Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож динга қайтишга, оилавий ҳаётда, иқтисодий турмушда маълум бир низомларга амал қилишга мажбур бўлди.
Олдимизда икки йўл бор: ё динни инкор қилиш, ё динга эргашиш. Динни инкор қилган давлатлар қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бунинг натижасида улар қандай қийинчилик ва муаммоларга дуч келгани барчамизга маълум.
Шу боис динга жуда катта эҳтиёж бор. Аллоҳга иймон келтиришдан, динга эътиқод қилишдан бошқа чора йўқ! Инсоният динга ниҳоятда муҳтож ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди. Динсиз жамиятда, давлатда, оилада ва шахсда катта машаққатлар, улкан муаммолар юзага келади.
Бундай муаммоларнинг энг оғири – бугунги кунда мусулмон умматига ихтилоф, тафриқалар солинаётганидир. Мўмин-мусулмонларни зимдан бир неча тоифага ажратиб, шу тариқа умматнинг бирлигига рахна солинмоқда. Биз ҳозир бундай тоифаларнинг икки асосий белгисини айтиш билан кифояланамиз. Бу – таҳаллул ва ташаддуддир, яъни ўта енгил олиш ва ўта қаттиқ олиш. «Таҳаллул мактаби» динни енгил санаб, унга енгил-елпи амал қилишга чақиради.
«Ташаддуд мактаби» эса ўта чуқур кетиб, қаттиқ ушлашни, мутаассибликни ёқлайди. Демак, уларнинг бири динда фақат осон йўлни, енгил йўлни танлашга чақирса, бошқаси фақат қаттиқ туриш тарафдори. Бу жуда чуқур ўйланган усул, чунки одамларнинг табиати шундай: бир тоифа енгилликни ёқтирса, иккинчиси қаттиқ туришни ёқлайди. Аммо учинчи йўл ҳам бор бўлиб, бугунги кунда мана шу уч мактаб, яъни уч йўналиш шаклланган. Ҳанафий фиқҳига кириш айнан шуни ўрганишдан бошланади.
Мазкур уч йўналиш юқорида айтиб ўтилган «ташаддуд», яъни таассубона қаттиқ туриб олиш йўналиши, «таҳаллул», яъни енгил-елпи амални ёқлаш йўналиши ҳамда бу икки йўлнинг ўртаси – «тавассут», яъни мўътадиллик йўналишидир. Мазкур икки йўналиш мустамлакачилик таъсирида пайдо бўлган. Учинчи, мўътадил мактаб эса соф Исломни авлоддан авлодга етказиб келаётган мактабдир. Бу ҳақ мактабдир, ҳақни гапирувчи мактабдир. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Нега айнан шу мактаб ҳақ? Бундан бошқаси ҳам ҳақ бўлиши мумкин-ку? Айнан шу мактаб ҳақлигига далилингиз борми?» Биз Қуръонга иймон келтирамиз. Қуръонда «Зикрни Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз муҳофаза қиламиз» деган оят бор. Демак, Аллоҳ таоло бу динни Ўзи муҳофаза қилади. Ким бунга шубҳа қилса, кофир бўлади, Қуръонни ёлғон деган бўлади. Хўш, Аллоҳ таоло бу диннинг сақланиб қолишига қайси йўлни сабаб қилди?
«Сизлар инсонлар учун яратилган энг яхши уммат бўлдингиз» деган оятни эсланг. Мусулмонларнинг 90 фоизи Аҳли сунна мазҳабида экан, «Мазҳаблар ҳақ йўлда эмас» десак, инсоният учун яратилган энг яхши уммат бўлмай қоламиз-ку! У ҳолда ҳолатимиз Қуръондаги ушбу оятга тўғри келмай қолади.
Аҳли сунна сифатида, мусулмон уммати сифатида инсонлар учун яратилган энг афзал уммат бўлмасак, унда бизнинг бу сифатимиз қаерда қолади? Биз бутун Ислом тарихи давомида тўрт фиқҳий мазҳабга, икки ақийдавий мазҳабга ва тасаввуф мазҳабларига эргашиб келдик.
Шундан келиб чиқадики, Аҳли сунна ҳақ йўл экан. Аллоҳ бу динни мана шу фиқҳий мазҳаблар воситасида муҳофаза қилиб келди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلي الله عليه وسلم قال: مَن أنْفَقَ زَوْجَيْنِ في سَبيلِ اللَّهِ، دَعاهُ خَزَنَةُ الجَنَّةِ، كُلُّ خَزَنَةِ بابٍ: أيْ فُلُ هَلُمَّ، قالَ أبو بَكْرٍ: يا رَسولَ اللَّهِ، ذاكَ الذي لا تَوَى عليه، فقالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: إنِّي لَأَرْجُو أنْ تَكُونَ منهمْ. رواه البخاري.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг йўлида бир жуфт (нарса) нафақа қилса, уни жаннат хозинлари чақиради. Ҳар бир эшик хозини: “Эй фалончи, кел бу ёққа”, (дейди)”, дедилар. Абу Бакр: “Ё Аллоҳнинг Расули, зое бўлмайдиган ўша экан-ку”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сен улардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда раҳмат пайғамбари Саййидимиз Набий алайҳиссалом биз умматни осон, аммо Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта даражаларга, ажр-мукофотга етказадиган амалга буюряптилар. Эътибор билан қараладиган бўлинса, ҳадиси шарифда айтилаётган амални ҳаммамиз ҳар куни қила олишимиз мумкин бўлган амалки, ҳеч биримиз Аллоҳ таолонинг фазл-у марҳаматидан умидимизни сўндирмасак ҳам бўлади.
Ҳадиси шарифда “бир жуфт”, дейилди. Бунда ҳар қандай нарсадан бир жуфтни тушунишган ушбу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз. Бир жуфт кийим, бир жуфт дирҳам, бир жуфт динор, бир жуфт нон, бир жуфт таом ва ҳоказо. Инсонга ёрдами тегиши мумкин бўлган, унга фойда бериши мумкин бўлган ҳар қандай нарса тушунилади. Демак, айнан қайсидир нарсанинг қандай турини инфоқ қилиш шарт эмас. Киши топганини мусулмон биродарига илиниб уни садақа қилса ҳадиси шарифда айтилаётган ваъдага етиши аниқ экан. Қаранг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган амални ихлос билан, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амалга оширадиган бўлсак, жаннатни ҳаётимизда доим учрайдиган, ҳамма ҳам қила оладиган, оддий амал билан қўлга киритишимиз аниқ экан.
Савол туғиладики, бу амални бир маротаба қилса кифоями ёки доимий шундай амалда бардавом бўлиш керакми? Ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу амални бир маротаба ёки доим қилган одамга ушбу ваъда етиши мумкинлигини тушунамиз. Мана шундай амалда чин ихлос-ла, Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиб собит бўлган одамга қиёмат куни ҳар бир Жаннат дарвозасида турган фаришталар уни эй, фалончи, бу ёққа, кел, дея чақирар экан.
Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса-бирор нарса сарфласа (ёки маъноси: Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа), жаннат эшикларидан биридан чақирилади: ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу шунда: “Ё Аллоҳ пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?” деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сиз ўшалардан бўлсангиз керак”, деб жавоб бердилар.
Уламолардан Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ “Ат-Тамҳид” номли асарларида (7/184-185 бетлар) қуйидагиларни айтадилар:
“Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири шуки, Ислом тарғиб этган амалларни бажаришда ҳар ким ҳам ҳамма соҳада илғор бўлолмайди, бирида жонбозлик кўрсатса, аксар ҳолларда бошқасидан маҳрум қолиши мумкин, жуда кам ҳолатларда буларнинг барчаси бир кишида тўпланади, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ана шундай нодир кишилардан эдилар. Бу ҳадисда яна шунга далолат борки, бир нарсага кўпроқ одатланган киши ўшанга мансуб этиб қайд этилади (албатта, бу ерда фарзи айндан ташқари бўлган ибодатлар ҳақида гап кетмоқда). “Ким намоз аҳлидан бўлса”, деган сўзларига эътибор беринг, яъни, “ким намоздан кўпайтирган, кўп ўқиган бўлса” дегани. Негаки, ҳамма ҳам намоз аҳлидан экани маълум. “Ким жиҳод аҳлидан бўлса”, “ким рўза аҳлидан бўлса” деганлари ҳам шу маънода.
Имом Моликнинг Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий номли зоҳид, обид кишига айтган сўзлари ҳам шунга ўхшаб кетади. Мазкур зоҳид бир куни имом Моликни кўпроқ узлатга даъват этиб, зикру намоз, амални кўпайтиришга, одамлар билан ҳадеб ўтиравермасликка чақириб хат ёзади. Имом Моликнинг унга жавоби қуйидагича бўлган эди: (Аллоҳ таоло худди ризқларни бўлиб берганидек, амалларни ҳам тақсимлаб қўйди; баъзиларга намозда ғайрат берилиб, рўзада унча берилмаган бўлса, айримлар рўзада пешқадам бўлиб, намозда бундай бўлмаган, яна бошқалар садақада жонбозлик кўрсатиб, рўзада илғор бўла олмаган, тағин бирлар жиҳодда ўрнак бўлиб, намозда ўртаҳол бўлган. Илмни ёйиб, ундан таълим бериш энг афзал эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло менга бериб қўйганига розиман. Мен қилаётган иш сиз қилаётган амалдан қуйи бўлмаса керак, иккимиз ҳам яхшилик устидамиз, деб умид қиламан)”. Ибн Абдул Баррдан келтирилган иқтибос тугади.
Демак, ҳаётимизнинг жабҳалари турлича. Инсонлар ҳам турли хил табиат, турли хил қараш, турфа хиллик билан яратилган. Уларнинг дунё қараши, қизиқиши, бирор бир нарсага бўлган рағбати ҳам турли хил. Мана шуларни жуда яхши билган Роббимиз Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳмат набийси саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тиллари билан бизга таълим бериб айтяптики, барчангиз ҳаётнинг турли хил жабҳаларидан юриб менинг розилигимни истанглар, ҳар ким ўзига муяссар қилинган амал ила менинг розилигимни топишга ҳаракат қилсин! Зеро, сизларнинг қай бирингизни қай бир амали қабул қилинишини Мендан ўзга ҳеч ким билмайди. Сизларни кўзингизга катта кўринган амални қабул қилмаслигим, сизларнинг наздингизда кичик, ҳақир кўринган амални қабул қилиб, ундан рози бўлишим ҳамда уни амалга оширган бандамни жаннатимга киритишим ҳам мумкин.
Азизлар! Динимиз барчaмизни амалга буюради. У катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай амални ихлос, муҳаббат ва асосийси Роббимиз азза ва жалланинг розилигини истаган ҳолда амал қилишга ҳаракат қилишимиз лозимки, зеро, Аллоҳ таоло покдир, покни қабул қилади. Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ амалларда собит қилсин! Ўзининг розилигига етказсин! Бизларни набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга қовуштирсин! Омин!
Абдуллоҳ Абдулғофир,
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси.