Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Ўспиринлик вақтимда кучсизлигим ўзимга ёқмасди. Худди эркаклардек кучли кўринишга ҳаракат қилардим. Бу эса ўзимни эркаксифат қилиб кўрсатишга, овозимни йўғонлатиб, дағал бўлишга мажбур қиларди. Ўжарлик қилиб, бировнинг фикрини осонликча қабул қилмас эдим. Уй ишларини бўйнимга олишдан қочардим. Мени «эркакшода» дейишлари учун сингилларимни урардим. Бу пайтда 17-18 ёшларда эдим. Афсуски, буларнинг барчаси менга фақат қайғу, ғам-ташвиш олиб келди. Бундан ота-онам, сингилларим ва энг ачинарлиси, ўзим азият чекдим.
Бир куни ўз аслимга – қизлигимга қайтишга қарор қилдим. Ожизалигимни тан олиб, ундан фойдалана бошладим. Қарангки, бундан фақат яхшиликка эришдим, ота-онамнинг меҳрини, яқинларимнинг муҳаббатини қозондим. Эркакларга (отага, ака-укага, эрга) заифликни изҳор қилсам, уларда эркаклик ҳисси жўш уриб кетар экан, ўзига муҳтож бўлиб турган аёлга янада кўпроқ меҳр кўрсатишар экан. Ўзини кучли, қайсар қилиб кўрсатадиган қизларга эса қўпол муносабатда бўлишар экан.
Шундай қилиб, ожизалигим билан қайсарлик қилганимдан кўра ота-онамнинг меҳрини, эътиборини ва ҳатто пулини кўпроқ қозонишим мумкинлигини ўрганиб олдим.
Энди қизларга шундай насиҳат қиламан: «Ожизлигингиз – сизнинг кучли яширин қуролингиз экан. Ундан оқилона фойдалансангиз, ота-онангизнинг қалбини забт этишингиз мумкин. Юмшоқ бўлсангиз, онангиз қайсарлик қилганингизда бермайдиган нарсаларини ҳам беради. Ота-онангиздан қайсарлик, қўполлик билан ололмаган нарсаларингизни ожизлик билан осонгина оласиз экан».
Қиз бола ожизлигини йиғи билан эмас, зийраклик билан; қайсарлик билан эмас, сокинлик билан; ғазаб билан эмас, мулойимлик билан куч-қувватга айлантириши мумкин.
Эй покиза қалбли синглим!
Аёл киши (қиз бола) заифлигидан тўғри фойдалана олса, уйини ҳам жаннатга айлантиради, Аллоҳ таоло уни ҳақиқий жаннатга кириш билан ҳам сийлайди. Ожизалик аслида афзаллик, устунликдир. Аёл киши уйида чинакам ожизлигини кўрсата билса, ғам-қайғулари йўқолади, бундан ташқари, оила аъзоларини ҳам бирдек хурсанд қилади.
Буни қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аёлларингиз ичида жаннатийлар кимлигини айтайми? Истараси иссиқ, ёқимли, бола туғадиган, жаҳли чиқса ёки унга ноҳақлик қилинса, эрининг қўлини ушлаб, «Аллоҳга қасамки, мендан рози бўлиб, кечирмагунингизча ухламайман», дейдиганларидир».
Бундай аёл ожизлигидан тўғри фойдаланиб, эрини ҳам, оила аъзоларини ҳам хурсанд қиладиган, буни гўзал ҳолатда уддалайдиган аёлдир. Ўзи ҳақ бўлса ҳам, кимдир уни ғазаблантирса ёки эридан, отасидан, ака-укаларидан ноҳақлик етса, ёки бирор хатоси туфайли эри ёки отаси ундан ранжиса, ҳар қандай ҳолатда ҳам кимнингдир у туфайли хафа бўлиб ухлашига йўл қўймайди. Бундай аёл – ўзи мазлум бўлса ҳам, барча дилихираликларни аритмагунча тинчимайдиган аёлдир. Шу йўл билан у ўз қалбидаги жароҳатларни даволайди, қайғуга ботиб, умрининг олтинга тенг дамларини зое қилмайди. Шу билан бирга, унга ёмонлик қилган инсонни кечириб юборади, уни ислоҳ қилишга ҳаракат қилиб, «Мендан рози бўлмагунингизча менга уйқу ҳаром», дейди.
Бу ҳадиси шарифда барча аёл-қизлар бирдек яхши тушуниши керак бўлган хабар бор. Аёл киши – уйнинг бахт калитидир. Заифа, ожиза бўлишига қарамай, Аллоҳ унга улкан руҳий матонат ато этган. Ўзига нисбатан ноҳақлик қилинган ўринда ҳам эрини, отасини, онасини, акасини кечириб, улардан узр ҳам сўрай олади. Шу тариқа ўзининг ожизлигини кучга айлантиради. Заифалигидан фойдаланиб, ҳам ўзига, ҳам турмуш ўртоғига – оиланинг барча аъзоларига шодлик, қувонч, бахт ато этади. Ҳадисда таърифи келтирилганидек бўла олса, Аллоҳнинг изни билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда қилган жаннатий аёллардан бири бўлади.
Узр сўраш узр соҳибини мутлақо ерга урмайди. Ноҳақ бўла туриб узр сўраш сизнинг хато қилганингизни ҳам ифодаламайди. Аксинча, бу – сиз учун ўз манфаатларингиздан кўра яқинларингиз билан яхши алоқани сақлаб қолиш устун туришини билдиради. Бу эса сизга янада кўпроқ куч-қувват бағишлайди. Бунинг лаззатини эса фақат уни тотиб кўрганларгина англаб етадилар.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳий китобларда Маккаи Мукаррамадаги йигирма бир жойда қилинган дуолар мустажоб бўлиши ҳақида ёзилган ва салафи солиҳлардан нақл қилингандир. Мадинаи Мунавварада ҳам дуо қабул бўладиган кўплаб жойлар бор. Дуо қилишга эътибор қаратиш лозим бўлган ўринлар қуйидагилардир:
1. Байтуллоҳни илк кўрган пайтда;
2. Тавоф қилаётган пайтда;
3. Мултазамга осилган пайтда;
4. Раҳмат тарновининг остида;
5. Байтуллоҳнинг ичида;
6. Замзам сувини ичаётганда;
7. Мақоми Иброҳимнинг ёнида;
8. Сафо тоғининг устида;
9. Марва тоғининг устида;
10. Саъй қилаётганда;
11. Арафот майдонида;
12. Муздалифа майдонида;
13. Мино майдонида;
14. Тош отгандан кейин жамарот олдида;
15. Ҳатимнинг ичида (Фатҳул қодирда);
16. Рукни ямонийнинг олдида;
17. Савр ғорида;
18. Ҳиро ғорида;
19. Дорул Арқам жойлашган жойда;
20. Хадича розияллоҳу анҳонинг маконлари жойлашган жойда;
21. Мудъо мақоми, яъни Масжидул Ҳарамдан Жаннатул муъалло томон кетишда жойлашган жойда (Ғуниятун-носик);
22. Мадинаи Мунавварадаги Риёзул жаннада;
23. Оиша розияллоҳу анҳонинг устунлари ёнида;
24. Абу Лубоба устунлари ёнида;
25. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳробларида;
26. Суффада;
27. Фатҳ масжидида;
28. Қубо масжидида;
29. Масжидул қиблатайнда (Икки қибла масжидида);
30. Масжидул ижобада.
Ушбу жойларга келиш насиб қилган ҳар бир киши Аллоҳ таолога тазарруъ ила дунё ва охиратдаги муродларини сўраши лозим. Бундай ўринларда самимий дуолар қилиб олишдан ғафлатда қолмаслик керак.