Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(ҳижрий 30–35, милодий 651–656 йиллар)
Ислом оламидаги катта фитнанинг учи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ғаразгўй кучлар томонидан суиқасд уюштирилиб, у кишининг ўлдирилишларидан бошланган эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олиб бораётган музаффар сиёсатлари кўпчилик душманларнинг «жигарини еб бораётган» эди. Улар Исломнинг бутун ер юзи бўйлаб яшин тезлигида тарқалиб бораётганини мутлақо кўра олмас эдилар.
Худди ана шундай кучлар ҳазрати Умарнинг вафотларидан кейин Рум ва Форс томонларда қуролли хуружлар қилиб, Ислом жамияти қарамоғидан чиқиб, эски тузумларини қайта ўрнатмоқчи бўлишди. Аммо халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларнинг бу хуружларини ўз вақтида бартараф қилдилар.
Ҳарбий томондан кучи етмаган ғанимлар ички томондан турли фитналар чиқаришга ўтишди. Улар ўз мақсадлари йўлида турли омилларни ишга солишди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврлари бошқа давр эди. У вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, турли синовларда чиниққан, иймон ва ихлосда тенги йўқ саҳобаи киромлар кўпчиликни ташкил қилар эдилар. Улар орқали жамият ичида ҳар қандай сиёсатни осонлик билан жорий қилиш мумкин эди. Жамият аъзолари фитна нималигини билмас эдилар. Фитна у ёқда турсин, баъзи Қуръони Карим ва эътиқод бўйича шубҳали саволлар берган шахсларнинг ҳам адаблари бериб қўйиларди. Ана ўша умумий руҳ ва халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўша руҳдан келиб чиқиб юритаётган сиёсатлари баъзи бир бузғунчи табиатли шахсларнинг ҳам танобини тортиб турар эди.
Аммо вақт ўтиши билан шароитлар ўзгарди. Ҳазрати Умарнинг шиддатли сиёсатларини бардавом олиб бориш қийин эди. Буни ҳамма тушунарди. Шунинг учун саҳобаи киромлар янги халифа сайлаш вақтида бошқача сиёсат юргизадиган шахсни изладилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг номзодларидан кўра Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини устун кўришларига ҳам ҳазрати Алийнинг шиддатлари сабаб бўлди. Саҳобалар «Умарнинг шиддатидан кейин Алийнинг шиддати қўшилса, тўғри келмайди» деган фикрга бордилар.
Бунинг устига, катта саҳобалар камайиб қолган эдилар. Арабларнинг ичида ҳам кейин мусулмон бўлган, Ҳижознинг ўзидан эмас, атрофидан бўлган қабилалар кўпайган эди. Энг асосийси, яшин тезлигида тарқалган фатҳлар давомида турли халқлар Исломни қабул қилган бўлиб, уларда ўзларининг аввалги динлари, эътиқодлари ва фикрлари таъсири ҳали кучли эди. Ўша халқлар ичида хўжакўрсинга мусулмон бўлганлари ҳам бор эди. Энг хатарлиси, фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъга ўхшаб Исломга ички томондан зарба бериш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас эди.
Ана шулар аста-секин фитнага замин тайёрлай бошладилар. Уларнинг баъзи ишларини юқоридаги сатрларда ҳам бир оз ўргандик. Улар аввалига ишни баъзи волийлар устидан шикоят қилишдан бошлашди. Бу иш биринчи бўлиб Куфадан бошланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тайин қилган волий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан харож омили Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар ўртасида волийнинг Байтулмолдан олган қарзини вақтида тўлаши ҳақида низо чиқди.
Иккалаларига ўзига яраша тарафдор ва қаршилар тўпланди. Халифа волийни ишдан олиб, ўрнига Валид ибн Уқбани қўйдилар. У киши ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу томонларидан Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб қўйилган ерида ишлаб турган эди. Уни куфаликлар хурсанд бўлиб кутиб олдилар. Бу ишдан айниқса олдинги волийга қарши бўлган кишилар хурсанд бўлишди. Одатда, фитначилар янги раҳбарнинг қўйнига киришга ҳаракат қилишади. Бу ерда ҳам шундай бўлди. Янги волий ҳамма билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилди. Ҳамма ишлар яхши кетиб турганда, бир ҳодиса содир бўлди. Ана шу ҳодиса туфайли ишлар бошқачасига айланиб кетди.
Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, уй эгасини ўлдиришди. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни тутишди. Улар орасида Зуҳайр ибн Жундуб Аздий, Муварриъ ибн Абу Муварриъ Асадий ва Шубайл ибн Убай Аздийлар бор эди. Маҳкамада уларнинг жиноятлари собит бўлди ва шариат ҳукмига биноан қатл этилдилар. Уларнинг оталари ва қариндошлари бу иш учун волий Валиддан хафа бўлиб, унга қарши пайт пойлай бошлашди. Унинг кечқурун олиб бориладиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан, Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин Исломни қабул қилган ва ароқ ичиш одати бор эди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб: «Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?» деди. Улар айни шу гапни кутиб туришган эди. Бу гапни бирпасда ҳамма тарафга тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши: «Биз ўзини беркитган одамнинг авратини очмаймиз», дедилар. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди. «Сендек одам фитначи қавмга шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу ғариб – нотаниш одам ҳақида айтиладиган гап», деди. Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқчилик тушди.
Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолишмади. Дорул хилофага бориб, Валиднинг устидан шикоят қилишга қарор қилишди. Улар ичларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига боришди. Фитначиларнинг сафида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Одатда, фитначиларнинг доимо шунга ўхшаш кишиларни излаб топиб, ўз сафларига қўшиб олишлари синалган тажрибадир. Улар бориб, ўз мақсадларига эришдилар. Волий Валид ибн Уқба ибн Абу Муъайт чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди. Бу иш фитначилар томонидан қилинган уйдирма эди.
Мазкур куфалик фитначиларга Молик ибн Ҳорис Аштар Нахаъий, Собит ибн Қайс Нахаъий, Кумайл ибн Зиёд Нахаъий, Зайд ибн Сувҳон Абдий, Жундуб ибн Зуҳайр Ғомидий, Жундуб ибн Каъб Аздий, Урва ибн Жаъд, Амр ибн Жаъд ва Амр ибн Ҳамиқ Хузоъийлар раҳбарлик қилишар эди.
Улар фитна қилиб юриб, Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ҳам ишдан бўшатилишига эришдилар.
Аммо ҳамма балонинг боши Мисрда эди. Абдуллоҳ ибн Сабаъдек фитнабоши ҳамма ердан қувилса ҳам, бу ерда ҳурмат-эътибор топган эди. У Мисрга жойлашиб олиб, ўз режасини амалга оширишга замин тайёрлар эди. У кўпчилик орасида ўз таълимотларини тарқатиб борарди. У одамларга: «Ҳар пайғамбарнинг бир васийси бор. Муҳаммаднинг васийси Алийдир. Муҳаммад хотамул анбиё, Алий эса хотамул авсиёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятига амал қилмай, у зотнинг васийсига ҳамла қилиб, умматнинг ишини ўз қўлига олган одамдан ҳам золимроқ кимса борми? Усмон ноҳақдан халифа бўлиб олган. Алий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васийси. Унга ёрдам бериш керак. Бу ишни адо этиш учун қўзғалинг! Ҳар ким ишни ўз амирига айб қўйишдан бошласин. Сиртдан амри маъруф, наҳий мункар қилаётган бўлиб кўрининглар. Ўшанда одамлар сизларга мойил бўладилар. Уларни ўз ишимизга унданглар!» дер эди.
У ўз тарғиботчиларини ҳар тарафга юборди. Турли жойлардаги фитначилар билан мактублар орқали хабарлашувни яхшилаб йўлга қўйди. Улар Абдуллоҳ ибн Сабаъга ҳар тарафдан хат юбориб туришарди. Фитначилар бир-бирлари билан ўз амирларини айблаб хат ёзишарди. Олган мактубларини иложи борича кўпроқ одамларга ўқиб беришарди.
Фитначилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтишмас эди. Улар ҳар бир кишини ўз сафларига тортишга ҳаракат қилар, ҳар бир ҳолатдан ўз фойдалари учун бирор нарса чиқаришга уринишарди. Энди фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни асосий мўлжал қилиб олишган, у кишини айблаш йўлида турли бўҳтонларни тўқишар, бу бўҳтонларни одамлар ўртасида тарқатишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишарди. Софдил мусулмонлар уларнинг бундай бўҳтонларига қарши қўлларидан келган чораларни кўрар эдилар.
Бўҳтонлар осонлик билан рад қилинар, аммо фитначилар тиним билишмасди. Ҳазрати Усмонга нисбатан қилинган энг катта туҳматлар икки қисмга бўлинади: бири – ҳукм тарафдан, иккинчиси – иқтисодий тарафдан.
Ҳукм тарафидан бўлган айблов «Атрофига қариндошларини йиғиб, кўпгина юқори мансабларга уларни қўйган» деган туҳмат асосида бўлган. Аслида эса Усмон розияллоҳу анҳу буни қариб қолганлари, ёрдамчиларга муҳтож бўлганлари учун қилган эдилар, чунки энг ишончли одамлар қариндошлар бўлади. Бегонадан кўра кўпроқ уларга суянилади. Уларнинг нималарга имконлари борлигини, қандай ишларга қодирлигини олдиндан билгани учун улар билан ишлаш осон бўлади.
Иқтисодий тарафдан бўлган эътирозларга келсак, маълумки, Усмон розияллоҳу анҳу жуда ҳам бой, қўли очиқ, бахиллик нималигини билмайдиган, Аллоҳ таолонинг йўлида молининг ҳаммасини нафақа қилиб, тарқатган одам бўлганлар. Байтулмолга эга бўлганларида ундаги молдан ўзлари олганлар, қариндошларига ва сўраганларга берганлар. Баъзи вақтда исроф бўлган, деган туҳматлар ҳам бўлган.
У киши Ислом йўлида барча молларини нафақа қилган, мусулмонларнинг, халифаликнинг иши учун ўзларининг сон-саноқсиз молларини сарфлаган эдилар. Демак, Байтулмолдан ҳожатлари учун ёки қийналмасдан яшаш учун керакли миқдорда олишга ҳақлари бор эди.
Фитначилар мана шу нуқталарни ушлаб олиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғалон кўтаришди. Бу кўр-кўрона фитна кенг тарқалди. Ғазабини тия олмаган кўплаб одамлар Мадинаи мунавварага келиб, халифа билан жангу жадал қилишди. Куфалик, басралик, мисрлик фитначилар Мадинага бир вақтда кириб келишди. Уларнинг йўлини ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу тўсиб чиқиб, қилаётган ишлари хатолигини тушунтирдилар, халифани мудофаа қилдилар. Шундан кейин қўзғалончилар орқага қайтиб кетишди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي أُسَيْدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلَّمَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ وَأَنَا عِنْدَهُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَوَايَ قَدْ هَلَكَا، فَهَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّهِمَا شَيْءٌ؟ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَم، أَرْبَعَةُ أَشْيَاءَ: الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عُهُودِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ رَحْمِهِمَا الَّتِي لَا رَحْمَ لَكَ إِلَّا مِنْ قِبَلِهِمَا»، فَقَالَ الرَّجُلُ: مَا أَكْبَرَ هَذَا أَوْ مَا أَطْيَبَهُ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «فَاعْمَلْ بِهِ».
Абу Усайддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа! Тўрт нарса қолди: уларга дуо қилишинг, уларга истиғфор айтишинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажаришинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилишинг», дедилар.
Шунда ҳалиги одам: «Бу қандай ҳам улуғ!» ёки «Қандай яхши, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Энди шунга амал қил!» дедилар».
Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.
Ана шу йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.
Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганларидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.
1. Дуо қилиш.
Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш.
Ота-онасининг гуноҳини кечишини Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этган бўлади.
Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг ваъдаларини бажариш.
Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларига яхшилик қилиш.
Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетганларидан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савоблар етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлиши.
2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.
3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши лозимлиги.
4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.
5. Фарзанд вафот этган ота-онасининг аҳдига вафо қилиши кераклиги.
6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.
Бундан тушуниб оламизки, ота-она ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилишнинг эшиклари очиқдир. Мана шу ривоятда келганидек, боланинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта ҳаққи қолар экан. Уларни бажариш боланинг вазифаси экан.
عَنْ هَمَّامٍ قَالَ: قُلْتُ لِكَعْبٍ: أَحْتَسِبُ عِنْدَ اللهِ مَا فَاتَنِي مِنْ بِرِّ الْوَالِدَيْنِ. قَالَ: لَمْ يَفُتْكَ بِرُّهُمَا، اسْتَغْفِرْ لَهُمَا، وَاجْعَلْ لَهُمَا حَظًّا مِنْ صَلَاتِكَ وَصِيَامِكَ وَصَدَقَتِكَ تَكُنْ مِنَ الْأَبْرَارِ، إِنْ شَاءَ اللهُ.
Ҳаммамдан ривоят қилинади:
«Каъбга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Шарҳ: Ровий Ҳаммам ўзини қийнаб юрган масалани Каъбул Аҳборга дилидан чиқариб баён қилди: «Ота-онамга қилолмай қолган яхшиликларим учун Аллоҳнинг Ўзидан сабр сўрайман», деди.
Мана шу гап уни доимо қийнар эди. Ота-онаси тирик чоғида уларга кўнгилдагидек хизмат қила олмади. Улар ўтиб кетганларидан кейин қадрларини тушуниб етди. Энди афсус-надомат чекмоқда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу экан-да. Ота-она тирик чоғида, олдида турганларида уларнинг қадрини тушуниб етмабди. Дунёнинг ташвишини қилибди. Болам-чақам, дебди. Мана, энди афсус қилмоқда. Қани эди, ҳозир ота-онаси тирик бўлсалар-у, у кечаю кундуз ихлос билан хизматларини қилиб, дуоларини олса. Афсус, афсус! Энди иложи йўқ. Улар қайта тирилиб келишмайди. Ҳаммам уларга яхшилик қила олмайди. Бутун умри афсус билан ўтади.
Каъбул Аҳбор кутилмаганда Ҳамманинг хаёлида йўқ гапни айтиб қолди.
«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».
Ҳа, ота-онангга яхшилик қилолмай қолганинг йўқ. Улар вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсанг бўлаверади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ота-оналаримизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун сен уларнинг икковларига истиғфор айтиб тур. «Аллоҳим, отамни мағфират қил, онамни мағфират қил, гуноҳларини кечир», деб тур.
Ота-онангга намозингда дуо қилиб тур. Рўзангдан ҳам уларга насиба ажрат. Савобини уларга бағишла. Уларни йўқлаб, садақа қилиб тур. Ўша садақанинг савобини уларга бағишла. Бу ишларинг ота-онангга худди тириклик чоғларида яхшилик қилганингдек бўлади.
Демак, инсон ота-онасининг ортидан дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, намозидан, рўзасидан, садақасидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриш билан ҳам ота-оналарига қиладиган яхшилигини давом эттириши мумкин экан.
Фарзанднинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилиши ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар билан чекланиб қолмайди. Балки булардан бошқа ишлар билан ҳам ота-онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик қилиш мумкин. Ана шундай ишлардан баъзилари кейинги бобларда келади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.