Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Амаллар ниятга боғлиқдир ёхуд инернетдан фойдаланиш одоблари

7.11.2024   1889   5 min.
Амаллар ниятга боғлиқдир ёхуд инернетдан фойдаланиш одоблари

Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, муболаға эмас. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.

Интернет ҳақида одамларнинг фикри турлича, баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевидение, радио каби бир восита. Муҳими ундан қандай фойдаланишда. Уни яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатиш мумкин. Демак, энг муҳим вазифамиз, интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланаётганларга, айниқса, ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир.

Қуйида динимиз таълимотларига уйғун ҳолда интернетдан фойдаланиш одобларини баён қиламиз:

  • Ниятни яхши қилиш.

Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардандир. Ҳатто бир қараганда оддий бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай дейдилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир…” (Имом Бухорий ривояти).

  • Интернетдан олинадиган ва тарқатиладиган барча маълумотлар шариатимиз кўрсатмасига мос бўлиши даркор.

Интернет ҳам хилват жой ҳукмида бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир сураси, 19-оят).

  • Интернетдан фойдаланаётганда болаларни қаровсиз қолдирмаслик лозим.

Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти).

Интернетдан фойдаланишда яна бир жиҳат бор, яъни икки ва ундан ортиқ кишилар орасидаги виртуал алоқалар. Бунга чат, форум, фейсбук, телеграм, инстаграм ва твиттерларни мисол қилиш мумкин. Бугунги кунда мана шу соҳадаги хато-камчиликларимизни ислоҳ қилишга жуда муҳтожмиз. Чунки жамият, дин, оила ва шахсга бўлаётган аксарият таҳдидлар мана шу виртуал алоқалар орқали рўй бермоқда. Қуйида бу борада энг муҳим бўлган одобларга тўхталамиз:

  • Интернетдаги ўзаро алоқаларда ҳам динимиздаги умумий қоидаларга риоя этиш, ман қилинганларидан сақланиш керак.

Ижтимоий тармоқлар ғийбатчилар “жавлон” урадиган майдон бўлиб қолмасин. Бу борада ҳам бир инсон ақл билан фикр юритиши лозим бўладики, эрта қиёматда пушаймон бўлиб қолмасин. Доимо яхши гумон, бағрикенглик ва чиройли хулқни маҳкам тутсин.

            Ҳусни хулқ ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрққин, ёмонликка яхшиликни эргаштирки, ёмонликни ювиб кетади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил (Имом Термизий ривояти).

Ижтимоий тармоқларда бир-бирини ҳақорат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

ҲИКОЯ. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди, сўнг чиқиб кетди. Укетганидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: "Агар бу аёлнинг бўйи паст бўлмаганида у қандай ҳам гўзал ва чиройли бўларди", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй оиша, сени уни ғийбат қилдинг", дедилар. Оиша онамиз: "Мен унда бор (рост) нарсани айтдим-ку", дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сен унда бор нарсани айтганинг учун ғийбат бўлди, унда йўқ (ёлғон) нарсани айтсанг, бўҳтон қилган бўлар эдинг", дедилар. Шунинг учун бизлар бундай гап-сўзлардан эҳтиёт бўлишимиз даркор.

  • Интернет орқали ўзга жинс вакиллари билан мулоқотда номаҳрамлик масаласига жуда эҳтиёт бўлиш шарт.

            Мана шу масалага бепарволик кўплаб муаммоларга сабаб бўлмоқда.
 Масалан : Эркакка келган хатлар хотиннинг қўлига тушиб ёки эр хотиннинг бегона эркаклар билан ёзишмаларини топиб олган холатлар ё Оила қурмаган  ёш йигит – қизларнинг Ижтимоий тармоқдаги ёзишувлари сабабидан тўйдан сўнг оилаларда ҳаловат йўқолиб, никоҳнинг бузулишигача бормоқда.

            Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан унумли фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни амалга оширишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ҳам шу асосларга риоя этиши шарт. Акс ҳолда, турли гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса, ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш бурчимиздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Шифо оятларини ўқинг!

23.12.2024   1431   2 min.
Шифо оятларини ўқинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим, унинг юзини янада гўзал қилгин, сочлари ва танасини қувватли қилгин. Қатода розияллоҳу анҳу 75 ёшида вафот этганида гўё ўн беш ёшли йигитга ўхшарди.

Бир куни Имом Қосим Кушайрий раҳимаҳуллоҳнинг ўғли касал бўлиб қолди. Ота фарзандининг касаллигидан қаттиқ ғамга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради ва ўғлига шифо тилаб дуо сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўғлингга шифо оятларини ўқи”, дейдилар. Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи уларни ўқийди ва ўғли тузалиб кетади.

Шифо оятларига қуйидагилар киради:

وَيَشْفِ صُدُورَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ

(Аллоҳ) мўминлар қавми қалбларига шифо беради” (Тавба сураси, 14-оят).

 

يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

“Эй, одамлар! Сизларга Роббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси, 57-оят).

 

يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 69-оят).

 

وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآَنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ

(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят).

 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур (Шуаро сураси, 80-оят).

 

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).


Даврон НУРМУҲАММАД