Шу йил 15 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Миср Араб Республикаси муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд жаноблари икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, хусусан фатво йўналишида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётганига урғу қаратиб, бунда икки давлат раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига туртки бўлаётганини таъкидладилар.
Мулоқотда таълим, илмий-тадқиқот, малака ошириш ва диний-маърифий соҳалардаги ҳамкорликлар тобора ривожланиб бораётганини қайд этдилар.
Хусусан, Миср Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ҳазратлари, Миср вақф ишлари вазирлиги ва Дорул Ифто билан доимий алоқалар ўрнатилганини қайд этди. Ўз навбатида, Ўзбекистон заминида ўтказилаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли анжуманнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Доктор Назир Муҳаммад Айёд жаноблари ўзаро алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалишини қайд этиб, Ўзбекистон Миср учун муҳим аҳамиятга эга мамлакат эканини таъкидлади. Шунингдек, бу юртда Ислом дини ривожи учун ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққани, жумладан, аҳли сунна вал-жамоа таълимоти асосчиларидан бири Имом Мотуридий, буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий кабиларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб бутун Ислом олами XIV асрдан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларидан баҳраманд бўлиб келаётганини алоҳида қайд этди. Назир Муҳаммад Айёд Ўзбекистондаги ўзгаришларни доимо кузатиб бораётгани, Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти катта аҳамиятга молик эканини таъкидлади.
Келгусида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва диний соҳа ходимлари ўртасида малака ошириш курсларини ташкил этиш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини кенг оммалаштириш мақсадида илмий-оммабоп ҳужжатли фильм ва спектакль сахналаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.
Шу муносабат билан шу йил 5 март куни Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида драматург Шавкат Пардаев қаламига мансуб Имом Термизийнинг ибратли ҳаёти ва илмий меросини ўз ичига олган “Имом Термизий” номли асар сахналаштирилди.
Ушбу спектакль Жамоатчилик кенгаши томонидан мақулланди ва томошабинларга намойиш этишга тавсия этилди.
Мазкур асарнинг сахналаштирилиши, Имом Термизий шахсининг тарихий аҳамиятини янада очиб бериш ва ёш авлодга унинг илмий меросини танитишда катта аҳамиятга эга.
Имом Термизий халқаро илмий
тадқиқот маркази
Матбуот хизмати