Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақанинг савоби кўп?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: - Сен соғлом ва очкўз ҳолингда, фақирликдан қўрқиб, бойликни умид қилиб туриб берган садақангнинг савоби кўпдир. Жонинг ҳалқумингга келгунича кечиктириб, кейин: «Бу фалончига, бу пистончига» деб юрма! Ўшанда сен айтмасанг-да, фалончиники бўлган бўлади!
Инсон соғлом пайтида ибодатга тўйиб олиши лозим. Кун келиб, ибодат қила олмай қолиши мумкин.
Куч борида саждалардан лаззатланинг. Ҳали ажин тушмаган пешанангизни ерга қўйинг. Кун келиб, курсига ўтириб, сажда қилишга кучингиз етмай қолиши мумкин. Тўғри, Аллоҳ стулга ўтириб қилган саждангизни ҳам қабул этади. Эҳтимол, ўшанда сизнинг қалбингиз билан қилган саждангиз бошқаларнинг пешанаси билан қилган саждадан афзал бўлар. Аммо Аллоҳ таоло бандасининг офиятда турганида, соғ-саломат юрганида қилган саждасини яхши кўради. Беморлик инсонни синдириб қўяди. У инсонни Аллоҳга яқинлаштиради. Бу инсоннинг фитрати. Аммо соғлом ва кучли инсон саждага бош урганида худди Роббига: «Мана, бу бошнинг ташвишлари кўп бўлса-да, Сенга сажда қилди. Бу қалбнинг чалғитувчи нарсалари кўп бўлса-да, Сенга хушуъ қилди!» дегандек бўлади.
Куч борида ҳаж қилиб лаззатланинг. Бошқа бир киши сизни ногиронлар аравачасига солиб айлантирмасидан олдин ўз оёғингиз билан Каъбани тавоф этинг. Сафо ва Марва орасида саъй қилинг. Ҳожар онамиз қадамларини тезлатган жойда қадамингизни тезлатинг. Тош отишда бошқаларни вакил қилишдан олдин ўз қўлингиз билан шайтонга тош отинг!
Тўғри, Аллоҳ таоло бандасининг қудрати етганича қилган ибодатларини қабул этаверади. Эҳтимол, аравачада киши кучли умид ва хавф билан тавоф қилар. Аммо белида қувват борида қилган ибодатга ҳеч нарса тенг кела олмайди!
Кучли пайтингизда тўйиб-тўйиб рўза тутиб олинг. Умр ўтиб кетиб қолмасидан, рўза учун Фидя бериб юришдан олдин, соғлом ҳолатда рўза тутишни орзу қилишдан, қон босими, қандли диабет, ошқозон яраси сизни безовта қилмасидан олдин рўзадан лаззатланинг. Тўғри, Аллоҳ таоло бандасига раҳмати ўлароқ унинг фидя ва каффоратларини қабул қилар, эҳтимол. Аммо ибодатлардан тўйиб олмасидан олдин ибодатни кўнгилдагидек адо қила олмаслик жуда ҳам аламли! Агар, қариялар каффоратини беришади-да, кейин маза қилиб юришади, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Аллоҳга қасамки, беморлик ва қарилик туфайли рўза тута олмасдан каффорат ва фидя бериб юрадиган беморлар қалбида ёриқ бор!
Имкониятли эканингизда садақадан лаззатланинг. Рўзғорга ишлатаман десангиз, мингта маош ҳам етмайди. Турмушнинг талаблари кўп. Уни тўла-тўкис қилиб бўлмайди. Ҳамма нарса кетади, аммо садақа қолади. Озгина бўлса-да, маошингиздан садақа чиқаришга одатланинг. «Электр пули», «телефон пули» ва «дўкондаги қарзга» деганга ўхшаш «садақага ажратилган пул» деб номланган пулингиз ҳам бўлсин!
Мол жамловчи бўлманг. Барибир уни меросхўрлар олади. Сиз эса ҳисоб берасиз. Ожиз бўлиб, қариб тўшакда михланиб қолишни кутиб ўтирманг. Бу пайтда сизга мол керак бўлмайди. Бу пайтда «Фалончига», «пистончига» дейишнинг фойдаси йўқ. Айтмасангиз ҳам уларни бўлади. Тўғри, Аллоҳ таоло садақани қанақанги ҳолда берсангиз ҳам, қабул қилаверади. Аммо молни ишлатишга имкони ва ўрни бўлганда садақа қилиш билан молни ишлатишга қодир бўла олмай қолганида садақа қилишнинг фарқи бор!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي أُسَيْدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلَّمَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ وَأَنَا عِنْدَهُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَوَايَ قَدْ هَلَكَا، فَهَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّهِمَا شَيْءٌ؟ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَم، أَرْبَعَةُ أَشْيَاءَ: الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عُهُودِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ رَحْمِهِمَا الَّتِي لَا رَحْمَ لَكَ إِلَّا مِنْ قِبَلِهِمَا»، فَقَالَ الرَّجُلُ: مَا أَكْبَرَ هَذَا أَوْ مَا أَطْيَبَهُ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «فَاعْمَلْ بِهِ».
Абу Усайддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа! Тўрт нарса қолди: уларга дуо қилишинг, уларга истиғфор айтишинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажаришинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилишинг», дедилар.
Шунда ҳалиги одам: «Бу қандай ҳам улуғ!» ёки «Қандай яхши, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Энди шунга амал қил!» дедилар».
Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.
Ана шу йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.
Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганларидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.
1. Дуо қилиш.
Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш.
Ота-онасининг гуноҳини кечишини Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этган бўлади.
Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг ваъдаларини бажариш.
Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларига яхшилик қилиш.
Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетганларидан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савоблар етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлиши.
2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.
3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши лозимлиги.
4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.
5. Фарзанд вафот этган ота-онасининг аҳдига вафо қилиши кераклиги.
6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.
Бундан тушуниб оламизки, ота-она ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилишнинг эшиклари очиқдир. Мана шу ривоятда келганидек, боланинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта ҳаққи қолар экан. Уларни бажариш боланинг вазифаси экан.
عَنْ هَمَّامٍ قَالَ: قُلْتُ لِكَعْبٍ: أَحْتَسِبُ عِنْدَ اللهِ مَا فَاتَنِي مِنْ بِرِّ الْوَالِدَيْنِ. قَالَ: لَمْ يَفُتْكَ بِرُّهُمَا، اسْتَغْفِرْ لَهُمَا، وَاجْعَلْ لَهُمَا حَظًّا مِنْ صَلَاتِكَ وَصِيَامِكَ وَصَدَقَتِكَ تَكُنْ مِنَ الْأَبْرَارِ، إِنْ شَاءَ اللهُ.
Ҳаммамдан ривоят қилинади:
«Каъбга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Шарҳ: Ровий Ҳаммам ўзини қийнаб юрган масалани Каъбул Аҳборга дилидан чиқариб баён қилди: «Ота-онамга қилолмай қолган яхшиликларим учун Аллоҳнинг Ўзидан сабр сўрайман», деди.
Мана шу гап уни доимо қийнар эди. Ота-онаси тирик чоғида уларга кўнгилдагидек хизмат қила олмади. Улар ўтиб кетганларидан кейин қадрларини тушуниб етди. Энди афсус-надомат чекмоқда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу экан-да. Ота-она тирик чоғида, олдида турганларида уларнинг қадрини тушуниб етмабди. Дунёнинг ташвишини қилибди. Болам-чақам, дебди. Мана, энди афсус қилмоқда. Қани эди, ҳозир ота-онаси тирик бўлсалар-у, у кечаю кундуз ихлос билан хизматларини қилиб, дуоларини олса. Афсус, афсус! Энди иложи йўқ. Улар қайта тирилиб келишмайди. Ҳаммам уларга яхшилик қила олмайди. Бутун умри афсус билан ўтади.
Каъбул Аҳбор кутилмаганда Ҳамманинг хаёлида йўқ гапни айтиб қолди.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Ҳа, ота-онангга яхшилик қилолмай қолганинг йўқ. Улар вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсанг бўлаверади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ота-оналаримизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун сен уларнинг икковларига истиғфор айтиб тур. «Аллоҳим, отамни мағфират қил, онамни мағфират қил, гуноҳларини кечир», деб тур.
Ота-онангга намозингда дуо қилиб тур. Рўзангдан ҳам уларга насиба ажрат. Савобини уларга бағишла. Уларни йўқлаб, садақа қилиб тур. Ўша садақанинг савобини уларга бағишла. Бу ишларинг ота-онангга худди тириклик чоғларида яхшилик қилганингдек бўлади.
Демак, инсон ота-онасининг ортидан дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, намозидан, рўзасидан, садақасидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриш билан ҳам ота-оналарига қиладиган яхшилигини давом эттириши мумкин экан.
Фарзанднинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилиши ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар билан чекланиб қолмайди. Балки булардан бошқа ишлар билан ҳам ота-онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик қилиш мумкин. Ана шундай ишлардан баъзилари кейинги бобларда келади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.