2017 йилдан буён “Диёнат” ташкилоти ва ТРТ тармоғи билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Қуръони каримнинг энг гўзал қироати 2025” танловига рўйхатдан ўтиш босқичи бошланди. Бу ҳақда “IQNA” сайти “Diyanet Habe”га таяниб хабар берди.
Унга кўра, мусобақа фақат эркаклар ўртасида ўтказилади ва иштирокчилар 15 ёшдан кичик бўлиши лозим. Ушбу мусобақаларда Туркиядан ва ундан ташқаридаги Қуръон қорилари иштирок этиши мумкин ва иштирокчилар якка тартибда, жуфтлик ёки гуруҳ бўлиб рўйхатдан ўтишлари ҳам мумкин.
Дастлаб 2025 йил 15 январгача www.trt1tilavet.com сайтида анкета тўлдирилади. Сўнг рўйхатдан ўтишни якунлаш учун иштирокчилардан сўралган видеони WhatsApp орқали 2 кун ичида юбориши талаб қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Отам менга ўргатган учта ишни ҳеч қачон унутмайман. Сизларга ҳам улар ҳақида айтиб бергим келди.
Биринчиси, отам менинг қўлимдан тутиб, ёзишни ўргатарди. Мен ўқиш ва ёзишни отамдан ўргандим. Ҳаётим мобайнида нимаики яхши нарса ўқисам, ёзсам, унинг савобидан отамга ҳам насиба бориб туради, иншоаллоҳ.
Иккинчиси, отам тирноқларимни олиб қўяр, менга бу ишнинг аҳамияти, тирноқ остидаги микробларнинг зарари, хусусан, овқат пайтидаги зиёни ҳақида гапириб берарди. Бироз каттароқ бўлганимда тирноғимни ўзим олишимни ўргатди. Ҳар тирноқ олганимда шуларни эслаб, ҳақига дуо қилиб қўяман.
Учинчиси, отам нонушта қилмай уйдан чиқишимга йўл қўймасди. Соғлом бўлишда эрталабки нонуштанинг аҳамиятини кейин билиб олдим. Ҳар нонушта қилганимда ҳам отамнинг ҳаққига дуо қиламан.
Маърузаларимдан бирида йиғилганлардан: «Фарзандларингизга ҳар куни қўллайдиган учта ажойиб одатингиз борми?» деб сўрадим. Бир ота деди: «Ишга кетишимдан олдин уларни ўпиб қўяман, аср намозини ўқиб бўлгач, уларинг ҳар бири учун дуо қиламан, уйқуга ётишларидан олдин уларни бағримга босаман».
Сиз ҳам ўзингиздан сўраб кўринг-чи, отангиз ёки онангиз сиз учун бажарадиган учта энг яхши ишни эслай оласизми? Ёки ўзингиз болангизга учта яхши одатни ўргатяпсизми?..
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг
"ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА 700 САБОҚ" китобидан