Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Маҳзун бўлган пайтларим ўзимни ожиз, ночор ҳис қилардим. Бу қайғуларга сабр қилишга куч топа олмасдим. Шунинг учун руҳан енгилиб, дардларим баттар кўпаяр, қалбим чилпарчин бўларди. Бир куни ўзимга ўзим савол бердим: «Пайғамбарларга, солиҳ зотларга ҳам мусибатлар келган-ку, улар қандай сабр қилишган экан? Ахир уларга келган мусибатлар олдида бизнинг мусибатларимиз ҳеч нарса эмас-ку?»
Бу саволларнинг жавобини узоқ қидирдим. Бир куни бир олимнинг сабр ҳақидаги маърузасини эшитиб қолдим. Мусулмон одам мусибатларга чидаш, қайғуларга қарши курашиш учун Аллоҳдан сабр сўраши керак экан. Солиҳ подшоҳ Толутнинг мўмин дўстлари золим Жолут ва унинг сон-саноқсиз қўшинига рўбарў бўлганларида шундай қилишган экан:
«Роббимиз, устимиздан сабр ёғдиргин, қадамларимизни собит қилгин, бизга кофир қавмлар устидан нусрат бергин» (Бақара сураси, 250-оят).
Аллоҳ уларнинг дуосини ижобат қилди:
«Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар» (Бақара сураси, 251-оят).
Фиръавннинг сеҳргарлари ҳам Мусо алайҳиссаломга берилган мўъжизани кўриб, Аллоҳга иймон келтиришди. Жазавага тушган Фиръавн ғазаб устида уларни ўлдирмоқчи бўлганида улар шундай дуо қилишди:
«Роббимиз, устимиздан сабр ёғдиргин, бизни мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин» (Аъроф сураси, 126-оят).
Улар иймонда мустаҳкам туриш учун Аллоҳдан сабр сўрашди, дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан шаҳид бўлишди.
Шуларни англаганимдан кейин мусибатга учраган, қайғуга тушган пайтларимда мана шу дуоларни айтиб, Аллоҳга ёлворадиган бўлдим.
Бу дуоларни бирпасда яхши кўриб қолдим, улар қалбимнинг тўридан жой олиб, ҳаётимни ўзгартириб юборди. Шундай қилиб, ўзига ишончи йўқ, руҳан заиф қиз эдим, Аллоҳ мени мусибатга, қайғуларга сабр қилишим учун, мустаҳкам бўлишим учун ўзгача бир қувват берди».
Яна бир қиз шундай ёзади:
«Дард-аламларим билан боғлиқ ажойиб воқеа бўлди. Бир куни энг яқин дугонам кўнглимни ёмон оғритди. Уйга ниҳоятда тушкун ҳолатда қайтдим. Мен учун ҳаётнинг ҳеч қандай қиймати қолмагандек эди. Хонамда йиғлаб ўтирсам, отам кўриб қолиб, «Нега йиғлаяпсан, қизим?» деди. «Хафаман!!! Нима қилишни билмаяпман!» дедим.
Отам табассум қилиб, шундай деди: «Сенга зўр гап айтаман. Мана кўрасан, у сенга ёқади. Аллоҳ сенга мана шу муаммоингда ҳам, ҳаётингда дуч келадиган бошқа муаммоларда ҳам фойда беради. Қани, Қуръони Каримни ол-чи. Кўрайликчи, пайғамбарлар бошига мусибат тушганда нима қилган экан. Улардан ўрнак олмасак, кимдан оламиз? Шояд Аллоҳ таоло уларни икром қилганидек, бизни ҳам икром қилса! Қуръондан шу ҳақда нечта қисса, дуо топсанг, шунча мукофот бераман».
Отамнинг таклифи менга роса ёқиб тушди. Бошқа йўл ҳам қолмаган эди. Мукофотга ҳам қизиқиб қолдим. Бир неча кун ичида Қуръондан тўртта дуо топдик Пайғамбарлар, солиҳ зотлар мусибат келганда мана шуларни айтиб, дуо қилишган экан, шу дуолардан кейин уларга кушойиш берилган экан.
Биринчи дуо:
«Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим» (Анбиё сураси, 87-оят).
Юнус алайҳиссаломни баҳайбат балиқ ютиб юборганда шу дуони такрорлаганлар, шунда Аллоҳ у зотни қутқариб, ғам-қайғуларини аритган. Мўмин-мусулмонлар ҳам ишонч, ихлос билан шу дуони ўқиса, уларнинг ҳам ғам-ташвишлари ариши ҳақида Аллоҳ таоло ваъда берган:
«Зуннунни эсланг. Ўшанда у (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан) чиқиб кетган эди. Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон ўйлаган эди. Сўнг зулматлар ичра «Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим», деб нидо қилди. Биз бу дуони ижобат қилдик, унга ғамдан нажот бердик. Биз мўминларга ана шундай нажот берурмиз!» (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.
Қуръоний далиллар
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).
2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Ҳадисий далиллар
3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.
4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).
5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар
6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).
7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).
8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.
9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.
Салафи солиҳларнинг сўзлари
10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).
11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».
Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).
12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).
13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).
14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).
15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).
16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).
Салафи солиҳларнинг тутган йўли
17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).
18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).
19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).
20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
21. Илм йўлидаги сафарлар.
Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:
1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).
2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).
3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).
22. Дунё кезиб илм излаган олимлар
Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.
1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .
2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).
23. Фақат битта устоз эмас!
Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.
1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).
2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).
3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).
4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).
5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).
6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).
24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».
25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби
27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).
28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).
Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.
29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).
30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).
31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).
Хулоса
33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон