Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Дуо ижобатидан ҳеч қачон ноумид бўлманг!

04.11.2024   6403   3 min.
Дуо ижобатидан ҳеч қачон ноумид бўлманг!

Дуо – буюк ва қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таолога муножат қилишидир. Банда доим Роббисига юзланиб дуо қилишини Қуръони каримда ўргатиб бундай марҳамат қилади: “Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 55-оят). Бошқа оятда эса: «Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”, деди» (Ғофир сураси, 60-оят).
 

Юқоридаги оятлардан кўриниб турибдики, биз бандалар Ҳақ таолонинг амрига биноан дуо қиламиз, Аллоҳ таоло ўзининг  ваъдасига мувофиқ ижобат этади.


Дуо қилиш бандани Аллоҳ таоло ҳузурида хожандманд эканини, ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Уни қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола.


Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади”, – дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Дуодан бошқа ҳеч нарса Аллоҳга қадрли эмасдир” (Имом Термизий ривояти).


Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилишининг шакллари:  

1. Аллоҳ дуони дарҳол қабул қилади. Яъни, инсон Аллоҳдан нима сўраган бўлса, ўша нарсани беради.


2. Аллоҳ “Кут” дейди. Яъни, дуони кечиктиради, лекин бандаси учун ундан ҳам яхшироғини тақдим этади.


3. Аллоҳ дуони бошқача қабул қилади. Яъни, сўралган нарсани эмас, балки бандаси учун кўпроқ манфаати бўлган нарсани беради ёки унга зарар етишидан сақлайди.


Бу жавоблар Аллоҳнинг ҳикмати билан амалга ошади ва У доимо банда учун яхшиликни истайди.Аллоҳ таоло бандага бир нарсани бермоқчи бўлса, аввал уни тайёрлаб, сўнг ўша нарсага лойиқ қилади." Яъни, Аллоҳ бир бандага неъмат ёки қийинчилик юборишни ирода қилганида, аввал бандани унга муносиб қилиб, сабр-тоқат ва шукр қобилиятини ривожлантириш орқали ўша нарсага тайёрлайди. Бу фикр мусулмонлар орасида Аллоҳнинг ҳикматига бўлган ишончни кучайтиради.Дуода тўғридан-тўғри Аллоҳдан сўраш муҳим саналади. 


Аллоҳ бандалари учун энг яқин ва ҳамма нарсани яратишга қодир Зотдир. Аллоҳ таолога дуо қилаётганингизда мен қилаётган дуо ижобат бўлармикан, бир дуо қилиб қўяйчи, деманг. Балки Аллоҳ таолога дуони ижобат бўлишига аниқ ишонч билан қилаверинг.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида: “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, дедилар. Демак, икки дунё саодатидан умидвор ҳар бир инсон Аллоҳга дуони канда қилмай, Ўзидан сўраши лозим.  Мусулмон одам дуо қилар экан, ижобат бўлишига шубҳа қилмасин.


Юқорида саналган дуо қабул бўлишининг уч хил шакли Аллоҳнинг раҳмати ва инояти кенглигини кўрсатади. Шу боис инсонлар ҳар доим дуо қилишда давом этишлари ва унинг ижобатини эса Ҳақ таолога ҳавола этишлари керак экан.

              Қурбонов АҲЛИДДИН,

Имом Термизий ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   22536   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ