2024 йил 16 октябрь куни Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” масжидида Ўзбекистон карлар жамияти ташкил этилганининг 95 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон карлар жамияти раҳбари Гўзал Шодиева, Бирлашган Араб Амирликлари карлар ассоциацияси президенти Рошид Али Рашид Эйса Алмансори, Қувайт карлар ассоциацияси президенти Абдуллоҳ Файёд, Ўмон карлар ассоциацияси вице-президенти Maжид Муҳаммад Мабруук ал-Мармари, шунингдек, эшитиш ва нутқида имконияти чекланган 100 нафар юртдошларимиз, Қирғизистон республикасидан 15 нафар имконияти чекланган меҳмонлар қатнашди.
Тадбирда юртимизда имконияти чекланган шахсларга бўлган эътибор, хусусан, берилаётган имтиёзлар, таълим-тарбия олиши учун қилинган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Хорижий меҳмонлар Ўзбекистонда эшитиш ва нутқида имконияти чекланганларга кўрсатилаётган эътибор юқори даражада эканини эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.