Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уйга кираётган киши каттами, кичикми, эркакми, аёлми салом бериб кириши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар” (Нур сураси, 61-оят).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон аҳлинг ҳузурига кирсанг, салом бергин, ўзингга ва аҳлингга барака бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Демак, уйингизга қутбарака, тинчликҳотиржамлик бўлишини истасангиз, уйга киришда салом бериб киришни унутманг!
Агар уйга кирганда ҳеч ким йўқ бўлса, у ҳолда қуйидаги салом берилади:
السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللَّهِ الصَّالِحِينَ
“Ассалому аълайна ва аъла ибадиллаҳис солиҳийн”.
Саломнинг маъноси: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин”.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Даврон НУРМУҲАММАД
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД