Cавол: Тик турган ва юрган ҳолатда Қуръон ўқиш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тик турган ҳолда Қуръони каримни ўқишнинг зарари йўқ. Юриб кетаётган киши бошқа нарсага чалғимай, Қуръони каримга аҳамият бера олса, юриш асносида ўқишнинг зарари йўқ. Бу ҳақда “Ҳошиятут Таҳтовий” китобида қуйидаги маълумотлар берилган: “Юрган ва ишлаб турган кишини қилаётган иши ё юриши Қуръондан чалғитмаса, шу ҳолда тиловат қилиш жоиз, акс ҳолда жоиз эмас. Уламолар ёнбошлаб Қуръон ўқиш ҳақида турли гаплар айтишган бўлиб, афзали Қуръонни улуғлашга мос шаклда ўқишдир. Бошқа китобларни ёнбошлаб ўқишнинг гуноҳи йўқ. Мусҳафга қараб қироат қилиш ёддан ўқишдан кўра афзалроқдир. Чунки мусҳафга қараб ўқишда икки ибодат (Мусҳафга назар қилиш ва уни тиловат қилиш)ни жамлаётган бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳий китобларда Маккаи Мукаррамадаги йигирма бир жойда қилинган дуолар мустажоб бўлиши ҳақида ёзилган ва салафи солиҳлардан нақл қилингандир. Мадинаи Мунавварада ҳам дуо қабул бўладиган кўплаб жойлар бор. Дуо қилишга эътибор қаратиш лозим бўлган ўринлар қуйидагилардир:
1. Байтуллоҳни илк кўрган пайтда;
2. Тавоф қилаётган пайтда;
3. Мултазамга осилган пайтда;
4. Раҳмат тарновининг остида;
5. Байтуллоҳнинг ичида;
6. Замзам сувини ичаётганда;
7. Мақоми Иброҳимнинг ёнида;
8. Сафо тоғининг устида;
9. Марва тоғининг устида;
10. Саъй қилаётганда;
11. Арафот майдонида;
12. Муздалифа майдонида;
13. Мино майдонида;
14. Тош отгандан кейин жамарот олдида;
15. Ҳатимнинг ичида (Фатҳул қодирда);
16. Рукни ямонийнинг олдида;
17. Савр ғорида;
18. Ҳиро ғорида;
19. Дорул Арқам жойлашган жойда;
20. Хадича розияллоҳу анҳонинг маконлари жойлашган жойда;
21. Мудъо мақоми, яъни Масжидул Ҳарамдан Жаннатул муъалло томон кетишда жойлашган жойда (Ғуниятун-носик);
22. Мадинаи Мунавварадаги Риёзул жаннада;
23. Оиша розияллоҳу анҳонинг устунлари ёнида;
24. Абу Лубоба устунлари ёнида;
25. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳробларида;
26. Суффада;
27. Фатҳ масжидида;
28. Қубо масжидида;
29. Масжидул қиблатайнда (Икки қибла масжидида);
30. Масжидул ижобада.
Ушбу жойларга келиш насиб қилган ҳар бир киши Аллоҳ таолога тазарруъ ила дунё ва охиратдаги муродларини сўраши лозим. Бундай ўринларда самимий дуолар қилиб олишдан ғафлатда қолмаслик керак.