015 йилда Ислом Конференцияси Ташкилотига қарашли Халқаро Фиқҳ Академиясининг Туркия жумҳурияти вакили этиб тайинланган. Шу йили Дин ишлари бўйича Олий Кенгаш аъзоси этиб сайланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Абул Баракот Насафийнинг илмий мероси ва “Тафсирун Насафий” асари

16.06.2025   5235   7 min.
Абул Баракот Насафийнинг илмий мероси ва “Тафсирун Насафий” асари

Аннотация: Мазкур мақолада мўғуллар истилоси даврида яшаган, ҳанафий фиқҳ ва мотуридий ақида йўналишининг етук вакилларидан бири бўлган аллома Абул Баракот ан-Насафийнинг илмий мероси ўрганилади. Унинг калом, фиқҳ ва тафсир соҳаларига оид муҳим асарлари, хусусан “Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-Таъвил” номли тафсири алоҳида таҳлил қилинади. Ушбу тафсир асари ҳанафийлик ва аҳли сунна таълимотига асосланган бўлиб, унда Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Байзовий тафсирларидан танлаб олинган жиҳатлар, аммо мўтазилий ёндашувлардан ҳоли услуб қўлланилган.

Муаллиф Қуръон оятларини фиқҳий, тилшунослик ва каломий жиҳатдан изоҳлаб, тафсирни мўътадил, ихчам, исроилийлардан пок ва илмий ёндашувга асосланган ҳолда ёзган. Шунингдек, мақолада Абул Баракот Насафийнинг бошқа машҳур асарлари ва уламолар томонидан берилган таърифлар ҳам баён этилган. Бу мақола тафсир илми ривожига қўшилган бой илмий меросни очиб бериш баробарида, ҳанафий тафсир мактабининг ўзига хос жиҳатларини ҳам ёритади.

Калит сўзлар: Абул Баракот ан-Насафий, Мадорик ат-Танзил, Тафсир ан-Насафий, ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақида, тафсир илми, Кашшоф, Байзовий, аҳли сунна вал жамоа, фиқҳ, калом, Қуръон тафсири, мўғуллар даври, исроилият, қироатлар, тафсир услуби.


Насафдан етишиб чиққан улуғ олимлардан бири Абул Баракот Насафий ўзининг тафсир, фиқҳ, ақида соҳаларига оид асарлари билан машҳур бўлган. У туғилиб, яшаган пайт мўгуллар ҳукмронлиги даври бўлганлиги учун Мовароуннаҳрда илмий, маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга тушиб қолган эди. Шундай бўлишига қарамасдан Абул Баракот Насафий каби фидоий олимлар илмни жонлантиришга ва қайта тиклашга ҳаракат қилганлар. Абул Баракот Насафийнинг турли соҳалардаги асарлари;

“Ал-Мусаффо фи шарҳ ал-манзума ан-Насафия” (“ан-Насафий назмининг мусаффо шарҳи ”) – илми каломга оид;

“Ал-Мустасфо фи шарҳ ал-фиқҳ ан-нофи” (“Танланган фойдали фиқҳ шарҳи”) – ислом ҳуқуқшунослигига оид;

“Умдат ал-ақоид” (“Ақидалар асоси”) – калом илмига оид.

Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” китоби дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир. Бу асарни ёзишда Насафий Замахшарийнинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т танзил”, Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил” ва бошқа  тафсирлардан фойдаланган.

Аллома Лакнавий Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келгани, мударрислик қилгани ва шу ерда вафот қилганлини айтиб ўтган. 1310 йили раби ал-аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж шаҳрида (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) дафн қилинган.

Қуйида ушбу буюк имом ҳақида баъзи уламоларнинг фикрлари келтирамиз: Имом Лакнавий уни шундай таърифлаган: “Комил имом, замонасининг зийрак олимларидан, фиқҳда асосий манбаларга амал қилган, ҳадис ва унинг маъноларида етук олим".

Имом Ибн Ҳажар уни “дунёнинг алломаси” деб атаган.

Ибн Камол Паша унинг юксак илмий мақоми ҳақида шундай деган: “У мутақаддим фақиҳлар ва муҳаққиқлар қаторида юқори мавқега эга бўлиб, заиф ва мавзуʼ ҳадисларни ўз асарларида келтирмаган, балки мустаҳкам далилларга таянган”.

Шунингдек, у шундай деган: “Ижтиҳод эшиги у киши билан ёпилган, ундан кейин ҳеч бир мазҳабда янги мужтаҳид келмаган”.

Абул Баракот Насафийнинг бир қатор асарлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.


Насафий тафсири таърифи ва муаллифининг ундаги услуби.

Бу тафсирни Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул Байзовий” ва Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирлаидан мухтасар қилиб олган. Лекин у Кашшофдаги мўтазила эътиқодидаги фикрларни ташлаб, Аҳли сунна вал Жамоа мазҳабига кўра таълиф қилган. Бу тафсир узун тафсирлар билан қисқа тафсирлар орасидаги ўртача тафсирдир. Бу тафсирда Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ қироат ва таркиб қоидалари ўртасидаги важҳларни жамлаган. Бунга Кашшофда келган балоғат қоидалари ва яширин нозик маъноларни кашф этишдан иборат бўлган бир қанча нарсаларни ҳам киритган.

Шу билан бирга, Замахшарий ўз тафсирида қўллаган савол ва жавобларни ҳам келтирган. Лекин имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу тафсирида оятларни асос қилиб олган. Шунинг учун “Кашшоф”нинг соҳиби сураларнинг фазилати ҳақида мавзуʼ ҳадисларни келтирганидек у киши мавзуʼ ҳадисларни келтирмаган.

Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ грамматик қоидаларга чуқур кирмай, балки енгил тўхталиб ўтган. Мутавотир етти қироатни лозим тутиб, ҳар бир қироатни ўз қорисига нисбатини берган. Ҳукм оятларнинг тафсирида фиқҳий мазҳабларга қисқача тўхталиб ўтган. Ҳар бир мазҳаб келтирган фикрларни қисқача баён қилиб, асосан, кўпинча ўзининг ҳанафий мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Мазҳабига мухолиф келганларга раддиялар берган. Бу тафсирда Исроилиёт ривоятларининг зикри камдан-кам учрайди. Шунда ҳам бундай ривоятларни келтириб туриб, сўнгра рад қилади.

Дарҳақиқат, имом Насафий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирининг аввалида қисқа бир иборани келтириб, унда ўзининг бу тафсирини ёзишдаги йўналиши ва услубини баён қилиб, жумладан, шундай дейди: “Тафсир илмида қироат ва таркиб важҳларини жамлаган, «Бадиʼ ва ишорат” илмининг нозик жиҳатларини ўз ичига олган, Аҳли суннат вал жамоатнинг сўзлари билан безалган, бидъат ва залолат аҳлининг ботил фикрларидан холи бўлган, малол келадиган даражада жуда узун бўлмаган ва халал берадиган даражада жуда қисқа бўлмаган, ўртача бир китобни ёздим».


Ҳамидуллаев Нўмонхон,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Уватов У. Юртимиз алломалари. – Тошкент: Ниҳол, 2014. – Б. 98.
  2. Абул Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Мадина: Дорус сирож, 2001 – Б. 29.
  3. Абул Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Мадина: Дорус сирож, 2001 – Б. 13.
  4. Абдулҳай Лакнавий. Фавоидул баҳийя. – Байрут: Матбаъатус саъода, 1998. – Б. 101.
  5. Ибн Хажар Асқалоний. Дурарул камина. – Ҳайдаробод: Маорифил Усмония, 1994, – Ж. 1. – Б. 17.
  6. Абдулҳай Лакнавий. Фавоидул баҳийя. – Байрут: Матбаъатус саъода, 1998 – Б. 101-102.