Cавол: Тик турган ва юрган ҳолатда Қуръон ўқиш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тик турган ҳолда Қуръони каримни ўқишнинг зарари йўқ. Юриб кетаётган киши бошқа нарсага чалғимай, Қуръони каримга аҳамият бера олса, юриш асносида ўқишнинг зарари йўқ. Бу ҳақда “Ҳошиятут Таҳтовий” китобида қуйидаги маълумотлар берилган: “Юрган ва ишлаб турган кишини қилаётган иши ё юриши Қуръондан чалғитмаса, шу ҳолда тиловат қилиш жоиз, акс ҳолда жоиз эмас. Уламолар ёнбошлаб Қуръон ўқиш ҳақида турли гаплар айтишган бўлиб, афзали Қуръонни улуғлашга мос шаклда ўқишдир. Бошқа китобларни ёнбошлаб ўқишнинг гуноҳи йўқ. Мусҳафга қараб қироат қилиш ёддан ўқишдан кўра афзалроқдир. Чунки мусҳафга қараб ўқишда икки ибодат (Мусҳафга назар қилиш ва уни тиловат қилиш)ни жамлаётган бўлади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Нарпай тумани марказий масжиди ҳисобланган “Нақшбандий” жоме масжидининг янги биноси қурилишига дастлабки ғишт қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда оқсоқоллар, имомлар, зиёли ва масъуллар иштирок этди.
Маросимда сўз олган Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулла домла Сатторов ва туман ҳокими Шербек Буранов масжид қуришнинг фойдалари, катта савоблиги, унинг ҳомийлар ва ҳашар йўли билан барпо этилаётгани таҳсинга лойиқлигини таъкидлади.
Хайрли ишни бошлашдан олдин Қуръони карим тиловат қилиниб, эзгу амаллар бардавом бўлиши, элу юртга омонлик ва фаровонлик сўраб, дуога қўл очилди.
Маълумот ўрнида ушбу янги масжид икки қаватдан иборат бўлиб, жами 5 000 намозхонни ўз бағрига олади. Унинг қурилиш ишлари 2026 йилга қадар якунланиши мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати