Шу йил 10 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги томонидан Қарши, Деҳқонобод туманлари ва Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларидаги жоме масжидларда фаолият юритувчи имом-хатиб, ноиб, муаззинлардан иборат жамоалар Вакиллик кубоги учун ўтказилган футбол ва волейбол мусобақаларида беллашди.
Хусусан, Қарши шаҳри ва Қарши тумани жамоалари футбол, Деҳқонобод тумани ва Шаҳрисабз шаҳри жамоалари эса волейбол мусобақалари бўйича финал баҳси ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, футбол мусобақасида 2:1 ҳисоб билан Қарши шаҳар жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, волейбол бўйича эса 2:0 ҳисобида Деҳқонобод тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақалар ўта қизиқарли ва таассуротларга бой, кўтаринки кайфиятда ўтди.
Ғолиб ва совриндорлар Вакиллик кубоги, махсус диплом ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди.
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
#ҳаж
64-CАВОЛ:
Ассалому алайкум. Мен пиёда ҳаж қилмоқчиман, шу масалага динимизда нима дейилади?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Пиёда ҳаж қилиш тўғрисида мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ макруҳ, деганлар. Чунки пиёда ҳаж қилишда сафар машаққати одамнинг хулқига салбий таъсир кўрсатиб, киши феълини тажанг қилиб қўяди. “Мажмаъул анҳур” китобида: “Уловда ҳаж қилиш пиёда ҳаж қилишдан афзалдир ва фатво ҳам шунгадир”, дейилади.
Ҳозирги кунда ватандошларимизнинг хавфсизлиги ва қулайлигини ҳисобга олиб, фақат уюшган ҳолда ва ҳаво йули орқали ҳаж сафари қилинади. Ҳар бир ҳожининг хавфсизлиги, соғлиги ва ибодатларни тўлиқ бажариши махсус ишчи гуруҳ диққат-эътиборида бўлади.
Демак, якка тартибда пиёда ва автомобилларда ҳаж сафари қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки пиёда сафар қилинганда бир нечта хорижий давлатлар чегаралари кесиб ўтилади ва йўлнинг хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар яратилиб турганда бир пайтда, жонимизни хавфга қўйиб, пиёда ҳаж қиламан, дейиш маъқул эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar