Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Йўқотилган болта

07.11.2024   3927   1 min.
Йўқотилган болта

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир киши айтади: "Бир куни мен болтамни йўқотиб қўйдим. Менга қўшним болтани ўғирлагандек туюлди. Гумонимни тасдиқлаш учун  уни диққат билан кузатдим. Унинг юриши худди болтамни ўғирлаган одамнинг юришидай кўринди. Гапириш тарзи ҳам, ҳамма ҳаракатлари болтамни ўғирлаган кишининг ҳаракатидек туюлаверди.

Ўша кеча болта қайғусида уйқум келмади, туни билан уйғоқ қолиб, қўшнимни ўғри эканлигини қандай қилиб аниқласам экан, деб ўйланиб чиқдим. Эрта тонгда турсам болтам топилиб қолди. Кичик ўғлим болтани устига пўстинни ташлаб қўйган экан. Кейин қўшнимга қарасам, у болтамни ўғирлаган одамга ўхшамай қолди. На юриши, на гапириши, на бошқа ҳатти-ҳаракатлари болтани ўғирлаган кишиникига ўхшамайди. У кўзимга бутунлай беайб, бегуноҳ одам бўлиб кўринди.

Шундагина тушундимки, аслида менинг ўзим ўғри эканман. Қўшнимнинг беозорлиги ва ишончини ўғирлаб, унинг шаънига доғ туширдим. Қолаверса, ўз ҳаётимдан бир кечани ўғирладим, уни бегуноҳ одамни айблаш йўлини ахтариш билан ўтказдим.

Ичидан булғанган одам атрофида тоза, бегуноҳ инсонлар борлигини тушуниб етмас экан...".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

16.06.2025   2459   1 min.
Масжидул ҳаромда ухласа, таҳорати синмайдими?

Савол: Масжидул ҳаромда намозларни жамоат билан ўқиб, кейинги намоз вақтини кутиб ўтирганимизда, айрим ҳожиларимиз ётган ҳолда ухлаб қолиб, кейинги намозга азон айтилганда, таҳорат қилмай намоз ўқишаётганига гувоҳ бўлдим.

Бунинг хукми динимизда қандай? Чунки ухлаш таҳоратни бузади деб ўқиганмиз ва шунга амал қиламиз. Ёки масжидул ҳаромда айрим ҳукмлар ўзгарадими?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳанафий мазҳабига кўра, бирор нарсага суяниб, ёки ёнбошлаган ҳолда ухлаш таҳоратни синдиради. Бу ҳукм масжидул ҳаромга ҳам тегишли. Сиз айтган ҳожилар ерга ёнбошлаган ҳолда ухлаган бўлсалар, таҳоратлари синади. Лекин кўзини юмиб, ухламасдан, зикр қилиб ётадиганлар ҳам бўлади. Агар шундай қилган бўлсалар, табиийки таҳоратлари синмайди.

Масжидул ҳаромда дунёнинг турли нуқтасидан келган зиёратчилар ибодат қилади. Уларнинг ичида илмли инсонлар билан бир қаторда ибодатга энди кирган, шаръий ҳукмларни яхши ўзлаштирмаганлар ҳам бўлади. Уларнинг қилаётган ишини кўриб, анавилар қиляпти-ку, демак, нотўғри эмас эканда, деб қилиб кетавермаслик керак.

Қолаверса, у ерда турли мазҳаб одамлари ибодат қилади. Айрим мазҳабларда ухлаш, бадандан қон чиқиш каби ишлар таҳоратни синдирмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда ҳар иккиси ҳам таҳоратни бузади ва бунга уламоларимиз бир қанча ҳадисларни далил ўлароқ келтирганлар.

Шу боис, улуғ маконларга ибодатга отланаётган одамлар: хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, шаръий ҳукмларни билиб олиши ёки биладиган одам ҳамроҳлигида бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ибодат қиламан деб, гуноҳга ботиши ҳеч гап эмас. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.